"Андижон" пул ишлашнинг янги йўлини топди ёхуд клуб президенти мухлисларни қизиқтирадиган режа, таркиб ва мураббий масаласига жавоб берди

Про лигада иштирок этаётган “Андижон” ўз даражасини, мавқеини янадан юксалтириш учун янгидан-янги лойиҳаларни амалга татбиқ этиш жараёнида турибди.

Албатта, бундай вазиятда жамоанинг натижалари ва кўрсатаётган ўйини шунга мос равишда бўлиши мақсадга мувофиқ. “Андижон” эса ўзбек футболида ҳеч ким қўлламаган йўналишни танламоқда.

Клуб матбуот хизматининг “Андижон” президенти билан суҳбатида бир қатор янгиликлар ошкор қилинди.

- “Андижон” клубини акциядорлик жамиятига айлантириш ташаббуси қандай пайдо бўлди? Билишимизча, ҳали бу йўналиш ўзбек клубларида мавжуд эмас. Аслида бу ғоя кимдан чиқди?

- Футбол клубини қабул қилиб олган биринчи кунимиздан бошлаб, жамоани давлат қарамоғидан чиқариш, кимгадир боғлиқлигини йўқотиш, футбол клубини ўзини-ўзи оқлаши учун икки йилдан бери қўлимиздан келган ҳаракатларни қилиб келяпмиз. Стадионда савдо дўконлари, музқаймоқ хоналар, болаларга ўйингоҳлар ташкил қилиш ёки жамоамиз қошида йўналишдаги ҳайдовчилар учун “Андижон” футбол клубининг уюшмасини ташкил қилганмиз. Тўғри, ҳаммаси ҳам ўзини оқлагани йўқ. Лекин музқаймоқ дўконлари ёки ўйингоҳлардан тушган пул майдонни ўзини таъмирлашга, стадионда ишлайдиган 19 та ходим ойлик маошига, уюшмадан келган пул юқоридагилар каби ҳолатлардаги харажатларни қисман қоплаб турибди. Лекин қачонгача бош ҳомий ўзини фойдасидан пул тикиб келади? Ўзимизга яраша қурилишларимиз ва бошқа ишларимиз бор. Бундан ташқари, 2000 та ходимимиз ишлайди. Уларнинг маошларини бериш керак. Шуларни ўйлаган ҳолда футболни ўз маблағи, ишлаб топадиган пули бўлиши лозим. Чипталар яхши даромад олиб келадиган манба ҳисобланади. Лекин ўтган йили жамоамизни ишончсиз ўйини ва пандемиянинг таъсири сифатида чипталардан яхши пул ишлаб топа олмадик. Турли лотереялар уюштирдик, спарк машиналари ютуқ сифатида ўйналди. Аммо бу ўзини унчалик оқлагани йўқ. Бу йил про лигада иштирок этаётган бўлсак-да, чипталар сотуви қисман яхшиланди. Жамоамиз яхши ўйнаб ютиб турса, чипта нархи 15 000 сўм ва стадион тўлиб турса, чиптадан 250 ёки 300 миллион сўм ишлаб олиш мумкин. Бу маблағ мукофот пулини қоплаб кетиши мумкин. “Андижон” жамоамизнинг бир ойлик сметаси 1 миллиард 400 миллион сўм. Йиллик сметамиз эса 18 миллиард 200 миллион сўм. Бу фақат асосий жамоа билан боғлиқ эмас.

