Андижон вилояти ҳокими: Етти йилдан бери натижа кутяпман, яна қанча кутишим керак?

Хабарингиз бор, бугундан Суперлигамизнинг учинчи тур баҳсларига старт берилди. Мазкур турдаги марказий учрашувлардан бири эса Андижонда бўлиб ўтиши кўпчилик томонидан илгари сурилмоқда. Боиси, якшанба куни Андижондаги “Соғлом авлод” стадионида водий дербиси доирасида “Андижон” жамоаси Наманганнинг “Навбаҳор” клубини қабул қилади.

Александр Хомяков бошчилигидаги андижонликлар учун эса мавсум омадсиз бошланди. Боиси, дастлабки турда Тошкентда “Локомотив”га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, иккинчи турда Қаршида “Насаф” жамоасига ҳам худди шу ҳисобда имконият бой берилди. Энди эса “Бургутлар”ни олдинда яна бир жиддий синов кутиб турибди. Кўпчилик учун эса “Андижон” ҳамда “Навбаҳор” ўртасидаги учрашув катта қизиқиш уйғотмоқда.

Бугун, яъни, 13 март куни Андижондаги “Ёшлар маркази”да жамоа аъзолари билан ашаддий мухлислар ўртасида ўзига хос учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда эса Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Қўшоқбоевич Абдураҳмонов ҳам бевосита иштирок этди. Шунингдек, ОАВ вакиллари ҳамда футбол фахрийлари ҳам тадбирнинг гувоҳига айландилар. Гарчи андижонликлар дастлабки иккита турда мағлубиятга учраганларига қарамасдан маҳаллий мухлислар катта футболни соғиниб қолишгани сабабли “Ёшлар маркази”нинг зал ишқибозлар билан тўлиб тошди. Тадбир давомида фанатлар “Андижон” жамоасини тинимсиз равишда қўллаб-қувватлаб туришди. Вилоят ҳокимининг ташрифи эса мухлисларни янада жонлантириб юборди.

Олдиндан ўтиб шуни айтиш керакки, жамоанинг бунгача иккита турда мағлубиятга учрагани сабабли вилоят раҳбарининг чиқиши танқидий руҳда бошланди. Шу сабабли Шуҳратбек Қўшоқбоевич қоғозда ёзилган матнга кўп ҳам эътибор бермади ва юрагидаги гапларни гапиришга қарор қилди.   

- Авваламбор барча футбол ишқибозларини янги мавсум бошлангани билан табриклайман. Бугун барчамиз “Андижон” жамоасининг таништирув маросимини ўтказиш учун йиғилганмиз. Сизлар билан юрагимдаги гапларни гаплашиб олишимиз керак. Шу боис сизлар билан футбол ҳақида гаплашамиз. Мен доим футбол ичидаги одамлар билан мулоқотда бўламан. Шу пайтгача қайси мураббийни хоҳлашган бўлса, ҳаммасини олиб келдик. Масалан, Эдгар Гесс, Бахтиёр Ашурматов ёки бошқаларини олиб келдик, ўшанда уларни тавсия қилишганида жамоамиз кучайиб кетади дейишди, олиб келдик. Бирор марта уларнинг истакларини рад қилмадим. Нимани ва кимни хоҳлашса ўшаларни олиб келдик. Лекин қани натижа? Шунингдек, яна бир масала, бу ҳомийликдир. Албатта, “Андижон” жамоасига машина заводи ҳомий сифатида бириктирилган. Лекин ҳозирги аҳволни ҳамма билиб тургандир, машина нархларини қимматлаштирганди, завод эса қийин аҳволда. Бутун юк эса менинг бўйнимда қолиб кетди. Албатта, менга футбол керак, менга одамларнинг яхши кайфияти керак, шунинг учун жоним билан ернинг тагидан бўлса ҳам футбол учун шароит яратиб беришга тайёрман. Лекин бир нарсани тушунингларда, йўқ жойдан пул топиб, уларга берганимдан кейин мени ҳам натижа кўргим келадими? Оддий сувчига машина бердим, 150 килограмм пахта терган ишчига ҳам машина бердим. Нима, энди футболга келганда пул топа олмай қоламанми? Албатта, топаман, бироқ натижа керак.

