Асосий мазмунга ўтиш

Ўзбек футболчиси билан ишлаётган испаниялик бош мураббий ишдан ҳайдалди

«Рубин» навбатдаги мағлубиятдан сўнг бош мураббий билан хайрлашди. Қозонликлар испаниялик бош мураббий Франк Артига билан шартномани бекор қилди. 

Клуб раҳбарияти ушбу қарорни Россия чемпионати 12-турида ўз майдонида «Крилья Советов»га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг қабул қилгани ҳақида расман хабар берди.

Шу тариқа, «Рубин» Россия Премьер-лигасида учинчи марта кетма-кет мағлубиятга учради. «Рубин» охирги олти турдан буён чемпионат доирасида ғалаба қозона олмаяпти. Россия чемпионатида 12 турдан сўнг қозонликлар фақат икки бор ғалаба қозонди, олти ўйинни дуранг билан якунлади ва тўрт марта мағлуб бўлди. Жамоа жами 12 очко тўплаб, турнир жадвалида 11-поғонада жойлашган. 

Франк Артига Қозон клубини 2026 йил январь ойида қабул қилиб олган эди. У билан тузилган шартнома 2027 йил ёзигача мўлжалланганди. Бундан аввал 50 ёшли мутахассис Россияда «Родина» ва «Химки» жамоаларида фаолият юритган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозов Россия чемпионатидаги фаолиятини айнан мана шу мутахассис қўл остида бошлаган эди. 

Артига ўзбек футболчисининг салоҳиятини юқори баҳолаган. 

- Ўрозов биз учун жуда яхши вариант бўлади. Жаҳонгирнинг ёши 22 да, жуда яхши жисмоний кўрсаткичларга эга ва келажакда ўсиш учун катта салоҳияти бор. 

Шубҳасиз, у жамоамизга жиддий ёрдам беради, - деган эди Франк Артига. 

«Рубин» томонидан Самарқанднинг «Динамо» жамоасидан кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олинган Жаҳонгир Ўрозов янги клубида асосий футболчилардан бирига айланди. У Премьер-лига ва мамлакат кубогида жами 11 та ўйин ўтказди.

Россия чемпионатининг навбатдаги турида «Рубин» ўз майдонида Воронежнинг «Факел» жамоасини қабул қилади. Ушбу учрашув 31 октябр куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Жамоанинг бош мураббий вазифасини энди маҳаллий мутахассис Олег Кузьмин бажаради. У аввалроқ мураббийлар штабида ассистент сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Легионеримиз клуби чемпион "Зенит"ни ҳақоратда айблади ва расмий узр сўрашни талаб қилди

Осиёда биринчи! “Пахтакор” жаҳон рейтингида 44 поғона кўтарилди

Ҳусанов жамоаси Моуриньо рекордини синдиролмай қолди

Ҳусанов даҳшат юқори балл олди!

Роналдунинг "Пахтакор"га қарши ўйинига чипталар нархи "учди"!

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Instagram'даги саҳифасига қўшилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