Анчелоттининг Неймарга боғлиқ Жаҳон чемпионати таваккали Бразилия ҳали ҳам ўз Мессисини излаётганини кўрсатади

  • 26.05.2026 21:33
  • Соғиндиқ Кенжебаев
  • 0
  • Футбол
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Енг кўп соврин ютиб, Чемпионлар лигасида тарих яратган мураббий ҳам Бразилиядаги сиёсий босимдан қоча олмади — жароҳатдан кейинги Неймарни терма жамоага олиш қарори айнан шуни кўрсатади

Неймар 18 ёшида Бразилия терма жамоасида дебют қилганида, 2010 йил Жанубий Африкадаги жаҳон чемпионатидаги мағлубиятдан кейин миллий жамоани янгилаш жараёни кетарди. Ўша пайтда Лионел Месси 23 ёшда, бутун дунё тан олган юлдуз эди. Бразилия ҳам ўз “Месси”сига эга бўлиши керак деган кайфият кучли эди. Неймар шу соядан чиқишга ҳалигача уриниб келяпти.

Карло Анчелотти келаётган жаҳон чемпионати учун эълон қилган таркибга Неймарни ҳам киритгани ҳақидаги хабар кўпчиликка Мессининг Қатардаги охирги “рақси”ни эслатди. Гўёки танаси аввалгидек эмас, аммо сўнгги бор катта саҳнага чиқиш имкони. Месси ўша финалларда 35 ёшда эди, Неймар ҳозир 34 да. Лекин ўхшашлик шу билан деярли тугайди.

Бошиданоқ Бразилияга “ўз Мессиси” керак деган фикр ҳукмрон бўлди. Бу эса жамоани бир футболчига ортиқча боғлаб қўйди, натижада ҳеч ким юта олмади. Неймар кимнидир мафтун этади, бошқаларни асабийлаштиради. У атрофида турли лагерлар ўз ҳикоясини қурди, натижада шахснинг ўзи кўздан йўқолиб қолди. Неймар тақдирида кўп эътибор берилмайдиган бир аламли жиҳат бор: у катта юлдуз бўлиши мумкин эди, аммо унга ҳеч қачон ўз табиий ўйинини эркин намоён этишга тўлиқ имкон берилмади. Образи амалдаги ўйинидан доим ортиқ бўлиб қолди.

2018 йилги жаҳон чемпионатида Бразилия Бельгияга чорак финалда ютқазганидан кейинги манзара кўп нарсадан дарак берарди. Қозондаги стадион автотураргоҳида, катта LED экран соясида, жамоа автобуси ёнида ёлғиз турган Неймар — боши эгилган, елкалари кутилган умидлар оғирлигидан пастга тушган. У бор-йўғи 26 ёшда эди, аммо шу пайтнинг ўзидаёқ унинг жаҳон чемпиони бўлиш учун энг яхши имконияти қўлдан кетгандек туюларди.

Бразилиянинг ўша ўйинда мағлубиятида Неймар айбдор эмасди. Лекин айнан унинг майдондаги роли Роберто Мартинес фойдаланган тактик заифликни яратди. Мартинес Ромелу Лукакуни ўнг қанотга суриб, Бразилиянинг “юмшоқ” чап томонига ҳар гал қарши ҳужумда зарба берди. Неймарни ўйинга мослаштириш учун ярим ҳимояда тузатишлар керак эди, аммо Бразилияда Аргентинадаги Родриго Де Паул каби мувозанатни сақлайдиган футболчи йўқ эди. Натижада номутаносиб жамоа мағлуб бўлди.

Аслида муаммо 2011 йилги Копа Америкаданоқ бошланганди. “Сантос”ни Копа Либертадоресда ғалабага етаклаган Неймар Аргентинага улкан шов-шув билан келди. Бу тўлқин уни Венесуэла ҳимоячиси Роберто Росалес билан тўқнашгунча давом этди. Росалес бошлаган ишни Парагвайлик Дарьо Верон билан икки учрашув якунига етказди. Бразилия чорак финалда учиб кетди ва рақиблар орасида тезда хабар тарқалди: Неймар ўзини алдаб ўтган, устун келган ҳимоячиларни жуда ёмон кўрар экан.

Шундан кейин ҳимоячилар уни кўпроқ тепа бошлашди, Неймар эса зарбани кутган, контактни бўрттирган, симуляция ва “шўнғиш”га кўпроқ мурожаат қила бошлади. 2010-йиллар давомида Неймарга нисбатан қўпол ўйин ва унинг олдиндан қочишга уринишлари футболдаги энг асаббузар “қуролланиш пойгаси”га айланди. Айрим ҳимоячилар: “Барибир бақириб ерга тушади, ундан кўра ростдан уриб қўйган афзал”, деган хулосага келгандек эди.

