"Андижон" ва "Анталяспор" клублари ўртасида ҳамкорликнинг янги босқичи!

Анталия шаҳрида "Андижон" футбол клуби раҳбарияти ҳамда фан-клуб раиси "Анталяспор" клуби раҳбарияти ва уларнинг фан-клуб раиси билан учрашув ўтказди. Ушбу мулоқот 2023 йилда ўтказилган илк учрашувнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда.

Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув олдидан меҳмонлар анъанавий андижонча ош билан меҳмон қилинди. Бу нафақат миллий таомларимизни намоён этиш, балки икки томон ўртасида илиқ, дўстона муҳит яратишга хизмат қилди.

Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркия Республикаси Президенти билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Шунингдек, Андижон вилояти ҳокимининг Истанбулга амалга оширган расмий ташрифи ҳам икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.

Ана шу умумдавлат даражасидаги муносабатлар замирида спорт соҳасида ҳам самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида "Андижон" клуби билан "Анталяспор" ўртасидаги музокаралар ўтказилди.

Учрашув давомида томонлар ёшлар футболи ва академиялар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, мураббийлар ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, иқтидорли футболчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди.

Айниқса, болалар-ўсмирлар футболида замонавий тайёргарлик тизимини жорий этиш, скаутинг ва селекция йўналишларида ҳамкорлик қилиш, машғулот жараёнларида илғор тажрибалардан фойдаланиш борасида аниқ таклифлар илгари сурилди.

Учрашув якунида "Анталяспор" раҳбарияти ва фан-клуби раҳбарияти Андижон шаҳрига расмий ташриф буюришга таклиф этилди. Бу ташриф доирасида "Андижон" инфратузилмаси, академия фаолияти, машғулот базалари билан яқиндан танишиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик қадамларини белгилаб олиш режалаштирилмоқда.

Бу мулоқот "Андижон" клуби учун халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ёшлар тайёргарлигини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда клуб нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Ишонч билан айтиш мумкин, "Андижон" ва "Анталяспор" ўртасида йўлга қўйилаётган ҳамкорлик нафақат икки клуб, балки икки мамлакат спорт муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!