Албатта, клуб учун ётоқхонани ташкил қилганимиз ютуғимиз бўлди. Клубни ишчи-ходимларини ойлик маошлари, озиқ-овқати, сафар харажатлари, мукофот пуллари – булар асосий жамоаники. Бундан ташқари, ҳар хил тоифадаги ёшларимиз бор. Аёллар жамоамиз ҳам бор. Уларни сафар-харажатлари, кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлаш, барчасини ҳисобга олганда бир ойдаги харажатимиз 1 миллиард 400 минг сўмга тўғри келади. Биз буни қаердандир қоплашимиз керак. Яширмайман, икки йилда “Андижон” футбол клубига 31 миллиард пул сарфладик. “Макрофарм” корхонасидаги ишчилар ҳам вақтида маошларини олиши керак. Барчасини ўйладик ва халқаро тажрибалар билан ўртоқлашдик. Хориждаги клублар ўзини-ўзи оқлайди. Масалан, “Бенфика” клуби билан ҳар доим ҳамкорликдамиз. Улар очиқ акциядорлик жамиятини ташкил қилишган. Натижада ҳозирда 140 минг одам ушбу клубга эгалик қилади. Битта акция олган ҳам клуб эгаларидан бири ҳисобланади. Биз ҳам клуб акцияларини сотамиз ва ундан келган пулларни яхши бизнесга йўналтирамиз. Шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар ойда ҳисобот тақдим қилинади.

журъатбек_1

Режамиз бўйича яқин 30 миллиард сўмга акция чиқармоқчимиз. Ҳисоб-китобимиз бўйича битта акцияни нархи 5000 сўм этиб белгиланади. Биз 6 миллион дона акция чиқармоқчимиз. Ўша 30 миллиард пулни ярмини бозорга, яна ярмини энергетик сувлар йўналишига сарфласак, ҳисобимиз бўйича шу иккита йўналишдан бир ойда 2 миллиард фойда олмоқчимиз, бу биринчи босқичда. 1 миллиард 400 мингни футболга сарфласак, қолган олти юз миллион сўм акциядорлар ўртасида дивидент сифатида тақсимланади. Битта 5000 сўмга сотиб олган акциясига (хоҳласа 1000 та олиши мумкин, фақат битта акция мисолида айтяпман) бир ойда 66 сўм дивидент фойда келиб туради. Сарфлаган пули йўқ бўлиб кетмайди. Эртага бизнесимиз ривожланиб кетса, акцияларни сотиш имконияти ҳам бўлади. Нархи янада қимматлашиши ҳам мумкин. Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда биз ҳам шу йўналишни амалга татбиқ этмоқчимиз. Акциядорлик компанияга ҳужжатлар топширдик. Ҳозирдан акцияларни сотиб оламан, деганлар кўп. Дастлабки акционер ўзим бўлиб турибман. 1 миллиард 200 миллион сўмлик акция олмоқчиман. Хуллас, эртага бу халқнинг жамоасига айланади, ўз эгалари бўлади. Акциядорликка айлангач, ҳамма билан бамаслаҳат иш қилинади. Мисол учун ҳозирда клуб президенти мен бўлсам, эртага буни овоз бериш орқали сайлашади. Мураббий ва ўйинчиларни олаётганда ҳам маслаҳат қилинади. Балки футболчиларни ўзлари ҳам акцияларни сотиб олишни хоҳлар. Агар акцияларга эга бўлса, янада яхшироқ ўйнагиси келади. Чунки акцияни нархи ошишига уни ҳам қизиқиши ортади. Хуллас, бизни режаларимиз кўп ва босқичма-босқич амалга оширмоқчимиз. Ўзбекистонда биринчи бўлиб, “Андижон” футбол клубида бошламоқчимиз. Худо хоҳласа, барчаси амалга ошади, деган умиддамиз.

- Ҳақиқатда яхши ғоя. Аммо бу таваккалчилик эмасми?

