"Андижон" мураббийининг вазифаси ўзгарди, Дониёр бетоб, Ғуломхўжаев билан "Қизилқум"га қарши ўйин муҳокамаси ёхуд жамоа машғулотидан репортаж

Чемпионатнинг биринчи турини Навоийда “Қизилқум”га қарши ўтказиб мағлубиятга учраган “Андижон” жамоаси иккинчи турда “Сурхон” билан бўладиган учрашувга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Бугунги машғулот Бўстон даҳасидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаби майдонида бўлиб ўтди. Sports.uz мухбири ҳам “Андижон” машғулотини яқиндан кузатди.

Аввало шуни айтмоқчимизки, жамоанинг биринчи турда мағлубиятга учрагани аламли бўлди. Бу фикрни кўпчиликдан эшитдик. Қолаверса, футбол ичидаги кишиларнинг сўзларига қараганда, “Андижон” илк учрашувда ўз ўйини билан анча илиқ таассурот қолдирганини таъкидламоқдалар. Лекин футболда муҳими гол! Агар гол ура олмасангиз, ғалаба ҳам йўқ. Навоийда “Андижон” мисолида шуни кўрдик.

Жамоанинг машғулотида футболчиларнинг ишга бўлган муносабати жиддийлигини кўрдик. Отабек Ғуломхўжаев, Дониёр Усмонов ва Ёрқин Назаров футболчиларнинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб боришди. Аввалига Дониёр Усмонов футболчилар билан алоҳида ишлаган ҳолда чигал ёзди машқларини бажаришди. Сўнгра, ўйинчилар учта гуруҳга бўлинган ҳолда тўп билан ишлашди. Машғулот жараёнида ҳужумларни қандай ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу сабабли, майдоннинг ярмида футболчилар “қизиллар” ва “сариқлар”га ажратилди. Бундан мақсад бир жамоа ҳужум қилганида иккинчиси ҳимояланади. Мураббийларнинг кўрсатмалари асосида ташкил этилган ушбу машғулот анча қизиқарли кечди. Олдиндан ўйланган тактик услублар устида ишланди. Агар қайсидир ўйинчи вазиятни тўғри бажара олмаса, ўша жойнинг ўзида тўхтатилиб, мураббийлар томонидан камчиликлар кўрсатилиб, қандай ҳаракат қилиш кераклиги обдон тушунтириб берилди. Бундай жараёнга машғулот давомида икки-уч бор гувоҳ бўлдик.

Жамоасининг машғулоти давом этаётган маҳалда бош мураббий Отабек Ғуломхўжаев билан “Қизилқум” билан ўйинни муҳокама қилдик. Шу баҳонада ундан ўзимизни қизиқтирган бир қатор саволларга ҳам жавоб олдик.

отабек1_1

- Мексикалик футболчи билан чиндан музокаралар бўлганми? Бу масала бўйича нималарни айта оласиз?

- Бу масалада спорт директори ўйинчини кўриб чиқиш бўйича таклиф берди. Бу таклиф “Қизилқум”га тайёргарлик кўраётган пайтимизда бўлди. Жамоамизга яна бир ҳужумчи олиш ниятимиз бор эди. Бу борада раҳбарият билан гаплашганимда розилик билдиришганди. Ўйин услубимга мос келадиган футболчини айнан “Қизилқум” билан учрашувга тақаб менга топиб беришди. Уни кўриб чиққанимда маъқул бўлганди. Музокаралар жараёнида бизга керак бўлган ҳужжатларни футболчининг агенти вақтида етказиб бера олмади. Шунинг ҳисобига мексикаликни рўйхатдан ўтказишга улгурмадик. Шу боис “Қизилқум”га қарши ўйиндан кейин ўша ўйинчи ҳақида гапирмасликка қарор қилгандим. Менга бу ҳақда савол беришганида кайфиятим ҳам яхши эмасди. Шу боис ортиқча гапиришни истамагандим.

- Мағлубият билан якун топган баҳсдан сўнг, футболчиларингизнинг кайфияти қандай?

