Ads

 

«Андижон» жамоасининг бугунги рақиби - Фарғонанинг «Истиқлол» жамоасидир. Ушбу клуб яқинда ташкил этилган ва жорий мавсумда илк бор биринчи лига мусобақаларида қатнашмоқда, дея клуб матбуот ҳизмати хабар бермоқда.

Биринчи даврада Фарғонада ушбу жамоалар ўртасидаги учрашув 1:1 ҳисобида якунланганди. Навбатдаги тўқнашув эса клубларнинг ўзаро иккинчи белашуви ҳисобланади.

Айтиш керакки, «Истиқлол» ўз майдонидаги ўйинларни Фарғонадаги марказий стадион - «Истиқлол»да ўтказади. Мавсум бошида Ноил Губанов жамоага устозлик қилаётганди. Кейинчалик эса наманганлик Усмон Асқаралиев бош мураббий сифатида иш бошлади. Таркибга эса давралар оралиғида айрим ўйинчилар жалб этилди. Масалан, биринчи даврани «Андижон»да ўтказган Санжар Асқаралиев айни пайтда «Истиқлол» шарафини ҳимоя қилмоқда. Шунингдек, ҳимоячи Тимур Султонов ҳам мазкур жамоада тўп сурмоқда.

«Истиқлол» айни пайтда 19 ўйиндан 33 очко жамғариб мусобақа жадвалида «Андижон»дан кейин 6-ўринни эгаллаб турибди.