фанат4

Албатта, вилоят ҳокимининг куюниб гапиришида ҳам жон бор. Уни ҳам натижани талаб қилишга ҳаққи бор. Юқорида ўзи айтиб ўтганидек, ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоа учун пул топиб беришга тайёрлигини билдирди. Раҳбарнинг мана шундай тарзда жонкуярлик кўрсатаётгани таҳсинга лойиқ. У Андижон вилоятининг ҳар қандай соҳада етакчилар қаторида бўлишини истайди. Табиийки, футболда ҳам “Андижон” жамоасининг муваффақиятларга эришишини Абдураҳмонов ҳар бир мухлисдан кўра минг марта кўпроқ истаётганини унинг сўзларидан билиб олиш қийин эмасди. Шунингдек, вилоят раҳбари сўзида давом этар экан, бош мураббий Александр Хомяков ҳақида ҳам гапириб, уни яна вақт сўраётганига эътибор қаратиб, бу ҳол қачонгача давом этишига ҳам тўхталди.

- Ўтган йили бош мураббий Александр Хомяковни исташди ва уни ҳам олиб келдик, бу мураббийни анча таърифлашди. Ўтган йили иш бошлагач, вақт керак дейишди. Мана, ўтган йилги вақт ҳам ўтди. Бу йил эса яна бошланди. Куни кеча гаплашсам, яна вақт керак дейишяпти. Қачон мен ҳам “Андижон” жамоамиз ютиб келди дея хурсанд бўламан? Мана, ҳозир ҳам футболчиларни олдига қопда пул билан келдим. Мана, таркибни янгилашди, ўзлари истаган ўйинчиларни олишди. Пистончини оласан, палончини олмайсан деб умуман ишларига аралашганим йўқ. Буларга эса бироз қаттиқ гапирсак хафа бўлиб қолишаркан. Спортчида иккита тайёргарлик бўлади: ҳам жисмоний, ҳам руҳий! Жисмоний тайёргарлигига мураббийи жавоб берсин. Руҳийси эса меники. Чунки руҳий тайёргарлик дегани пул дегани. Мендан пулни олишсаю, аммо ютқазиб келишиб, яна пул дейишса?!

Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида ўтган йили “Соғлом авлод” стадиони замонавий кўринишга келтирилди. Майдон чими эса бутунлай янгиланди. Бунинг учун эса салкам 17 миллиард маблағ сарфланди. Мана шундай стадионда вилоят раҳбари севимли жамоасининг уй ўйинларини кўриб, ғалабасини тантана қилишни хоҳламайди дейсизми, албатта хоҳлайди. Аммо бунинг учун футболчилар ҳам ўз ғалабалари билан ишқибозларни ва раҳбарларнинг кайфиятини кўтариши керак эмасми? Шунга қарамай, Шуҳратбек Қўшоқбоевич жамоага яна шарт-шароитлар яратиб бераётганини айтди ва шу билан бирга нима учун ўтган йили стадионга бормай қўйганига ҳам тўхталар экан, бунинг сабабини ҳам айтиб ўтди.

- Охирги пайтларда стадионга бормай қўйдим. Нимага? Уларга эсон-омон ютқазиб олдингларми деб бораманми? Мана, 5-6 миллиард сўмга клубнинг базасини ҳам реконструкция қилиб беряпман. Апрелда эса жамоага янги автобус ҳам олиб бераман. Энди келишиб олайлик, хўп мен яна қийин бўлса ҳам жамоа учун ҳамма шароитни яратиб бераман. Лекин шунга яраша булар ҳам жонини бериб, мухлисларни хурсанд қилиб ютиши керакми? Стадионга бормаганим билан жон куюктириб ўтираман, нима бўляпти экан деб. Ёрдамчимдан ҳисоб қанақа бўлаётганини сўраб тураман. Мана, кечаги куни Қаршида “Насаф” билан ўйнашди. Учрашув пайтида ҳисобни сўрасам 1:0 га ютяпмиз дейишди. Ўйин охиригача индамай тур, ютса айтасан, ютмаса айтмайсан дедим. Қарасам, жим бўлиб кетди. Кейин билсам ютқазишган экан. Майли, тушунаман, рақиблар ҳам қараб туришмайди, улар ҳам кучли, - дейди Андижон вилояти ҳокими.

