Андижонда жанговар ўйин. "Бобур арена" эса яна топ!

TIGGO 2 PRO

“Андижон” клуби 2025 йилда ўз майдонидаги расмий учрашувини ўтказди. Хабарингиз бор, ўтган йили чемпионат якунлангач, “Бобур арена”да реконструкция ишлари бошланганди ва ўйингача стадион янгича дизайн ва янада қулай шароитларга эга бўлган ҳолатга келтирилди.

“Насаф”га қарши ўйинни ҳамма интиқлик билан кутгани рост. Ўйиндан бир кун олдинги машғулотда мухлислар “Бобур арена”да мушакбозлик уюштирган ҳолда футболчиларни ўзгача қўллаб-қувватладилар. Айтиш керакки, “Андижон”нинг ушбу учрашувига ҳамма жиддий тайёргарлик кўрди. Фан-клуб ҳам ўзгача тайёрланди ва “Бобур арена”да ақлбовар қилмас муҳит юзага келди.

“Андижон” фан-клуби энди мутлақо бошқа даражада ва уларга Ўзбекистонда шубҳасиз ҳеч ким тенг кела олмайди. Ўйин олдидан бутун стадион қизилга бурканди. “Бобур арена” ўзининг бетакрор қўшиғини куйлади. Мухлисларнинг атмосферани “даҳшатли” даражага келтиргани ва уларнинг кучли иштиёқи ўз-ўзидан футболчиларга ҳам таъсир кўрсатди ва “Андижон” рақибга кучли босим уюштирган ҳолда ўйинни бошлади.

“Бургутлар” бирин-кетин “Насаф” жарима майдони ичида хавфли вазиятларни ярата бошлади ва якунда бу гол билан тугади. Жамоа сардори Олег Зотеев ўзининг ҳужумкорлигини кўрсатиб, жарима майдони ичида рақиблариин алдаб ўтиб, кучли зарбаси билан Абдувоҳид Неъматовни ожиз қолдирди.

Биринчи бўлим ўрталарида эса “Насаф” Суҳроб Нуруллоевнинг голи билан жавоб қайтарди. Ўйин темпи жуда баланд бўлди. Учрашув ҳарорати майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам сезилиб турди. Иккинчи бўлимда ҳам ана шундай темп сақланиб турилди. “Андижон” етакчига қарши муносиб ва кучли характер кўрсатди. Бир қатор голли имкониятларга эга бўлди. Бу ниҳоятда жанговар ўйин кечди. Тўғри, учрашув 1:1 ҳисоби билан якунланди, аммо стадионга йиғилган мухлислар ажойиб футболдан баҳраманд бўлдилар. Ўйиндан сўнг мухлислар ўйинчиларга ўзига хос тарзда миннатдорчилик билдирдилар.

 “Андижон” – “Насаф” – 1:1 (1:1).

15 март. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 17000 томошабин.

Ҳакамлар: Рустам Лутфуллин, Санжар Шоюсупов, Алишер Усмонов.

Захира ҳаками: Умиджон Раҳимжонов

ВАР: Ильгиз Танташев

АВАР: Тимур Гайнуллин

Назоратчи: Маъмур Саидқосимов

Комиссар: Муҳаммад Содиқ Содиқ-Охунов

“Андижон”: Элдор Адҳамов, Ислом Маматказин, Миомир Журичкович, Олег Зотеев, Абдулвоҳид Ғуломов, Усмонали Исмоналиев (Сардор Азимов, 87), Муҳаммадкарим Тоиров, Искандар Шойқулов (Алтин Крезиу, 57), Мирзад Механович (Илҳом Абдуғаниев, 57), Дониёр Абдуманнопов (Бектемир Абдуманнонов, 57), Рустам Турдимуродов (Ислам Машуков, 80).

“Насаф”: Абдувоҳид Неъматов, Умар Эшмуродов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Игорь Голбан (Ғолиб Ғайбуллаев, 80), Акмал Мозговой, Жавоҳир Сидиқов (Зафармурод Абдираҳматов, 80), Шароф Муҳитдинов, Суҳроб Нуруллоев (Стефан Чолович, 61), Ойбек Бозоров, Драган Черан, Хусайн Норчаев.

Голлар: Олег Зотеев, 15 – 1:0. Суҳроб Нуруллоев, 28 – 1:1.

Огоҳлантиришлар: Искандар Шойқулов, 24. Ислом Маматказин, 49 – Акмал Мозговой, 71. Шуҳрат Муҳаммадиев, 75. Зафармурод Абдираҳматов, 84. Рўзиқул Бердиев, 90+5.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!