Ана холос! Туркияда россиялик ва украиналик футболчилар ўртасида катта муштлашув бўлди

Туркиядаги меҳмонхонада Россия ва Украина клублари футболчилари ўртасида оммавий муштлашув бўлиб ўтди.

База телеграм канали хабарига кўра, Анталияда жойлашган “Royal Seginus” меҳмонхонасида Россиянинг "Шинник" ва Украинанинг "Минай" футболчилари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлган.

Айтилишича, можаро 13 февраль оқшомида “Минай”нинг бир неча вакиллари Ярославл клуби раҳбарига яқинлашиб, ундан Украина мадҳиясини куйлашни талаб қилган пайтда бошланган. У украиналикларга буни кўчада ҳал қилишни таклиф қилди, бироқ меҳмонхона ходимлари ушбу можарони ҳал қилишга муваффақ бўлишди.

Бироз вақт ўтгач, Украина клубининг бир неча ўйинчиси Шинник футболчисини лифтда калтаклаган. Лифт полга етиб келганида, уни бир гуруҳ россиялик футболчилар кутиб олишган ва футболчилар ўртасида оммавий муштлашув келиб чиққан. Натижадамеҳмонхона ходимлари полиция ва тез ёрдам чақиришга мажбур бўлди.

Украиналик журналист Михаил Спиваковский “ТаТоТаке” телеграм каналида муштлашув ҳақидаги хабарни тасдиқлади, бироқ айни пайтда Украина мадҳиясини ижро этиш талаби туфайли можаро келиб чиқмаганини айтди.

Украинанинг YouTube’даги “Бомбардир” каналига кўра, “Минай” раҳбарияти жамоани Россия клублари билан бир меҳмонхонага жойлаштирмасликни талаб қилган, бироқ Туркиядаги зилзила туфайли меҳмонхоналар билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Натижада “Шинник” “Минай” футболчилари яшайдиган меҳмонхонага кўчиб ўтган.

Украина манбасининг қайд этишича, можарога ички вазият сабаб бўлган: россиялик футболчи маст ҳолатда бўлган ва меҳмонхона ходимларига қўпол муносабатда бўлган, “Минай” футболчиси унга танбеҳ берган, шундан сўнг улар жанжал қилишган. Кейин “Шинник” ўйинчиси жамоадошларини чақирган, шундан сўнг оммавий жанг бошланган.

Ҳозирда меҳмонхонада икки нафар полициячи ва қўшимча қўриқчилар навбатчилик қилмоқда. Қайд этилишича, футболчилар ва жамоалар вакиллари ўртасида ҳамон якка тартибдаги тўқнашувлар давом этмоқда. Муштлашув ҳақидаги маълумотни эса меҳмонхонанинг ўзи тасдиқлади.

“Шинник” клуби раҳбарияти бу вазиятни текшириб кўришларини айтди.

"Ҳозир биз тергов ўтказмоқдамиз, воқеа сабабларини аниқлаяпмиз", - деди клуб бош директори Сергей Кулаков.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!