фанат3

Маълум бўлишича “Андижон” клубининг ушбу мавсумдаги йиллик сметаси 17 миллиард сўмни ташкил қилар экан. Жон куйдириб гапирган вилоят ҳокими эса масаланинг ушбу томонига ҳам тўхталди. Шунингдек, яна қачонгача натижани кутиб ўтириш керак, дея жиддий равишда ўз муносабатини билдирди. Қолаверса, бошқа клубларнинг ҳам кучи ва имкониятларини яхши билган ҳолда “Андижон” жамоасини ҳеч бўлмаганда қайси ўринларда кўриш истаги борлигини ҳам маълум қилди.  

- Футболни ҳам ўзига яраша фанатлари, ҳомийлари бор. Наманганда ҳам футбол учун индамасдан пул бериб кетадиганлари бор. Бошқа вилоятларда ҳам бор. Аммо бизни Андижонда йўқ. Шунингдек, бошқа вилоят жамоаларига ҳомий қиладиган ташкилотларнинг раҳбарлари ҳам футболга мухлислик қилишади. Лекин бизда бундай эмас. Мен хасрад қилаётганим йўқ, билинглар демоқчиман. Клубнинг бир йиллик сметаси 17 миллиард сўм. Гап 17 миллион ёки бошқа рақам ҳақида эмас, балки 17 миллиард ҳақида кетяпти. Қийин бўлса-да, жамоамиз учун моддий томондан рағбатлантиришга ҳаракат қиляпман. Лекин мени ҳам натижа кўргим келади. Агар “Андижон” ютиб тураверса, пулдан умуман муаммо бўлмайди. Клубдагилардан натижани сўрасам, бунга вақт керак дейишяпти. Ахир мен буни 7 йилдан бери кутяпманку, яна қанча вақт керак? Яна қанча кутишим керак? Тушунаман, кучли жамоалар бор, мен улар билан рақобатлашиб, тенгма-тенг ўйна деяётганим йўқ. Аммо ҳеч бўлмаганда “Андижон” ҳам 5- 6-ўринларда юриши керак-да. Жамоангиз нечанчи ўринда дейишса айтгани ҳам уяламан. Ўзи ҳеч нимага қарамасдан жамоани шартта биринчи лигага тушириб, ҳадеб палон миллионга у ёки бу ўйинчини олиб келавермасдан фақат ўзимизни маҳаллий ёшлардан янгитдан жамоа ташкил қилиб ўйнатишни ўйлаб қоламан. Лекин булар йўқ, бундай қилсак мухлисларимиз хафа бўлади дейишгани учун майли деб жамоани Суперлигада ушлаб турибман. Ўтган йили шу даражада бўлдики, футболчиларга ҳаттоки, уйингдаги муаммоингни ҳам айт дедим, ерлар олиб бердим, боғлар қилиб бердим. Лекин шунча қилганларимизга қарамай, ҳеч нима бўлмагандек жамоадан кетди. Андижондан бошқа жамоаларга кетиб “кўкариб” кетганларни кўрганим йўқ. Тушунаман, спортда ғалаба билан мағлубият бўлади. Лекин ҳар доим ҳам ютқазаверилмайдида. Бизда энг яхши футбол академияси бор. Энди алоҳида шартнома қилдирдим ва бирорта бола ҳокимнинг рухсатисиз ҳеч қаерга кетмайди. Андижондан ҳам зўр-зўр иқтидорлар чиқади, аммо олдинлари уларни бошқа жамоаларга сотиб юбораверишган. Энди эса бундай бўлмайди. "Андижон"га эса омад тилайман.

