Ана холос! Исроил Мадримовнинг рақиби жаҳон чемпионлик жангидан бош тортди. Мадримов билан интервьюда барчаси ошкор қилинди (интервью)

  • 30 декабрь, 2023, 11:29
  • 0
  • Бокс

Профессионал бокснинг супер ярим ўрта вазн тоифасида (69.8 кг) жанглар ўтказиб келаётган ҳамюртимиз Исроил Мадримов жаҳон чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар бўлиб турибди. У ҳозирга қадар 10 та жанг ўтказиб, 9 тасида ғалаба қозонган бўлса, битта жангда техник дуранг қайд этилган. Мадримов 27 январда жаҳон чемпионлик жангида рингга кўтарилиши керак эди. Сўнгги жараёнларга аниқлик киритиш мақсадида у билан кичик интервью ўтказдик. Қуйида батафсил танишишингиз мумкин.

- Ҳозирда Ўзбекистонда бўлиб турибсиз. Машғулотларга қай даражада эътибор беряпсиз?

- Ҳа, Ўзбекистонда бўлсакда машғулотларни тўхтатмадик. Ҳозир Янгиобод базасида Ўзбекистон терма жамоаси билан биргаликда тайёргарлик лагерини давом эттиряпман.

photo_2023-12-30_11-26-53

- Яқинда январь ойида чемпионлик жанги бўлиши ҳақида маълумот тарқалди. Бу хабар ҳозир ҳам актуалми? Бу борада қандай вазият?

- Бу нарса тўғри, январь ойи охирида Лондонда жаҳон чемпионлик камари учун жангни режалаштираётган эдик. Лекин менга рақиблик қилиши керак бўлган боксчи жангни рад этди. Ҳозирча аниқ маълумот йўқ, лекин биз жангга тайёр бўлиб туришимиз керак. Шунинг учун тайёргарлик жараёнини давом эттираверамиз.

- Жаҳон чемпионлик камари учун жангдан бош тортган боксчи номини ошкор қила оласизми? У жанг қилмаслик сабабини изоҳламадими?

- Албатта, менинг рақибим WBА рейтингида 5-ўринда бораётган британиялик Жеймс Меткалф эди. Барчаси расмий эълонга яқин қолганда бекор қилинди. У нима учун жанг қилишни хоҳламаганини эса изоҳламади. Эндиликда, рейтингида мендан кейинги ўринда турган боксчилар билак музокаралар олиб борилмоқда.

- Адашмасам бу баҳс олдинроқ бўлиши керак эди?

- Ҳа, аслида ноябрь ойида бўлиши керак эди. Лекин баъзи бир сабабларга кўра амалга ошмади. Менинг дастлабки жангларим ҳам 10 раундлик бўлган. Фаолиятимни бошлаганимданоқ чемпионларга чақириқ қилганман. Охирги 4, 5 та жангдан бери элиминатор баҳсларида рингга кўтарилиб, асосий даъвогарга айландим. Лекин ҳамон чемпионлик камари учун жанг берилмади. Мен 5-жангимдаёқ элиминаторни ютиб бунга лойиқ эканимни исботлаганман. Титул жанги берилса, ғалаба қозониб жаҳон чемпиони бўлишга қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Бу менга биринчи жангимдан буён орзу бўлиб келмоқда. Худо хоҳласа жаҳон чемпионлик жангини интизорлик билан кутаман. Рақиб ва жанг санаси аниқ бўлса бўлди. Кимлиги, қаердалиги муҳим эмас, барчасини рингга кўрсатамиз.

madrimov-wins-soro

- АҚШга қачон кетишни режалаштирмоқдасиз? Вазн борасидаги ҳолат қандай диетада бўлсангиз керак доимий?

- Қачон кетишим ҳозирча аниқ эмас. Жанг санаси аниқ бўлишига қараб кетаман. Мунтазам диетадаман. Вазн ҳолати ҳам яхши. Тайёргарлик қисмини сентябрда бошлаганман, бу ҳозиргача давом этмоқда. Диетани ҳам ушлаб турибман, вазн ҳам яхши.

- Суҳбат учун раҳмат, чемпионлик жангида омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

- Сизларга ҳам раҳмат. Қўллаб қувватлаб туринглар. Халқимиз дуоси билан албатта жаҳон чемпионлик камарини ватанимизга олиб келаман!

Жалол Ахмедов суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!