Алиқулов ва Бердиев дўстликни бир четга суриб туришади ёхуд Қаршида Суперлига орзусидаги кураш

15 ноябрь куни яқинда Ўзбекистон Кубоги финалига мезбонлик қилган Қаршидаги “Марказий” стадионда энди Суперлига йўлланмаси учун про лиганинг икки клуби – “Машъал” ва “Шўртан” жамоалари плей-офф учрашувида тўқнаш келишади. Айтиш жоизки, бу плей-оффнинг дастлабки ўйини саналади. Ғолиб жамоа про лигада 3-ўринни қўлга киритган “Қўқон-1912”га қарши майдонга тушади ва ютгани Суперлигада 12-ўрин эгасига қарши ўз уйида ўйнайди ва яна ютгани келаси мавсумда элитада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Бунинг учун аввало “Машъал” ҳамда “Шўртан” ўртасида ғолибни аниқлаш лозим бўлади. Иккала клуб про лигада иштирок этган ҳолда тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқиш имкониятидан фойдалана олмадилар. Тан олиш лозим, бу борада рақобат кучли эди. Чунки “Локомотив”, “Динамо” ва “Қўқон-1912” асосий номзодлар эди ва кутилганидек учала жамоа дастлабки учликни эгаллашди. Улардан “Локомотив” билан “Динамо” аллақачон Суперлигага чиқиб бўлишди. Қўқонликлар эса плей-оффдаги рақибини кутмоқда.

маш шўр

Мавсум бошида айтилганидек, про лигада ҳатто 5-ўрин эгаси учун ҳам Суперлигада иштирок этиш имконияти мавжуд. Бунинг амалдаги ижроси сифатида Қашқадарёнинг икки жамоаси, вилоят дербиси мақомида плей-офф баҳсида кураш олиб боришади.

“Машъал” ушбу учрашувда номинал мезбон саналади. Муборакликлар про лига якуни бўйича 4-поғонани қўлга киритди. 3-ўриндаги қўқонликлардан 6 очко кам жамғарди. “Машъал” 20 та учрашувда 10 ғалаба, 4 дуранг ва 6 мағлубият қайд этди. Рақиблар дарвозасига 26 та гол урди ва ўз дарвозасидан 20 та тўп олиб чиқди ҳамда 34 очко тўплади.

маш шўр2

Ғузорнинг “Шўртан”и эса 20 та баҳснинг 7 тасида ғалаба, 5 тасида дуранг ҳамда 8 та учрашувда мағлубиятга учраб 26 очко билан 5-ўриндан жой олди. Тўплар нисбати 29\25. Аслида “Шўртан”нинг ўрнида Нукуснинг “Арал” жамоаси ҳам бўлиши мумкин эди. Иккала клубнинг очкоси тенг бўлиб қолди ва устунлик “Шўртан” томонида бўлди. Охирги турда ғузорликлар ўз майдонида “Динамо”ни 2:1 ҳисобида ютишди, “Арал” эса сафарда “Юниред” билан дуранг ўйнаб қўйди. Мана шу натижадан кейин “Шўртан” Суперлига учун курашни давом эттирадиган бўлди.

“Машъал” билан “Шўртан” клублари про лигада бу йил икки бор учрашишди. Биринчи давранинг 4-турида Ғузордаги беллашувда “Шўртан” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўшанда Муҳриддин Зоировнинг 45+2 ва 59-дақиқаларда киритган голлари мезбонларга уч очко тақдим қилган. Иккинчи даврада Муборакдаги ўйинда эса “Машъал” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Ислом Баратов ва Сергей Петровнинг голларига “Шўртан”дан Зафар Полвонов бир бор жавоб қайтарган.

Дарвоқе, бу иккала жамоанинг элитадаги ўйинлар тарихига қарайдиган бўлсак, 22 бор майдонда тўқнаш келишган. Устунлик “Машъал”да. Чунки муборакликлар “Шўртан”ни 13 та баҳсда мағлуб этган. 8 та учрашувда эса ғузорликларнинг қўли баланд келган. Фақат 1 марта дуранг кузатилган холос. Тўплар нисбати 39\19 табиийки, “Машъал” фойдасига. Жамоаларнинг кучлилар орасидаги охирги тўқнашуви 2017 йили бўлиб ўтган. Ўшанда иккала ўйинда ҳам “Машъал”нинг қўли баланд келган.

маш шўр4

Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, “Машъал” ва “Шўртан” клубларига бош мураббийлик қилаётган Асрор Алиқулов билан Анвар Бердиев бир-бири билан дўст ҳисобланадилар. Қашқадарёлик мутахассисларнинг ўртада ўзаро ҳурматлари ҳам катта. Алиқулов илгари “Шўртан” жамоасига ҳам бош мураббийлик қилганини яхши биламиз. Шу боис Асрор Чориевич собиқ клубини яхши билади. Ўз навбатида Анвар Бердиев ҳам “Машъал”ни яхши ўзлаштирган. Воҳа дербисида албатта ғолиб аниқланиши шарт. Алиқулов билан Бердиев гарчи дўст бўлишса-да, майдонда бир-бирига рақиб вазифасини бажарадилар. Иккала мураббий ҳам жамоаси билан Суперлигага чиқиш орзусида. Бунинг учун дастлабки қадам қандай ташланишини биргаликда кузатамиз.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!