хоким22

Олдинда “Андижон” жамоасини “Навбаҳор”га қарши ўта муҳим беллашув кутиб турибди. 15 март куни “Соғлом авлод” стадиони мухлислар билан тўлишига шубҳа йўқ. Чунки бу водий дербиси. Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам ушбу ўйиннинг аҳамияти қанчалик муҳим ва жиддий эканлигини яхши билиб турибди. Шу куни “Андижон” футболчилари дастлабки ғалабани қўлга киритиб, уни ўз ишқибозлари билан биргаликда нишонлашларини вилоят раҳбари чин дилдан истаётганини ҳам айтиб ўтди. Бунинг учун эса ҳоким жамоа аъзоларини моддий томондан қўллаб-қувватламоқда. Юқорида ўзи айтиб ўтганидек, спортда иккита тайёргарлик бўлади. Бири жисмоний, яна  бири руҳий. Шуҳратбек Қўшоқбоевич эса руҳий тайёргарлиги меники дея муҳим ўйин олдидан футболчиларни моддий томондан руҳлантираётгани ҳам эътиборга молик.

- Мен доим жамоамиз учун шароит яратишга тайёрман. Аммо ўзлари ҳам ишлашсинда, агар эплай олишмаса кетишсин. Мен доим сизлар учун хизмат қилишга ҳамиша тайёрман. Мен ҳеч қачон пул беришдан қочмайман. Мен фақат натижаси йўқ ўйиндан қочяпман. “Навбаҳор” билан бўладиган ўйинда ютмасликнинг иложи йўқ. Мен ҳам жамоамизнинг ғалабасини хоҳлайман. Лекин ёмонни ўйламагунча яхшиси бўлмайди деганларидек, ҳеч бўлмаганда дуранг ўйнашса ҳам мен қопда пул билан бораман. Мана, ҳозир 450 миллион пул олиб келдим. Эртага эса кечгача яна 500 миллион пул бераман, буларга. Шу кунгача футболчилардан бирорта қарз қолмайди. Худоим футболчиларимизга куч-қувват берсин. Булар натижа кўрсатишсин, мен эса моддий томондан қўллаб-қувватлайман. “Навбаҳор”ни ютадиган бўлишса, буларга зўр совға билан бораман, - дея сўзини якунлади, Шуҳратбек Қўшоқбоевич.

Албатта, вилоят ҳокимининг юрагидан айтган гаплари мухлисларни илҳомлантириб юборди. Балки бу жамоа аъзоларига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётгандир. Ўз ўрнида мухлислар, мураббийлар ва футболчилар вилоят ҳокимига кўрсатаётган эътибори ва ғамхўрлиги учун миннатдорчиликларини билдиришди. Тадбир давомида жамоа устози Александр Хомяков ҳам сўзга чиқиб, ҳар қандай раҳбар натижа талаб қилишга ҳақли эканлигини, бунинг учун эса жамоа бор куч ва имкониятини ишга солишини айтди. Бундан ташқари, жамоага бу йил яна бир қатор янги ўйинчилар ҳам жалб этилган. Фурсатдан фойдалаган ҳолда расмий равишда жамоанинг барча аъзоларига ўз футболкалари топширилди. Умуман олганда, тадбир яхши руҳда ўтди. Вилоят ҳокими жамоанинг мағлубиятларидан ранжиган ҳолда маросимга келганди, бироқ ишқибозларнинг ҳали ҳамон жонкуярлигини, уларнинг фаоллик билан жамоани қўллаб-қувватлаётганини ва ишонаётганини кўриб тадбир охиригача ҳокимнинг ҳам кайфияти кўтарилиб кетди. Шу тариқа, “Навбаҳор” билан бўладиган баҳсда вилоятнинг бош раҳбари “Андижон”нинг ижобий натижага эришишига ва мавсум давомида мухлисларини ғалабалар билан хурсанд этишига ишонч билдирди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
fc.navbahor
13/03/2020 22:28
Qopdagi puliz xam vaqti kelsa xech nima qilip berolnaydi navbahor qarap turmasa kerak
Абдусамат Жураев
13/03/2020 19:30
ТАРКИБ ЯХШИМАС АНДИЖОНИ НАВБАХОР КУЧЛИ ТАРКИБ ХАМ НОРМА МАНИМЧА ХОКИМ АЙТГАНИДЕК ДУРАНГ ХАМ АНДИЖОН УЧУН ГАЛАБА НАМАНГАН ХОКИМИ ХАМ ЖИМ ТУРМАСА КЕРАК МАНИМЧА ХИСОБ 1:2