Александр Хомяков: "Яхши футболчилар бизга ҳам керак"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон кубоги 2-тур доирасидаги “Бухоро” - “Нефтчи” (0:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида иштирок этди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати маълум қилди. 

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Билмадим, дуранг билан табриклаш керакми, йўқми? Чунки ғалаба қозонишни хоҳлагандик. Бугун Кубок доирасида амалдаги чемпионга қарши баҳс олиб бордик ва жуда қийин ўйинни ўтказдик. "Нефтчи" - сифати юқори жамоа, таркибида яхши футболчилар жам бўлган. Ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик, футболчиларимиз ҳаракатидан қониқдим, фақат гол уриш учун озгина омад келмади. Дуранг адолатли бўлди, деб ўйлайман. Ўйлашимча, бизда фақат битта яққол вазият бўлди, рақибда ҳам унчалик кўп бўлмади. Майдонда асосан кураш кечди.

- "Нефтчи"га қарши аксар жамоалар йирик ҳисобда мағлуб бўляпти. Лекин бугун жамоангиз дуранг қайд эта олди. Бунга сабаб водий жамоаларини яхши билганингизми ёки тасодифми?

- Мен водий жамоаларини зўр биламан, деб айта олмайман, лекин буни тасодиф ҳам демаган бўлардим. Биз ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик, эътибор берган бўлсангиз, беш нафар ҳимоячи билан ўйнадик. Таянч ярим ҳимоямизда муаммолар бор: Эсанов терма жамоага кетган, Рўзиев жароҳатини даволаш билан банд. Ҳозирги мавжуд таркибдан келиб чиқиб ҳаракат қилдик. Ҳимояда бехато ўйин кўрсатдик деб ўйлайман. Фақат ҳужумда агрессивлик етишмади.

- Футболчилар узоқ масофадан зарба бермай қўйди. Бу нима билан боғлиқ? Олдин зарбалар кўп бўларди.

-  Кўп нарса рақибнинг ўйин услубига боғлиқ. "Нефтчи" юқорида прессинг ташкил этди ва бизга зарба йўллаш имкони бермади. Лекин мен узоқдан зарба берманглар деб кўрсатма бермайман, вазият бўлдими, футболчи ўзига ишондими, зарба бериши керак. "Нефтчи" адашмасам чемпионатда учта гол ўтказди, бу эса уларнинг ҳимояси яхшилигидан дарак беради.

- Суперлигада навбатдаги баҳс ҳам "Нефтчи" билан бўлади. Рақибни ўрганиб олдингизми?

- Бу ўйингача ҳали анча вақт бор. Шу боис ҳозир ҳа, ўрганиб бўлдик десам хато гапирган бўламан. Учрашувни таҳлил қиламиз, рақибни ҳам ўрганиб чиқамиз. "Нефтчи"да бугун терма жамоанинг беш нафар футболчиси ўйнамади ва бу ҳам аҳамиятга молик. Албатта, Ўзбекистон терма жамоасига мундиалда омад тилаймиз.

- Ёзги танаффусда жамоада ўзгариш бўладими? Қайси чизиққа ўйинчилар қидиряпсиз?

- Бунинг сирли жойи йўқ, кучайтиришимиз керак бўлган чизиқлар бор. Яхши футболчилар бизга ҳам керак. Трансфер ойнаси пайтида бу борада иш олиб борамиз.

- Доминик Бегич жамоага кеч қўшилди. Унинг ўйини борасида қандай фикрдасиз?

- У учинчи мавсумни биз билан ўтказяпти. Иккинчи ҳужумчи даражасида яхши ўйин кўрсатади. Бегич ҳаракат қиляпти ва унга эътироз йўқ. Унинг голсиз серияси барҳам топишига ишонаман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!