Ўзбекистон: Бу галги рақиб Аргентина ва Бразилияни қўрқитган жамоа!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Халқаро футбол федерацияси – ФИФАнинг янги турнири – FIFA Series 2026 мусобақасини муваффақиятли бошлаб, Габон терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Энди Фабио Каннаваро шогирдлари мусобақа доирасида иккинчи учрашувни анча жиддий рақиб – Венесуэла терма жамоасига қарши ўтказади. Венесуэлаликлар Тошкентдаги халқаро турнирнинг биринчи учрашувида Тринидад ва Тобаго терма жамоаси устидан 4:1 ҳисобида зафар қучди.
ФИФАнинг куни кеча янгиланган рейтингида қизиқ ҳолат юзага келди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси икки поғона юқорилаб, умумий рўйхатда 50-поғонадан жой олди. Бунгача бу қаторни венесуэлаликлар эгаллат турганди. Ўзгаришдан кейин Венесуэла терма жамоаси ҳам бир қатор юқорилади ва 49-қаторга жойлашди.
Венесуэла ўзбек футболчиларидан фарқли равишда 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок эта олмайди. Уларнинг мундиал саралашида кейинги босқичга чиқиш учун бир неча очко етишмади. Венесуэла саралаш турнирида Аргентина ва Бразилия билан дуранг ўйнаб, кучли рақиблардан очко олгани ўзига яраша сенсация бўлди.
Бироқ Венесуэла охирги ўйинларда уч марта кетма-кет ютқазди ва бу бош мураббий Фернандо Батистанинг ишдан кетиши билан якунланди.
Жамоани вақтинча бошқарган Освальдо Вискаррондо кейинчалик доимий равишда бош мураббий вазифасига тайинланди.
Венесуэла таркибининг қиймати тахминан 71 миллион еврони ташкил қилади. Энг қиммат футболчи — Жон Арамбуру. Шунингдек, Жефферсон Саварино ва Кристиан Касерес ҳам бор. 36 ёшли Саломон Рондон жамоанинг етакчи ҳужумчиси ҳисобланади.
Венесуэла тезкор қарши ҳужумлар, қанотлар орқали ўйин ва стандарт ҳолатларда ўта хавфли. Бироқ позицион ўйинда муаммолари бор. Янги мураббийдан прессинг, тўп назорати ва комбинацион ўйин кутилмоқда.
Ўзбекистон учун бундай ўйинда темпни назорат қилиш, сабрли бўлиш ва қанотлар орқали ҳужум қилиш муҳим бўлади.
Венесуэлага қарши кенг майдондан фойдаланиш, ҳимояни чўзиш ва зоналарга зарба бериш самарали бўлиши мумкин. Венесуэла терма жамоасида дарвозабон чизиғи эса юқори даражада эмас.
Бундан аввал, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2023 йилда Венесуэла билан учрашган ва ўша ўйин 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланган.
Ўзбекистон ва Венесуэла миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув 30 март куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
Фикрлар