Александр Хомяков: Ўйиннинг барча жабҳаларида рақибга ютқаздик

«Андижон» жамоаси ўз майдонида «Локомотив»га йирик ҳисобда ютқазиб қўйганидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Александр Хомяков мағлубиятнинг сабабини қуйидагича изоҳлади:

- Бундай натижадан кейин ўйин тафсилотлари ҳақида фикр билдириш анча қийин. Биз учун мавсум тугаб бўлди, шунчаки охирини ўтказяпмиз. Афсуски, «Локомотив»га қарши учрашувда ўйлаган бирор-бир режамизни амалга ошириш насиб қилмади. Рақибга ақалли муносиб қаршилик кўрсата олганимиз йўқ. Ўйиннинг барча жабҳаларида «Локомотив»га ютқаздик, десам асло муболаға бўлмайди.

Шундай экан, рақибимизнинг ғалабаси ҳаққоний. Боя айтганимдек, мавсумнинг охирги қисмини ўтказяпмиз. Умид қиламанки, келгуси мавсумга «Андижон» ҳар томонлама – молиявий ва ўйин жиҳатлари бўйича ҳам яхши ҳозирлик кўра олади. Боз устига ҳозирда йил охирлаб қолди, футболчиларда чарчоқ аломатлари кўзга ташланяпти.

Кўпчилигининг клуб билан тузган шартномалари охирлаб қолган. Бундай пайтда футболчиларнинг диққат-эътиборини бир жойга жамлаган ҳолда тўп суришлари осон кечмайди. Чунки уларнинг хаёлида турли фикрлар чарх ураётган бўлади. Хуллас, бўлиб ўтган ўйин ҳақида изоҳ беришим қийин. Бунинг учун мени тўғри тушунишингларни сўраб қоламан, - деди Александр Хомяков.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!