"Андижон" бош директори: "Легионерларнинг барчаси ўзлари кетишди, бирортасини ҳайдаганимиз йўқ"

  • 5 сентябрь, 22:44
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

ОЧЛ- 2 да саноқли кунлардан кейин ўз юришини бошлайдиган "Андижон", Суперлиганинг 2-даврасида анча яхши старт олганди. "Қўқон-1912"ни йирик ҳисобда енгишиб, сафарда "Насаф" билан дуранг ўйнашганди. Аммо "Пахтакор" билан ўз майдонида ва сафарда "Машъал"га қарши омадсиз беллашувлардан кейин жамоа манзили томон салбий фикрлар билдирилди.

Tecno

Халқаро майдонда муносиб иштирок эта олмасликлари ҳақидаги хавотирлар билдирила бошланди. Ҳаттоки, клубда молиявий инқироз юзага келганлиги ҳақидаги гаплар пайдо бўлди. Бироқ "Андижон" ҳозирги кунда молиявий барқарор фаолият юритаётган клублар қаторида.

Шундай бўлса-да, айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида "Футбол Экспресс" нашри клуб бош директори Элбек Саматовга мурожаат қилди. 

- "Андижон" клубида молиявий томондан умуман муаммо йўқлигини айтиб, мухлисларни тинчлантирмоқчиман. Бир ойлик маошлари қолган ва у ҳам яқин кунлар ичида тўланади. Мукофот пулларидан ҳам умуман қарздорлик қолмаган. Бу ҳақда бемалол футболчилардан сўраб, ойдинлаштириб олишингиз мумкин. Ёзги селекция жараёнида бош мураббийимиз ўзи таниган, билган ва "Пахтакор"да бирга ишлаган футболчиларга ишонишини билдирди ва Шацкихнинг талабидан келиб чиқиб иш тутдик. Клубда ташкилий йўналишда ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Кейинги икки учрашувдаги омадсиз иштирокимиз туфайли салбий фикрлар билдирилаётганлигини тушуниб турибмиз. Барча эътиборимиз ҳозирда ОЧЛ-2 мусобақасига қаратилган. "Динамо"га қарши баҳснинг қолдирилиши ҳам фойдамизга ишлашидан умидвормиз ва муносиб тайёргарлик кўриш учун қўшимча вақт юзага келди.

ОЧЛ-2 баҳсларининг ўз стадионимизда ўтадиган ўйинлари учун чипталар нархини қанча қилиб белгилаш ҳақида аниқ бир қарорга келинмади. Тахминан ҳам айта олмайман. Аввал Ашхабоддаги дастлабки турни ўтказиб олайлик, кейин аниқлаштирамиз. Раҳбарият билан мазкур масалада маслаҳатлашиб олишимиз даркор. Қолаверса ОФКнинг бу борада талай талабларига амал қилишимиз кераклиги инобатга олинади. Қайсидир секторларга умуман чипта сотилмаслиги белгиланади. 

Сафимизни тарк этган легионерларнинг барчаси ўзлари кетишни ихтиёр этишди. Бирортасини ҳайдаганимиз йўқ. Қанчалик савияли футболчи бўлишмасин, жамоада тўп тепиш иштиёқи қолмаса, ушлаб ўтиришдан фойда йўқ. Алтин Крузеу ҳам 1-даврадан кейин жамоадан кетиш истагини билдирганди. Ёрдами тегишини ўйлаб, амаллаб қолдиришга эришдик. Барибир руҳияти ижобий томонга ўзгармай, ўзидан кутилган ўйинни намойиш этавермагач, хайрлашишга қарор қилдик. Барча кетган хорижликлар билан шартнома иккала томоннинг ўзаро келишувига биноан бекор қилинди.

"Андижон" билан тузган шартномалари якунига етган Владимир Бубанья, Леван Арвеладзе ва Илдар Маматказиннинг йил бошида жамоани тарк этишлари - бош мураббийнинг қарори эди. Хомяковнинг олдига жиддий вазифалар қўйилганди ва йиллик бюджет шунга қараб кўтарилганди. Табиийки, Александр Андреевич малакали, ёш ва шижоатли ижрочилар ҳисобига таркибни шакллантиришни истади. Сўраган футболчиларини олиб берганмиз. Кейинчалик, айрим қарорлари хато бўлганлиги кўзга ташланди".

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!