"Андижон" клуби раҳбарияти Отабек Ғуломхўжаевни нега лавозимидан озод этди? Мураббий истеъфосининг сабаблари
Бироз олдин "Андижон" жамоаси бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаевни истеъфоси ҳақида хабар берган эдик. Мутахассис истеъфоси юзасидан клуб вице президенти Дониёрбек Муллажонов клуб матбуот хизматига Ғуломхўжаев нега лавозимидан озод этилганини маълум қилди.
- «Андижон» жамоамиз ўз олдига жуда катта мақсадларни қўйган. Шу йўлда барча тиним билмай меҳнат қилмоқда.
«Андижон» биргина бизнинг эмас, балким халқнинг ҳам жамоаси ҳисобланади. Жамоа натижаси ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Мухлисларимиз жамоамиздан фақат ғалаба талаб қилади. Биз Отабек Ғуломхўжаевга вақт ва имкон бердик. Чемпионат бошида жамоани шакллантириб олиш учун ҳам шароит яратдик. Аммо жамоанинг натижаси юқорида айтиб ўтганимдек барча учун муҳим ҳисобланади. Кубок баҳслари ҳам биз учун аҳамиятли эди. Афсуски, кубокни тарк этдик.
Жамоамиздаги футболчилар барчаси кучли ва яхши даражадаги ўйинчилар ҳисобланади. Отабек Ғуломхўжаев ҳам яхши даражадаги мураббий. Бош мураббийда футболчиларга нисбатан қаттиқ қўллик етишмади, деб ўйлайман. Балким, Отабек Ғуломхўжаев кўпроқ ёш футболчилар билан ишлаганлиги сабабли йигитларга қаттиқ қўллик қилмагандир.
Гап натижа бўлмаса бош мураббий алмаштираверишда эмас, биз кўп имкон бердик. Бош мураббийнинг асосан ёшлар билан ишлагани жамоамиз ўйинида сезилиб қолди. Натижа муҳим, чунки бутун Андижон халқи севимли жамоасидан фақатгина ғалаба кутади.
Шу ўринда Отабек Ғуломхўжаевга жамоамиз учун қилган хизматига миннатдорчилик билдираман. Кейинги фаолиятида омад ёр бўлишини чин дилдан тилаб қоламан, - деди клуб вице президенти Дониёрбек Муллажонов.
Фикрлар