- Бизнесни ўзи таваккалчиликдан иборат. Биз бу ҳақида обдон ўрганиб чиқдик. Футболчилар билан ҳам маслаҳатлашдик. Азамат Исроилов билан суҳбатда айтдики, қайсидир акцияни 5000 долларга олган ва ҳозир 7000 долларга ошган. Бу хориж акцияси эканини, пули кўпаяётган бўлса-да, уни ечиб олиш қийин бўлаётганини айтди. Ўзимизда ҳам шундай йўл танланса, ҳаммасини билиб турамиз ва мен ҳам оламан, деган гапларни айтди. Биз бу режамизни мухлисларга ҳавола қиламиз. Ишқибозлар ўтган йили бир миллион сўмга ҳам йиллик чипталар сотиб олишган. Балки уларда ҳам акцияни сотиб олишга қизиқиши пайдо бўлар. Акция – бу шунчаки қоғоз эмас. Молия вазирлигидан тасдиқланган қимматли қоғоз. Мухлислар 1 миллион сўмга йиллик чипта сотиб олгандан кўра, ўша пулга акция сотиб олиб, клубга эгалик қилишни маъқул кўрадиганлар ҳам кўп. Тўғри, бош пакет акциялари бўлади. Энг кўп акция эгаси ҳам ўзидан-ўзи иш қилмайди, кенгаш орқали маслаҳатлашиб иш кўрилади. Буни қандай сотиб оламиз, деган савол ҳам бўлиши мумкин. Клубнинг расмий саҳифалари орқали содда қилиб тушунтиришлар бериб борамиз. Картадан ёки банк орқали электрон акциялар сотиб олинади. Платформа орқали “Андижон” клуби акцияси ошгани ёки пасайгани кўриниб туради.

журъатбек1_1

- Бу қачон расман ишга туширилади?

- Молия вазирлигига тасдиқлаш учун киритилди. 1 ҳафта ёки 10 кунда акциядорлик жамияти тасдиқдан ўтади ва сотишни бошлаймиз.

- Про лигада 12 та тур ортда қолди ва “Андижон”нинг иштироки борасида қандай хулосага эга бўляпсиз?

- Тўғриси, хурсандман. Ҳа, бошида ўйинимиз қовушмаган бўлиши мумкин. Битта ютқаздик ва бу ягоналигича сақланиб қоляпти. Етакчи клубларни ютдик. Ўйинимиз ҳам шаклланиб қолди. Шу темпда давом этамиз. Рақибларни ютишимиз керак. 90 фоизга Суперлигага чиқишимиз аниқ бўлиб боряпти. Ҳозирдан жамоани кучайтириш, Суперлигада муносиб қатнашиш тўғрисида режаларимиз бошқача. Ҳаммаси моддий томонга боғлиқ. Яширмаймиз, ҳозирда ойлик маошдан қарздорлигимиз бор. Мукофот пулларини етказиб беряпмиз. Ойлик маошни футболчи истаган пайтда ёзиб туриб ҳам олиши мумкин. Мукофот пули оғзаки келишилади. Шуни вақтида беряпмиз. Моддий томонини яхшиласак, жамоага янада яхшироқ ўйинчилар келади, шароит ҳам шунга яраша бўлади. “Макрофарм” орқали ойлик маошлар тўланади ва бу пул ўз-ўзидан йўқ бўлади. Яна пул топиш керак. Акциядорлик жамиятида эса бундай бўлмайди. Ундаги пулларни сармоя сифатида шакллантирамиз. Фақат фойдасини футболга ишлатамиз. Жамоа кучайган сари акция нархлари ҳам ошади ва эртага қизиқиш ҳам кучаяди. Ҳозир иккита хусусий клуб бор, вақти соати келганда барча жамоалар барибир хусусийга ўтишга мажбур бўлади. Тўғри, “Турон” билан бизни бошимиздан қийинчилик ўтяпти. Лекин бу яхшиликка. Орадан қанчадир вақт ўтгач, биз олдинга чиқиб олган бўламиз, деб умид қиламан.

кувватов янги1

- Мухлислардан таркиб масаласида саволлар кўп келиб тушяпти. Яқинда ёзги трансфер ойнаси очилади. Бу борада режалар қандай?

- Мураббийга ҳар доим ишонганмиз. Ўйинчи танлашга бизни алоқамиз йўқ. Лекин яхши футболчиларни олиб келиш бўйича ҳам ишларни амалга оширяпмиз. Аммо катта ўзгаришлар бўлмайди. Чунки ўйинимизни топиб олганмиз. Фақат бир-иккита ижрочилар қўшилади, камчиликларимизни ўзимиз биламиз. Лекин Суперлигада муносиб қатнашиш учун ҳозирдан ҳаракатларни бошлаганмиз. Про лига тугаганидан кейин унинг якунида яхши янгиликлар бўлади.