- Ўша ўйинни унутишга ҳаракат қиламиз. Тўғри, аламли мағлубият бўлди. Ҳамма ҳам стартни ғалаба билан бошлагиси келади. Ҳеч ким ютқазаман деб майдонга тушмайди. Агар йигитлар кўрсатмаларимизни бажармасдан пала-партиш ўйнаб туриб ютқазганимизда ўйинимиз чиқмади, деб айтган бўлардик. Ўша учрашувни қайта-қайта кўриб чиқдим. Ишонасизми, ўзимизнинг уч очкони қўлдан чиқариб юбордик. Бўлди, у ўйин эсдан чиқди. Энди “Сурхон” билан учрашувга тайёрланяпмиз.

- Бўлажак рақиб ҳақида нима дея оласиз? “Сурхон”нинг “Металлург” билан ўйинини кўрдингизми?

- Рақибни кўрдим. Аммо бу тўғрисида ҳозир гапиргим йўқ. Албатта, жиддий тайёргарлик кўрамиз. У ёғини ўйинда кўрасиз. “Сурхон”нинг биринчи ўйинини кўрдим ва ўзим учун хулосалар чиқардим.

- Андижондаги биринчи учрашув, очилиш маросими, жамоангизга қўшимча босим бўлмайдими?

- Йўқ. Навоийда ҳам ҳеч қанақа босим бўлмади. Фақат чизиқлар бўйича бироз тушунмовчилик бўлди. Бироқ бунинг ҳам сабаби бор. Аҳамият берган бўлсангиз, чемпионат бошланишига 15 кун қолганида таркибимизга Диёр Раҳимқулов, Дониёр Исмоилов, Пламен Димов, Мартин Боаке каби ўйинчилар қўшилди. Андижонда “Каганат” билан ўйинни ҳисобга олмасак, кўпчилик футболчи битта ўйин билан кифояланишди. Машғулот ўз йўлига, футболчиларнинг бир-бирини тушуниб олишлари учун яна икки-учта ўйин керак бўларди. Лекин ўйинчиларимиз профессионал. Улардан ортиқча нарса талаб қилаётганимиз йўқ. Фақат майдонда мувозанатни йўқотмаслик, тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам тезкор фикрлашни талаб қиламан. Худо хоҳласа, ғалабамизни “Сурхон” билан ўйинда бошлаб олсак, у ёғига анча-мунча жамоани қийнаймиз.

- “Қизилқум” билан баҳсда дарвозабоннинг ўйини у қадар ишончли чиқмагани ҳақида айтишяпти...

- Низомга ҳеч қандай эътирозим йўқ. АГМК сафида захира посбони бўлган. Ўринбосарлар жамоасида ўйин амалиётига эга бўлган. Умуман, дарвозабонларимиз ёш, имкон қадар барчасига имконият берамиз. Зиёвутдинов ўйинга тайёр эди. Бироз тажрибасизлиги панд берди. Пенальти белгиланган вазиятда агар чиқмоқчи бўлса, эртароқ чиқиши керак эди ёки чиқмаслик лозим эди. Айрим вазиятларда олдинроққа чиқиб кетди. Ўзимиз ҳам дарвозабон охирги ҳимоячи тактикасида ўйнадик. Рақиб уни бироз олдинга чиққанини кўргач, олисдан тепишга тушдилар. Вазиятни тўғри баҳолаб жойига қайтиб олар десам бундай бўлмади. Бу асосан биринчи бўлимдаги ҳолатлар эди. Танаффусдан кейин хотиржам ўз ишини бажарди. Дарвозамизга белгиланган пенальти бўлгунига қадар ўша жойдаги хатони қидиришимиз керак. Кимнидир айбламоқчи эмасман. Буни жамоанинг ички ҳолатида ўрганиб чиқамиз. Агар 7-дақиқадаги ҳужумимизни гол билан якунлаганимизда ва иккинчи бўлимдаги имкониятларимиздан фойдаланганимизда ўйин бошқача бўларди.

