Аллегри "Наполи"дан учралган мағлубиятнинг асосий сабаблари ҳақида гапирди
"Милан" бош мураббийи Массимилиано Аллегри Италия Суперкубоги ярим финалида "Наполи"га қарши ўйиндан кейин (0:2) фикрларини билдирди.
— Бу ҳар икки жамоа яхши ўйнаган учрашув бўлди. Улар яхшироқ ҳимояланди ва ғалаба қозонди. Биз Кубок ва Суперкубокда мағлуб бўлдик, энди эса ўз йўлимизга қайтишимиз керак.
Ҳакамлар яхши ишлашди. Биринчи гол эпизодида биз яхшироқ ҳимояланишимиз лозим эди. Сўнгги ўйинларда жуда осон гол ўтказиб юборяпмиз, буни тузатишимиз шарт. Бу учрашувга тажриба сифатида қарашимиз керак, мағлубият биз учун ачинарли.
Бизда яхши имкониятлар бўлди, аммо жарима майдонида яхшироқ ҳаракат қилишимиз керак эди. Бундай ўйинларда барчасини хатолар ҳал қилади. Биринчи голда хато қилдик, тўпни икки марта йўқотдик — шунинг учун ҳам шундай бўлди.
Нкункуга келсак, у қаттиқ меҳнат қиляпти. Балки гол уриш унга ишонч бағишлар. У Италияда бор-йўғи уч ой бўлди, мослашиш учун вақт керак, лекин унинг сифатлари жуда муҳим ва биз улардан фойдаланишимиз шарт.
Агар учта ўйин кетма-кет икки тадан гол ўтказиб юборсак, демак ниманидир ўзгартириш керак. Келажакда тўрт нафар ҳимоячи билан ўйнаймизми? Бир ўйин уч ойлик меҳнатни йўққа чиқармаслиги керак. Фақат хотиржамлик бизга асосий мақсадга — биринчи тўртликда якунлашда ёрдам беради. Агар биз яхши натижаларга эришган бўлсак, демак бунга сабаб бор, — деди Аллегри.



Фикрлар