Бу жараён 2014 йилги жаҳон чемпионатида Колумбияга қарши шафқатсиз чорак финалда чўққига чиқди. Бразилия ғалаба қозонди, аммо Неймар Хуан Камило Зунингадан олган зарба оқибатида умуртқа суяги шикастини олди. Бу ҳаракат эҳтимол кўпроқ беэътиборлик ёки ортиқча қатъият натижаси эди, қасддан қилинган деб бўлмас. Лекин Неймарнинг мақоми шундай эдики, Зунинга Бразилия футбол федерацияси томонидан қораланди, ижтимоий тармоқларда нафрат тўлқинига дуч келди.

Эртаси куни Рио-де-Жанейрода кайфият ғалати сукунатга тўлганди — гўё мамлакат катта фожиани бошидан кечиргандек. Неймарсиз Бразилия тактик жиҳатдан ҳатто яхшироқ кўриниши мумкин эди, аммо битта савол ҳаммани қийнаётганди: шунча мақталган юлдузсиз Германияни қандай енгиш мумкин? “Масеҳ”сиз унинг “танланган халқи”га нима бўлади? Давид Луиз гимн пайтида Неймарнинг бўш майкасини баланд кўтариб чиқди, жамоа ва мамлакатни умумий истерия босди ва Германия бундан фойдаланиб, еттита гол урди.

Бутун бир мамлакат ўзини йўқотиб қўйди. Неймардан у бўлмаган даражадаги қаҳрамон ясалди. Бу на унга, на Бразилияга фойда берди. Орадан бир йил ўтиб, Чилидаги Копа Америка гуруҳ босқичида Колумбия футболчилари Неймарни шунчалик асабийлаштиришдики, у рақибга орқа томондан бош билан зарба бериб, майдондан ҳайдалди ва ҳakamга эътирозлари учун тўрт ўйинлик дисквалификация олди. Ҳолбуки, шунинг олдидан бир ой аввал у “Барселона”да Месси ва Луис Суарес билан бирга “Ювентус”ни финалда мағлуб этиб, треблга эришган, эҳтимол, ўз карьерасининг энг ёрқин мавсумини ўтказганди.

Икки йил ўтиб, Неймар “Барселона”нинг “Пари Сен-Жермен”га қарши машҳур камбэкида бош қаҳрамонга айланди. Бу эса парижликларни уни рекорд миқдорда сотиб олишга ундади. Неймар, эҳтимол, Мессининг соясидан чиқиш, “Олтин тўп” учун реал даъвогарга айланиш вақти келди, деб ўйлаган. Аммо амалда у “ПСЖ”нинг “Барселона”дан оладиган реванши, Қатар спорт лойиҳасининг навбатдаги босқичи учун воситага айланди. У доим бошқаларнинг орзулари ва манфаатлари учун рамз бўлиб қолди.

Месси “ПСЖ”га келганида ҳам “Барселона”даги каби буюк ҳужум чизиғини қайта яратишнинг иложи бўлмади. Месси шунчаки кетди ва жаҳон чемпиони бўлиб қайтди. Неймар эса Қатарда, Хорватияга қарши чорак финалда қўшимча дақиқаларда урган ажойиб голи билан ўзига хос “момент” яратгандек бўлди, аммо яна бир бор хорватлар матонати қурбонига айланди.

Неймар бутун карьераси давомида буюкликни қувиб келди. Агар у ёшликдаги шов-шувга тўлиқ мос келмаган бўлса, бу фақат унинг турмуш тарзи ёки интизоми билан эмас, авваламбор ўша шов-шувнинг ўзи қай даражада асоссиз ва ноодил бўлганини ҳам кўрсатади. Келаётган жаҳон чемпионати — унга қўйилган, аммо ҳануз амалга ошмаган улкан кутилмаларни оқлаш учун, эҳтимол, сўнгги имконият.

Бироқ Месси охирги жаҳон чемпионатига боришидан олдин ярим мавсумда Лига 1 ва Чемпионлар лигасида 18 ўйин ўтказиб, 10 гол урганди. Неймар эса сўнгги уч йилда лигада бор-йўғи 27 ўйинни асосий таркибда бошлаган. Жорий мавсумда у жароҳат олгунча ҳам лигада атиги 682 дақиқа майдонда бўлди, шундан кейин яна оёқ мушагидан жароҳат олди.

Уни терма жамоага чақириш — Анчелотти томонидан катта ишонч намойишими ёки Италиялик мураббий Бразилия терма жамоаси бош мураббийи сифатида сиёсий босимдан қочиб қутула олмаслигини тан олишми? Чемпионлар лигаси тарихида энг муваффақиятли мураббий саналадиган Анчелотти истеъдодга қаттиқ ишонади, аммо Неймарнинг сўнгги йиллардаги ўйини унинг танловини оқламайди.

Бу қарор мантиқий ҳисоб-китобдан кўра умидга кўпроқ таянади. Балки Неймар захирадан майдонга тушиб, ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин. Лекин бу ҳолат яна бир бор Бразилиянинг Неймарни ўз “Мессиси”га айлантиришга бўлган эҳтиёжини кўрсатади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!