- Боаке яккама-якка вазиятда гол ура олмади. Ўйиндан кейин унга эътироз билдирдингизми?

- Йўқ, ҳеч нима демадим. Бугун-эрта Мартинни хонамга чиқариб хотиржам гаплашаман. Бу ерга келишдан аввал карантинга тушиб қолди. Жамоамизга қўшилгач, ҳеч қандай ўртоқлик ўйинисиз учта машғулотдан кейин расмий учрашувда майдонга тушди. Профессионал даражада тўпни ўзида сақлаб, якка курашларда ютиб берди. Жамоа ўйинига мослашишига ва мени нима хоҳлаётганимни тушунишига озгина вақт керак. Бирга-бир чиққан пайтида ҳар ким ўз фикрини айтиши мумкин. Нестеровни чалғитиб гол урса бўларди, деб айтсак ҳам бўлади. Лекин у ўз қарори бўйича тепди. Қолаверса, Игнатийнинг ҳам тажрибасини ҳисобга олиш керак.

- Сизнинг ўйин услубингизга майдоннинг сифати муҳим аҳамиятга эга. “Қизилқум”нинг майдони эса қониқарли эмас. Бу режангизга ҳам таъсир қилдими?

- Иккала жамоа ҳам бир хил ҳолатда ўйнади. Ортиқча баҳона излаш тўғри эмас. Телевизорда қанақа кўринганини билмайман. Барибир айрим майдонларга қараганда, у ердаги майдон ёмон эмасди. Фақат айрим жойлари кўкармаганди холос. “Қизилқум” бош мураббийи ҳам сайтингизга берган интервюсида ўқигандим, майдон ҳолатини 80 фоизга тайёр деб айтганди. У ерда футбол ўйнаса бўладиган ҳолатда эди. Майдон, футболчилар ёки ҳакамни ҳеч қачон баҳона қилиб кўрсатмайман. Ютқазганда доим айбни ўз бўйнимга оламан. Ўзимни-ўзим танқид қиламан ва бундан хулоса чиқараман.

- Жасур Жалолиддиновни қандай кўндирдингиз?

- Ҳозир эмас, кейинги суҳбатларда айтаман. Муҳими, уни юқори спорт формасига олиб чиқишимиз даркор. Жасур футболни соғинган. Аввалги ҳолатига қайтарайлик, кейин ҳаммасини айтиб бераман.

Ғуломхўжаев билан суҳбатимиз тугагач, яна айрим масалаларда ўзаро гаплашдик ва шундан кейин у яна майдонга қайтиб машғулотга қўшилди.

андижон333

Яна бир маълумот, жамоанинг мураббийлар штабида фаолият олиб бораётган Шерзод Шарипов эндиликда жамоанинг U-21 таркибига бошчилик қилмоқда. Шу боис асосий жамоанинг машғулотларини Ғуломхўжаев, Усмонов ва Назаров ўтказишди.

Шунингдек, жамоанинг умидли ўйинчиларидан бири Дониёр Абдуманнопов машғулотда кўринмади. Бунинг сабаби билан қизиққанимизда у бироз бетоб бўлиб қолгани маълум бўлди. Унинг “Сурхон” билан учрашувда майдонга тушиши борасида ҳозирча бирор нима дея олмаймиз.

“Андижон” “Қизилқум” билан ўйиндаги мағлубиятни унутган ҳолда “Сурхон”га қарши баҳсга қизғин тайёргарликни бошлади. Отабек Ғуломхўжаевнинг юқоридаги фикрларидан сезган бўлсангиз, у жамоасининг бўлажак учрашувга максимал даражада тайёрламоқда. Чунки ғалаба жуда муҳим. Ўша куни “Бобур арена”да катта аншлаг бўлиши кутилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, “Андижон”нинг ўйини турдан-турга янада яхшиланиб бориши тахмин қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2-тур доирасидаги "Андижон" - "Сурхон" учрашуви 16 март куни "Бобур арена"да соат 16:15 да бошланади.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!