
Анасхон Раҳматов: Бразилия билан «жанг» қиламиз! (Интервью)
Хабарингиз бор, 4 ва 5 март кунлари Ўзбекистон футзал терма жамоаси Бразилия футзал термаси билан иккита ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Жанубий Америкада ўтадиган бу баҳслар олдида жамоа аъзоси – Анасхон Раҳматовни саволга тутдик.
Анасхон Бразилия терма жамоаси билан ўйин бизга нима бера олади деб ҳисоблайсиз?
- Биринчи навбатда бу улкан тажриба! Бундай ўйинларда иштирок этиш исталган футзалчи учун орзу. Рақибларимиз футзалнинг асл эгалари саналади. Техника ва тезлик борасида дунёнинг энг кучли жамоаси билан икки бор куч синашиш имконияти пайдо бўлганидан хурсандман. Бразилия сафида айни дамда сайёрамизнинг энг кучли футзалчилари ҳаракат қилмоқда. Ўйлашимча, Ўзбекистон термаси учун бу ўйинлар яхшигина мактаб вазифасини бажариб беради.
Жамоамизнинг кайфияти қандай? Бразилияга қарши ўйинларда ғалаба кутмоқдамиз?!
- Барчаси аъло даражада. Йигитлар кўтаринки кайфиятда машғулотларда иштирок этмоқда. Натижага келадиган бўлсак, албатта ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Сабаби, биз грандларга қарши ўйинларни яхши ўтказамиз. Аргентина, Португалия, Испания сингари дунё даражасидаги жамоалар билан паркетда тўқнаш келган ўйинларимиз бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Эътиборлиси, бу рақибларга қарши ўйинларни айримларида ғалаба қозонишни уддалаганмиз. Насиб қилса, Бразилия билан ҳам ишқибозларимизни хурсанд қилиш учун “жанг” қиламиз.
Иқлим билан муаммо бўлмаяптими? Ҳар ҳолда, Жанубий Америка биздан кескин фарқ қилади?
- Тўғриси, бошида жуда қийналдик. Бу ер Ўзбекистон вақти билан 8 соат фарқ қилади. Мослашиб олгунга қадар, анча қийин бўлди. Ҳозир ҳаммаси жойида. Умид қиламанки, ўйинга бошлангунича ўзимизни бундан ҳам яхшироқ ҳис этишни бошлаймиз.
Айтишларича, Бразилия терма жамоаси мухлислари энг қизиққонлар ишқибозлар саналар экан. Муҳим баҳс олдидан босим ҳис этмаяпсизларми?
- Бундай мухлислар олдида кўп бор тўп тепганмиз. Шу сабабли, аниқ айтишим мумкин. Бу ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Аксинча, тўла залда ҳаракат қилиш доим ёқимли. Ишқибозлар қайси жамоаники эканлиги иккинчи даражада масала. Асосийси, зал футзал томоша қилиш учун ташриф буюрган инсонлар билан тўлсин. Шунда, бизда ҳам ўз ўйинимизни намойиш этиш учун кучли иштиёқ пайдо бўлади.
Бразилия билан ўйинлар ўртоқлик мақомида, аммо термамиз бу баҳсга қандай ёндашди?
- Яхши савол. Барча бу шунчаки ўртоқлик ўйини деб ўйлаши мумкин. Аслида ҳам шундай, бироқ биз учун эмас. Бразилия билан ҳамма ҳам куч синашиш имкониятига эга эмас. Асосий мақсадимиз рақибларда илиқ таассурот қолдириб, уларни Тошкентга чорлаш.
Муҳим баҳс олдидан SPORTS.uz сайти ўқувчиларига фикр ёки тилакларингиз бўлса, марҳамат?!
- Ҳамма мухлисларимизга оилавий бахт ва саодат тилаб қоламан. Футзални севинг. Унга мухлислик қилинг!
Фикрлар