Алишер Жалилов: "Миржалол Қосимов билан суҳбатимиз менинг Ўзбекистонга келишимда муҳим роль ўйнади"

Куни кеча АГМК клуби тожикистонлик футболчи Алишер Жалиловнинг трансферини эълон қилди.

Олдиндан ушбу ўйинчини билардик ва ўйинларини ҳам кузатганмиз. Бир сўз билан айтганда, яхши футболчи. Айниқса, Тожикистон миллий терма жамоаси ва “Истиқлол” клубида ҳақиқий етакчиликни қўлга олган. Шунинг учун у ўз мамлакатида номдор футболчилардан бири.

Бу йил 29 ёшни қаршилайдиган плеймейкер фаолияти мобайнида Россия клубларида ўйнаган. Жумладан, “Рубин”, “Нефтехимик”, “Балтика” каби жамоалар учун майдонга тушган. 2019 йилда эса юртига қайтди ва “Истиқлол”га қўшилди.

Энди бемалол айтиш мумкинки, АГМК Алишер Жалиловнинг фаолиятида янги саҳифа очди. Тожикистонлик легионер расман АГМК аъзосига айланганидан кейин илк интервюсини Sports.uz сайтига берди.

- Алишер, сизни АГМК клуби билан келишувга эришганингиз билан табриклаймиз. Сизни клубга ким таклиф қилди? Умуман айтганда, бу жамоага ўтишингизнинг асосий сабаби нимада?

- Табригингиз учун раҳмат. Мени АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳамда Баҳодир Мирзаев клубга таклиф қилди. Улар менинг шу жамоада ўйнашимни хоҳлашди.

алишер6

- Айтинг-чи, “Истиқлол” клубини тарк этишни режалаштириб юрганмидингиз ёки барчаси тўсатдан юз бердими?

- Йўқ, ростини айтсам, “Истиқлол”дан кетаман, деб сира ўйламагандим. Қолаверса, жамоа билан янги мавсумга ҳозирлик кўриш учун астойдил тайёргарлик кўраётгандим. Бу жамоага кўчиб ўтаман ёки ўтмайман деб ўйладим. Лекин музокаралар анча тез давом этди ва якуний қарор қабул қилишимга тўғри келди.

- Биздаги маълумотларга қараганда, АГМК клуби сизни илгари ҳам таклиф қилган. Ўша пайтда нега рози бўлмагандингиз?

- “Истиқлол” таркибига келиб қўшилганимдан сўнг, клубни тарк этмайман, деган фикр хаёлимга ўрнашиб қолганди. Айниқса, жамоа Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритганидан кейин бу борадаги фикрим тобора қатъийлашиб борарди. Клубнинг ОЧЛдаги натижаси қандай бўларкин, деган фикр хаёлимни чулғаб олганди. Ўзингиз кўрдингиз, “Истиқлол” ОЧЛда анча яхши иштирок этди. Тўғриси, буни ўзимиз ҳам кутмагандик.

алишер3

- Миржалол Қосимов билан гаплашдингиз. У билан илк суҳбат қандай ўтди?

- Музокараларнинг энг муҳим қисми сифатида бош мураббий билан юзма-юз гаплашганимизни айта оламан. Айнан шу ҳол якуний қарорга келишимда муҳим роль ўйнади. Бош мураббий билан жамоадаги мавқеим қандай бўлиши мумкинлигини бафуржа гаплашиб олдим. Юқорида айтганимдек, АГМК устози билан ўзаро суҳбатимиз менинг Ўзбекистонга келишимда муҳим роль ўйнади.

- Тожикистон чемпионатини тарк этишингиз ўйлашимча, юртингизда яхшигина шов-шувга сабаб бўлди. Бунинг учун нима деган бўлардингиз?

- Очиғини айтсам, Ўзбекистонга кўчиб ўтиш ҳақидаги қарорни қабул қилишим осон кечгани йўқ. Аммо мен янги чақириқларни қабул қилишни ва мусобақалашишни яхши кўрадиган инсонман. Ўйлайманки, маҳаллий ишқибозларимиз менинг қароримни тўғри қабул қилишади ва футболчилик фаолиятимдаги янги босқич муваффақиятли чиқишини кутиб қоладилар. Албатта, вақти-вақти билан она ватанимга бориб тураман. Ахир мен миллий терма жамоада ҳам юрт шарафини ҳимоя қилиб келяпман. Чунки миллий терма жамоа сафида тўп суриш мен учун улкан шараф. Терма таркибига келиб қўшилганимдан кейин бор кучим билан ўйнашга ҳаракат қиламан. Бундан кейин ҳам шу руҳда давом этишни хоҳлайман.

алишер7

- Ҳамюртингиз Эхсони Паншанбе ҳам чемпионатимизга келиб ўзидан яхши таассурот қолдиряпти. Шунга яраша унинг ўз мухлислари бор. АГМК ишқибозларига нимани ваъда бера оласиз?

- Ҳар бир учрашувда максимал куч билан тўп сурган ҳолда жамоанинг натижаси ижобий кўриниш ҳосил қилишига интиламан. Клуб таркибида 100 эмас, балки 200 фоиз куч билан ҳаракат қилиб, ишқибозларимизнинг ишончини оқлашга ва уларни яхши натижалар билан қувонтиришга ваъда бераман.

- Алишер, олдингизда яна қандай таклифлар бор эди?

- Менда таклифлар кўп бўлди. Аммо шундай одамманки, шартномани ҳавола қилишгандан сўнггина бу масалада бир нарса дейишим мумкин. Қўшимча қилишим керакки, қуруқ ваъдаларга учмайман, гарчи ўша ваъдалар ҳар қандай кишининг бошини айлантириб қўядиган тақдирда ҳам.

алишер1

- Сиз худди Тожикистоннинг Одил Аҳмедови кабисиз. Бу фикрга қўшиласизми?

- Одил Аҳмедов футболчилик фаолияти давомида жуда кўп нарсаларга эришган. Мен эса энди йўлнинг бошида турибман. Боз устига ўзимни ўзбек футболининг афсоналаридан бирига қиёслашларини истамаган бўлардим. Юқорида илова қилиб ўтганимдек, ҳали менда ҳаммаси олдинда. Умид қиламанки, ўйинчилик фаолиятим давомида Одил Аҳмедов каби юқори натижаларга эриша оламан. Омадим бор экан, Одил Аҳмедов билан майдонда икки бор рўбаро келишимга тўғри келган. У жуда ҳам ажойиб тўп сурган. Чиндан ҳам Аҳмедов ўзбек футболининг афсоналаридан биридир.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!