Легионеримиз жамоаси "Манчестер Юнайтед"ни чўчитиб қўйди
Европа қитъасининг энг нуфузли мусобақа - Чемпионлар лигасининг умумий босқичида иштирокини бошлайдиган Озарбайжон чемпиони «Сабах» рақиблар учун мавҳум жамоа экани билан хввф туғдирмоқда.
10 сентябрь, пайшанба куни «Олд Траффорд»да «Манчестер Юнайтед» футболчилари «Сабах» жамоасини қабул қилади. Бу баҳс меҳмонлар учун Чемпионлар Лигасидаги илк ўйин бўлиши билан аҳамиятли. «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Кэррик Чемпионлар Лигаси биринчи туридаги рақиб ҳақида фикр билдирди.
«Энг аввало, бу жуда пухта тайёргарлик кўрган жамоа, деб ҳисоблайман. Улар тўп билан ишлашдан қўрқмайди, ҳужумларни майдоннинг барча чизиқлари орқали ривожлантиради, ўйинчилар ўртасидаги ўзаро тушуниш яхши, прессингни ҳам жамоавий ва уйғун тарзда амалга оширишади.
Шу боис биз қандай рақибга қарши майдонга тушишимизни ва қайси қийинчиликларга дуч келишимиз мумкинлигини жуда яхши тасаввур қиляпмиз», - деди Майкл Кэррик.
Бу учрашув кўпчилик мухлису мутахассислар диққат марказида турибди. Хусусан, Россия терма жамоаси таркибида 2008 йилги Европа чемпионати мусобақасининг бронза медали соҳиби бўлган Роман Павлюченко манчестерликларнинг осон ғалабасини кутмоқда. Унинг таъкидлашича, ўз майдонида ўйнайдиган манкуниянликлар камида уч бор рақиб дарвозасини ишғол этиши лозим.
«Ҳисоб йирик бўлиши мумкин — 3:0 ёки 4:1. Менимча, мезбонлар учта гол уриши шарт. Агар ўз уйингизда «Сабах»ни йирик ҳисобда мағлуб этмасангиз, унда кейинги босқичларда нималарга умид қилиш мумкинлигини тушуниш қийин», — дея таъкидлади Павлюченко журналистлар билан суҳбатда.
Таъкидлаш жоизки, «Манчестер Юнайтед» ҳали жанговар формасига киришга улгургани йўқ. Жамоа Англия чемпионатини омадсиз бошлади. Кэррик бошқарувидаги жамоа уч турда тўрт очко жамғарди ва ҳозирча Англия премьер-лигасида 11-ўринни эгаллаб турибди.
«Сабах»да эса вазият томонан бошқача. Халқаро миқёсда бу даражада илк маротаба ўйнаётган бокуликлар Чемпионлар лигасининг саралаш ва плей-офф босқичларида тўртта жамоани мусобақадан чиқариб юборди. Бундан ташқари ички чемпионатда қаторасига учта учрашувда зафар қучди.
Жамоанинг муваффақиятларида ўзбекистонлик легионер Умарали Раҳмоналиевнинг ҳам ҳиссаси катта. Хусусан, «Сабах»нинг умумий босқичга чиқиш йўлидаги саккизта учрашувнинг барчасида қатнашган Умарали биттадан гол ва ассист муаллифи бўлди. Унинг халқаро майдондаги ўйинлари хориж клублари эътиборини тортгани ҳақида маълумотлар чиқарилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Раҳмоналиевнинг ўйинидаги ўсишларни пайқаган ҳолда уни навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига жалб қилинган футболчилар рўйхатига қўшди.
«Манчестер Юнайтед» ва «Сабах» жамоалари ўртасидаги тарихий учрашув бугун Тошкент вақти билан 23:55 да бошланади.

Фикрлар