- Шунингдек, стадион “прожектори” борасида ҳам мухлислар қизиқяпти. Бу борада ишлар қандай ҳал қилиняпти?

- Кеча Тошкентдан келдим. Шартномани олиб келдим. Бу 250 минг 136 евроли шартнома. Бу дегани 3 миллиард 50 миллион сўмлик шартнома. Бошланишига 1500 люксли бўлади. Худо хоҳласа, Осиё Чемпионлар лигасига чиқадиган бўлсак, унинг талаби 1800 люкс ва буни тезда тўғриласа бўлади. “Прожектор” масаласини вилоятимиз ҳокими тўғрилаб берадиган бўлди. Суперлигага чиқишимизда янги “прожектор”ларда кечки салқинларда ўйинлар бошланади.

- Ўтган йили “Бенфика” билан ҳамкорлик қилиш бўйича клубнинг иккита вакили Андижонга келганди. Ҳозирги келиб бу борадаги ишлар қандай?

- “Бенфика” билан кунора алоқадамиз. Ўзбекистонда иш олиб бориш жараёнлари билан чет элдаги иш жараёнлари ўртасида фарқ бор. Уларни ўзига яраша талаблари бор. 50 варақдан иборат шартнома беришган. Буни юристларимиз, мутахассисларимиз ўрганиб чиқишяпти. Худо хоҳласа, ҳамкорликни охирги нуқталарига келиб қолдик. Ҳеч нима тўхтатилмаган, яқин орада расмий шартнома эълон қиламиз. Болалар футболи, академияларимизни ривожлантиришга эътибор қаратилган, барчаси босқичма-босқич амалга оширилади.

андижон куватов1

- Акциядорлик жамиятга айлангач, айтайлик, мураббий масаласидаги қарор маслаҳатлашилади. Ёки бу борадаги якуний қарор барибир сизда қоладими?

- Овоз берилади. Барибир асосий акциядорлар эгасида асосий гап қолади. Ҳамма мухлисда ҳар хил фикр чиқади. Мураббийни алмаштиришдан осони йўқ. Мураббий ҳам жамоани ҳолатига қараб келади. Ўтган йили мураббийсиз қолганимизда ҳамма мураббийни ҳам келгиси келмади. Виктор Балютовичга раҳмат, ўшанда чақириғимизга лаббай деб жавоб берди. Кимгадир тактикаси ёқмас, аммо ўша пайтда ҳамма ҳам келмади-ку. Буни қадрлаш керак. Бир-иккита турда ўйин ўхшамасдан ишдан бўшатсак, кейин ким келади? Ҳамма нарсани тошу-тарозиси бор. Биз таклиф қиладиган футболчилар кўнглини тўқ қилишсин, “Андижон” клуби қарздор бўлиб қолмайди. Бизда ҳеч кимни пули қолиб кетмайди.

- Мухлисларга қандай гапингиз бор?

- Уларга катта раҳмат. Зўр қўллаб-қувватлашяпти, жамоага ишонч ортяпти. Барчамиз биргалашиб тарихни бирга яратяпмиз. Акциядорлик жамияти ҳам бир тарих. Киришсин, акцияга эга бўлишсин, эртага қанчадир қисмини эгасиман деб фахрланиб юради. Бу футболимиз ривожига ҳам туртки беради. Бизда ҳақиқий мухлис кўп. Моддий томонини яхшилаб олсак, бизни жамоа чемпион бўладиган клуб. Албатта, чемпион қиламиз. Мухлислармизни қўллаб-қувватлаши ва дуолари орқали ниятимизга эришамиз, Худо хоҳласа.    

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Жабборов Ахмаджон
19/06/2022 12:03
Табриклайман ва қўллаб қуватлайман ҳудо. Ҳоҳласа мен ҳам акцияларингни сотиб оламан. Йўл йўриғини кегин тушунтирарсиз.