Алишер Азизов яна Бангладеш чемпионатига қайтди

Ўтган мавсумни Бангладешнинг «Шейх Руссел» жамоасида ўтказган ҳамюртимиз Алишер Азизов у ердаги фаолиятини якунлаб юртимизга қайтиб келганди. Қолаверса, унинг ўзи билан суҳбатлашганимизда янги мавсумни ўзимизнинг Суперлигада ўтказиш нияти борлиги ҳақида маълум қилганди. Бироқ кейинчалик Азизовнинг режалари ўзгариб кетди.

Буни қарангки, у маълум вақт дам олганидан сўнг яна Бангладешнинг «Шейх Руссел» жамоасига қайтиб борди. Бу хабарни футболчининг ўзи ҳам тасдиқлаб ўтди. Маълум бўлишича, ҳужумчимиз гарчи ушбу клуб билан хайрлашиб қайтиб келган бўлса-да, кейин клуб раҳбариятининг фикри ўзгариб, Азизовга яна янги таклиф билан чиқишган ва музокаралардан сўнг Алишер ўзи тўп сурган жамоага қайтиб боришга розилик билдирган. Шу тариқа, ўзбекистонлик футболчи кетма-кет иккинчи мавсумни Бангладеш чемпионатида ўтказадиган бўлди.

Шунингдек, Бангладеш чемпионатида Азизовдан ташқари яна бошқа ҳамюртларимиз ҳам тўп суришга розилик билдиришди. Жумладан, ўтган йилги мавсумни Индонезиянинг «Семен Паданг» клубида ўтказган фарғоналик ҳимоячи Шукур Пўлатов эндиликда Бангладешнинг «Читтагонг Абахани» жамоаси шарафини ҳимоя қилади.

Бундан ташқари, бир неча мавсум давомида «Бухоро» шарафини ҳимоя қилиб келган ҳужумчи Акобир Тўраевга Бангладешнинг «Рахматгонж» жамоасидан таклиф тушди. Музокаралар ижобий якун топганидан сўнг Тўраев ҳам легионер сифатида Бангладешда тўп сурадиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, Акобир "Бухоро" сафида ўтган йили Суперлигада 7 та учрашувда иштирок этди, аммо рақиблар дарвозасига гол ура олмаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!