Суперлиганинг учинчи туридан ўрин олган 5 та учрашув ўтказиб бўлинди. Олдинда эса яна иккита баҳс қолди. Булар – “Андижон” – “Навбаҳор” ҳамда “Локомотив” – “Бухоро” ўртасидаги қарама-қаршиликлардир. Айниқса, водий дербиси номи остида ўтадиган Андижондаги баҳсга бўлган қизиқиш катта. Чунки азалдан ушбу жамоалар ўртасида ўтадиган ўйинлар жуда шиддатли ва томошабоп руҳда ўтади. Шунинг учун ҳам иккала жамоа футболчиларидан ташқари уларнинг фан-клублари ҳам жиддий тайёргарлик кўришаётганига шубҳа йўқ. Шу боисдан муҳим баҳс олдидан “Андижон” фан-клуби раиси Нодирбек Тўйчиев билан мулоқотда бўлдик.

- Ҳамма водий дербиси иштирокидаги муҳим учрашувни интизорлик билан кутмоқда. Қолаверса, мазкур беллашувга жамоалардан ташқари мухлислар ҳам алоҳида тайёргарлик кўришаётгани сир эмас. Айтинг-чи, сизнинг бошчилигингиздаги “Андижон” фан-клуби қандай тайёргарлик кўрмоқда?

- Бу ўйин фақатгина водий дербиси бўлгани учун эмас, балки “Андижон” жамоамиз жорий йилда ўз майдонидаги илк ўйинини ҳам ўтказади ва шунинг учун биз ҳар қандай ҳолатда ҳам жиддий тайёргарлик кўрган бўлардик. Олдиндан водий клублари иштирокидаги учрашувлар ўта принципиал аҳамиятга эга бўлиб келган. Агар очилиш учрашувида бошқа рақиб келганида ҳам биз мухлислар жиддий тайёргарлик кўрган бўлардик. Табиийки, “Навбаҳор” билан ўтказиладиган беллашувда стадионда жуда чиройли муҳитни яратмоқчимиз. Насиб бўлса, стадион ишқибозлар билан тўлади деган умиддаман. Биласиз, фан-клубимизнинг 18-сектори бор. Биз эса алоҳида оқ футболкаларни тайёрлаганмиз. Катта-катта байроқларни ҳам тайёрлаб қўйганмиз. Бундан ташқари, яна бошқа тайёргарликларимиз ҳам бор. Буни фақат стадионга келганда кўрасизлар. Шунингдек, Намангандан ҳам “Навбаҳор”ни қўллаш учун кўплаб ишқибозлар келишади. Бир-биримизга эса ҳурмат эҳтиром кўрсатсак яхши бўлади. Биз ҳаммамиз Ўзбекистон фарзданларимиз, унинг фуқароларимиз. Бу эса фақат футбол ўйини холос. Ўртамизда эса албатта ҳурмат бўлади. Наманганлик ишқибозларни қарсаклар билан кутиб оламиз. Ўйлайманки, стадионда мухлислар ажойиб муҳитни яратадилар. Биз наманганлик ишқибозлар билан аҳил ва иноқ эканлигимизни бутун Ўзбекистонга кўрсатиб, ҳаммани қойил қолдиришимиз керак.

фан клуб2

- Дарҳақиқат, наманганлик мухлислар ҳам севимли жамоасини қўллаш борасида жуда фаол. Эртага ҳам “Соғлом авлод” стадиони ишқибозлар билан тўлиши ҳақиқатга яқин. Намангандан қанча мухлис келиши кутилмоқда ва улар билан ўртада севимли жамоаларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам соғлом рақобат вужудга келадими?

- Наманганда ҳам футболни жуда севишади. Стадионда мухлислар билан тўлса ва шароитлар яратилса, албатта шунга яраша ажойиб муҳитни яратмасак ҳам бўлмайди. Масалан, ўтган турда наманганлик ишқибозлар ўз стадионида ҳавас қиладиган даражадаги муҳитни яратишди. Андижон билан Наманганнинг оралиқ масофаси яқин бўлгани учун ҳам Наманганда кўплаб ишқибозларнинг келиши кутилмоқда. Улар 4000 га яқин чипталарни олиб кетишган. Ўйин чоғида андижонлик ва наманганлик фанатлар мухлислик маданиятини намойиш этишади деб умид қиламан.

- Мана, кеча “Андижон” жамоасининг мухлислари билан учрашуви бўлиб ўтди ва унда вилоят ҳокими ҳам қатнашиб футболчиларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Стадионда эса ишқибозлар томонидан яратиладиган ажойиб муҳит ва юқори кайфият эса барчага ижобий таъсир кўрсатиши аниқ...

- Кўрганингиздек, чиройли тақдимот ўтказилди. Тўғри, жамоамиз дастлабки иккита ўйинни кучли рақибларнинг майдонида ўтказиб ютқазиб қайтди. Шунга қарамай, жамоамиз ўйинида ўзгариш бор. Шу кунгача жамоа аъзоларидан қарздорликлар қолмади. Бу борада вилоят ҳокими барча шароитларни яратиб берди. Вилоятимиз раҳбари футболга жуда катта эътибор қаратяпти. Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ўзи ҳам ўйинга келиши кутиляпти ва стадиондаги муҳитни кўриб қувониши аниқ. Шунга яраша жамоамиз ғалаба қозонса бу ҳаммамизнинг кайфиятимизни кўтариб юборади.

фан клуб3

- Умуман олганда, майдонда қаттиқ кураш кечишин аниқ. Чунки “Навбаҳор” жиддий рақиб. Бу учрашувда қандай ҳисоб қайд этилиши мумкин деб ўйлайсиз?

- “Навбаҳор” кучли рақиб. Таркибида тажрибали футболчилар йиғилишган. Улар бежизга чемпионлик учун курашишмаяпти. Ўйин дербига мос тарзда зўр ўтади. Биз “Андижон” жамоамизга ишонамиз. Дастлабки ўйинларимизни кўрган бўлсангиз, жамоамиз тубдан ўзгарган. Насиб қилса, жамоамиз “Навбаҳор”га қарши баҳсда яхши натижа кўрсата олади деган умиддамиз. Биз “Андижон”нинг ғалаба қозонишига ишонамиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ахлиддин Файзуллоев
14/03/2020 22:36
Нодирбекни фикрига кушиламан. Албатта кушни вилоятлар мухлислари бир бирини хурмат килгани яхши. Имкони булса учрашиб, бир пиёла чой устида сухбатлашиб дустликни кучайтириш керак. Лекин БЕШ КУЛ БИР ХИЛ ЭМАС деганларидек мухлислар орасида эхтиросини жиловлай олмайдиганлар хам куп.

Нима булган такдирда хам уз жамоангизни куллаб кувватланг. Ракиб жамоага тил теккизманг хурматли водий дербиси мухлислари.

Хар икки жамоа мухлислари хам стадионда супер мухитни яратишади деган умиддаман.