Алишер Раҳимов: "Қувайтда Баҳодир Жалолов ҳамда Абдумалик Халаковни жуда яхши танийдилар"

  • 24 апрель, 2022, 21:22
  • 0
  • Бокс

Бир қатор ўзбекистонлик бокс мураббийлар хорижда ҳам фаолият юритмоқда. Улардан бири ўз вақтида ҳаваскор ҳамда профессионал боксда ҳам ажойиб натижалар қайд этган Алишер Раҳимовдир.

Ҳозирда ушбу мутахассис Кувайтда мураббийлик қилмоқда. Биз ушбу юртдошимиз билан боғланиб, араб мамлакатидаги фаолиятига қизиқдик. 

- Алишер ака, Кувайтда иш бошлаганингиз ҳақида эшитдик. Бироқ, терма жамоадами ёки бирор клубдалиги ҳақида маълумотга эга эмасмиз?

- Ҳа шу заминда иш бошладим. Дастлаб, "Кувайт СК" клубига таклиф этишган эди. Клуб билан натижа кўрсатганимдан кейин Кувайт бокс федерациясига таклиф этилиб, маслаҳатчи мураббий бўлишим кераклигини айтишди. Айни кунларда шу икки жойда фаолият олиб боряпман. 

- Умуман Кувайтда боксга бўлган қизиқиш қай даражада?

- Тўғрисини айтганда, бу ердагиларга бокс шунчаки хобби десам ҳам бўлади. Чунки уларда барча нарса етарли, машғулотларга ҳам хизматкорлари билан келишади. 

- Уларни қай даражада боксга янада қизиқтира олдингиз?

- Биласизми, уларни ватанпарварлик, ота-она ва бошқа мотивация берадиган идеалогиялар билан қизиқтириб бўлмаслигига ақлим етди. Улар асосан Инстаграм, Фейсбук каби ижтимоий тармоқлардаги фотоларга ишқибоз. Ҳаттоки машғулотлар жараёнида ҳам шунга эътибор беришади. Шунинг учун уларга шу жиҳатдан ўзимизнинг боксчиларга бўлган эътибор, жаҳон боксига бўлган мухлисликни сингдирдим. Натижада уларда бўлган қизиқиш ошди.

- У ерда ўзбек бокси ҳақида қай даражада билишар экан?

- Жуда яхши билишади. Баҳодир Жалолов, Абдумалик Халаковни янада яхши танийдилар.

- Профессионал бокс ҳам борми?

- Йуқ. ММА яхши ривожланган. 

- Кувайт чемпионати ҳақидаги таассуротларингиз қандай?

- Бу ерда биз каби мамлакат чемпионати ҳудудлар ўртасида эмас, клублар бўйича бўлади. Мендан аввал, "Кувайт СК" чемпионатда 2 йил натижа қила олмаган экан. Биз ишладик ва чемпионатида ўзимизни кўрсатиб, терма жамоа сафидан бир қатор шогирдларим ўрин олди. Шуни эвазига терма жамоа мураббийлар қаторидан ўрин олдим.

- Ўзбекистонга ташриф буюриб, қўшма ўқув-машғулот йиғини ўтказиш режада бордир?

- Албатта. Тез орада бу амалга ошади. Сабаби, уларнинг ўзидан ташаббус чиқди ва бизнинг юлдузларимиз билан бирга машғулотлар ўтказишга жуда қизиқишмоқда.

- Алишер ака суҳбат учун раҳмат ва ишларингизга ривож тилаб қоламиз!

- Эътибор учун сизларга ҳам ташаккур!

 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!