"Андижон" аъзолари тиббий кўрикдан ўтди. Таркибда яна янги футболчилар бор

Ҳар гал қишки тайёргарлик йиғини олдидан жамоаларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши жуда муҳим омил ҳисобланади. Футболда соғлик энг устивор вазифалардан бири эканини яхши биламиз.

Шу мақсадда бугун “Андижон” жамоамиз аъзолари ҳам тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу жараённинг анча барвақт ташкил этилгани ҳам жуда ўринли бўлди. Масалан, кимнидир соғлигида бирор-бир муаммоси кўзга ташланса ёки шуғулланиши учун тўсқинлик қилиши мумкин бўлган қандайдир нуқсони кузатилса, шифокорлар тавсиясига кўра даволаниб олиш учун фурсат етарли бўлади.

Дукент шаҳарчасида жамоамиз жойлашган қароргоҳга пойтахтдан “UM medical center” спорт тиббиёт марказининг ихтисослашган бўлимидан бир гуруҳ шифокорлар келиб, футболчиларимизни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдилар. Худойберганов Музаффар бошчилигидаги малакали шифокорлар ҳар бир ўйинчининг саломатлиги бўйича тиббий текширувларни замонавий аппаратуралар ёрдамида олиб бордилар.

Бунда, биринчи навбатда қон таҳлиллари, чуқурлаштирилган УЗИ аппарати ёрдами қорин бўшлиғи аъзолари, автомолог (кўз шифокори) назорати, стоматолог, ЛОР (қулоқ, томоқ) кўриги, юракни функционал аппарат ёрдамида текшириш ва кардиолог назоратида футболчилар ЭКГ аппаратидан ўтказилди.

Тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида футболчиларимизда жиддий муаммолар кўзга ташланмади. Демак, бундан хулоса қилишимиз мумкинки, қишки таътил маҳалида ҳар бир футболчи дам олиш чоғида ҳам ишига профессионалларча ёндашиб ўз организмини назорат қилиб боришган.

мед14

Шунингдек, жамоамизга яна қўшилган янги футболчилар бор. Фарҳод Бекмуродов ва Сардор Азимовдан ташқари сафимизга ярим ҳимоячи – Шохруҳ Маҳмудхожиев ҳамда ҳужумчи Иброҳим Ғанихонов ҳам етиб келган. Улар ҳам бугун тиббий кўрикдан ўтдилар.

Маълумот учун, Маҳмудхожиев 2022 йилги мавсумни Тожикистоннинг “Хўжанд” жамоасида бошлаб, “Динамо” клуби якунлаган бўлса, Ғанихонов “Навбаҳор” ҳамда “Сурхон” таркибида тўп сурган.   

“Андижон” матбуот хизмати.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!