"Андижон" бу борада энг яхшиси ёхуд мухлислар меҳрини қандай қозоняпти?

Про лигада қандай кураш кечаётганини кўриб турибсизлар. Суперлига чиптаси учун жамоалар ўртасида жуда жиддий интрига пайдо бўлган. Бу эса ўз-ўзидан про лиганинг даражасини кескин равишда ошишига хизмат қиляпти.

Мусобақа жадвалида “Турон” пешқадам, “Андижон” эса изма-из таъқиб этиб келмоқда ва ўртада атиги бир очко фарқ бор, холос. “Бургутлар” учун якунига етган май ойи қандай ўтди? Режалаштирилганидек, Виктор Кумиков жамоаси 4 та ўйин ўтказди. Жамоанинг ўйинлари ва ғалабалари анча кўзга кўринарли бўлиб, бу борада барчанинг эътиборини ўзига қарата олди. Айниқса, апрель ойи охирида бошланган ва сўнгги дақиқалардаги урилган ғалаба голлари туфайли “Андижон”нинг амалга оширган камбэклари айнан май ойида ҳам давом этди.

андижон уйин_1

“Бургутлар” ўтган ойда ҳам ютқазишгани йўқ. Тўртта учрашувда учта ғалаба ва бир дуранг қайд этди. Жумладан, “Бобур Арена”да “Машъал” (2:1) ҳамда “Зомин” (2:1) клублари мағлуб этилди. Сафарда “Шўртан” (0:1) ҳам тиз чўктирилди. Фақат Андижонда “Бухоро”га қарши баҳсда жамоалар 0:0 ҳисобида дуранг ўйнадилар.

4 та ўйинда “Андижон” рақиблар дарвозасига 5 та гол урди. Шунингдек, ўз дарвозасидан 2 та тўп ўтказди. Май ойида Шаҳбоз Эркинов ўз ҳисобига иккита гол ёзиб қўйди. “Машъал” ҳамда “Шўртан” дарвозаларини ишғол қилди. Шунингдек, Владимир Бубанья, Шерзод Эсонов ҳамда Горон Милойко ҳам “Андижон”нинг ғалабаларига ўз голлари билан ҳисса қўшишди. Клуб ҳали ҳам про лигада ҳозирга қадар энг оз гол ўтказган жамоа бўлиб турибди. 10 та учрашувда 7 та тўпни ўз дарвозасидан олиб чиқишди. Бошқаларнинг бу борадаги кўрсаткичи пастроқ.

010

Юқорида айтганимиздек, голлар охирги дақиқаларда киритилгани эътиборга молик. Ўша 5 та голидан 4 таси иккинчи бўлимга тўғри келади. 65, 90+3, 90+4 ва 74-дақиқаларда рақиб дарвозалари ишғол этилди. Бу нимадан дарак? Жамоа ҳамон охиригача курашиш имкониятини кўрсатаётгани ва жисмоний жиҳатдан ҳам етарли кучга эгалигини кўрсатмоқда.  

Хўш, май ойида кимда қанча сариқ карточка бўлди? Жамоанинг “Машъал”га қарши ўйинида “тоза” ўйнашгани учун ҳакам “Андижон” ўйинчиларига сариқ карточка кўрсатмади. Лекин Ғузорда “Шўртан”га қарши баҳсда “Бургутлар”нинг беш нафар аъзоси огоҳлантирилди. Жумладан, Илҳом Алижонов, Фарҳод Соҳибжонов, Шаҳбоз Эркинов, Абдувоҳид Ғуломов ва Горон Милойко бош ҳакам томонидан жазоланди. “Бухоро”га қарши учрашувда эса биргина Бубанья “сариқ”қа лойиқ ўйин кўрсатди. 10-тур доирасидаги “Зомин”га қарши баҳсда эса Милойко ҳам гол урди, ҳам ҳакамдан огоҳлантириш олди. Умумий ҳисобда ўтган ойда 6 нафар футболчи сариқ карточка билан сийланди. Фақат Горон Милойко бундай “шараф”га икки марта сазовор бўлди.

Энди томошабинлар ташрифига келсак, ҳамма вақт “Андижон”да мухлислар масаласи алоҳида мавзуга айланган. Ўтган ойда “Бобур Арена”га томошабинлар ташрифи сезиларли даражада ошди. 7 май куни “Машъал” қабул қилинган учрашувни стадионда 3125 мухлис кузатиб борди. 20 май санасида “Бухоро” меҳмон бўлган баҳсда 9273 нафар ишқибоз келди. Бу ҳозиргача энг юқори кўрсаткич бўлиб турибди. Лекин 27 майда “Зомин”га қарши ўтказилган баҳсда ҳам томошабинлар ташрифи “Бухоро” билан ўйинчалик бўлмаса-да, ҳарқалай аввалгиларига нисбатан яхши даражада бўлди. Чунки 6317 ишқибоз келди. Қолаверса, сафарда “Шўртан” билан беллашувни ҳам Ғузорда “Андижон” фан-клуби келиб қўллаб-қувватлади. Жамоа ўз ўйини ва натижалари билан мухлисларининг меҳрини қозоняпти.

аааа виктор_1

Кумиков жамоасини янги бошланган ойда учта ўйин кутяпти. Про лиганинг 11-тур доирасида 5 июнь куни сафарда “Янгиер” билан куч синашади. Ундан кейин 12-турни 12 июнь куни “Бобур Арена”да “Хоразм”га қарши ўтказса, 24 июнда Нукусда “Арал Самали” меҳмонига айланади. Навбатдаги баҳслар янада қизиқарли ўтади. Негаки, иккинчи давра бошланди ва ҳал қилувчи паллага кириб боришмоқда. Бундай пайтда ҳар бир очконинг қадри баланд.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!