Ана холос: “Реал” кутилмаганда “Барса” юлдузини оладиган бўлди
Мадриднинг “Реал” клуби кутилмаганда ашаддий рақиб – “Барселона” етакчиларидан бири Педрини олиш ҳаракатига тушди.
Бу ҳақда Marca нашри ёзди.
Radio MARCA маълумотига кўра, журналист Роберто Гомес La Tribu дастури эфирида айнан Педри “Қироллик клуби” президенти Флорентино Перес жамоада кўришни истайдиган футболчи эканини айтган.
- Мадриднинг “Реал” жамоаси сотиб олмоқчи бўлган футболчи ва шахсан унинг президенти истайдиган ўйинчининг исми Педри, - деди Роберто Гомес жонли эфир вақтида.
Бу баёнотдан сўнг студияда дарҳол эҳтимолий трансфер муҳокамаси бошланди. Дастур бошловчиси Рауль Варела бундай трансфер ўта кам эҳтимолли эканини таъкидлади, чунки футболчининг “Барселона”даги мақоми ва икки гранд ўртасидаги принципиал рақобат муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, эфирда тарихда “Барселона” ва “Реал” ўртасида трансфелар бўлгани эсга олинди. Улар қаторида Бернд Шустер, Микель Солер, Луис Милья ва Луиш Фигу бор. Айниқса, Фигунинг трансфери ўз вақтида жаҳон футболидаги энг шов-шувлилардан бири бўлган.
Таъкидланишича, мадридликлар таркибдаги ўзгаришлар ва ярим ҳимояни янгилаш фонида марказни кучайтириш устида ишлашда давом этмоқда. Бироқ ҳозирча Педрининг эҳтимолий трансфери амалий вариантдан кўра кўпроқ истакка ўхшайди.
Жорий мавсумда Педри “Барселона”нинг асосий ўйинчиларидан бири бўлиб қолмоқда ва клуб лойиҳасининг муҳим қисми ҳисобланади.
Ушбу мавсумда испаниялик футболчи Каталония клуби сафида 38 та ўйинда иштирок этиб, 2 та гол урди ва 10 та голли узатма берди. Педрининг бозор қиймати 150 миллион еврони ташкил қилади.
Фикрлар