Андижонда белбоғли кураш бўйича халқаро турнир ўтказилди
Жорий йилнинг 22-23 май кунлари Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази манежида белбоғли кураш бўйича кўплаб жаҳон ва Осиё чемпионларини тайёрлаган, спорт устаси, белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони, вилоят белбоғли кураш федерациясида ижрочи директор сифатида узоқ йиллар фаолият юритиб, юзлаб шогирдлар тайёрлашга эришган марҳум Мамасоли Исмоиловнинг ёрқин хотираси учун халқаро хотира турнир ташкил этилди.
Мазкур белбоғли кураш бўйича халқаро турнирда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, давлатларидан 200 нафарга яқин сара полвонлар саккизта вазн тоифасида ғолиблик учун кураш тушишди. Турнирда дастлаб, тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Очилиш маросимида сўз олган Андижон вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров ҳамда Андижон вилоят белбоғли кураш федерацияси раиси Рустам Тўрахоновлар марҳум Мамасоли Исмоиловнинг ҳаётлигида белбоғли курашни вилоятда ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари ҳақида тўхталиб ўтишди ва мусобақада спортчиларга омад тилашди.
Шундан сўнг турнирга старт берилди.
Муросасиз ва қизғин тарзда ўтган беллашувларда асосан мезбонларнинг қўли баланд келди ва якунда қўйдаги полвонлар ўз вазн тоифаларида чемпионликка эришишди:
- 57 кг. Камрон Ортиқов (Булоқбоши т.)
- 62 кг. Абдумалик Дилшодбеков (Олтинкўл т.)
- 68 кг. Ойбек Султонов (Асака т.)
- 75 кг. Нусратбек Султонбоев (Олтинкўл т.)
- 82 кг. Ҳусниддин Рўзиев (Олтинкўл т.)
- 90 кг. Жасур Исроилов (Олтинкўл т.)
- 100 кг. Ойбек Муҳамедов (Фарғона т.)
+100 кг. Аъзам Анваржонов (Олтинкўл т.)
Мусобақа якунига етгач, ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланишди.
Фикрлар