"Андижон"да жиддий ўйин олдидан муваффақиятли "репетиция"
Олдиндан режа қилинганидек, 23 март санасида “Андижон” “Бобур Арена”да Қирғизистон U20 терма жамоасига қарши халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Суперлигамизда навбатдаги тур 28 мартдан бошланади ва “Бургутлар” 30 март куни ўз майдонида “Насаф”ни қабул қилади. Бор эътибор мазкур учрашувга қаратилгани сабабли андижонликлар бўлажак жиддий беллашув олдидан репетиция ўтказиб олдидар.
Бу ўртоқлик ўйини бўлишига қарамай, томошабоп руҳда ўтди. Стадионда қарийб 2000 мингдан зиёд мухлис тўпланди ва “Андижон”ни қўллаб турдилар. Бу худди чемпионатдаги расмий ўйинга ўхшаб кетди. Учрашувни фаол ўтказган Фарҳод Соҳибжонов 4-дақиқадаёқ ҳисобни очишга эришди. Шундан кейин ҳам мезбонларнинг хавфли ҳужумлари тўхтамади. Бир вазиятда Рустам Турдимуродовнинг хавфли зарбасини дарвозабон қайтарган бўлса, яна бир ҳолатда Соҳибжоновнинг тепган тўпи устунга тегиб қолди. Шунингдек, тиниб-тинчимас Бектемир Абдуманнонов иккинчи голни киритганди. Бироқ у ҳакамлар томонидан офсайдда деб топилди.
Иккинчи бўлим бошланишида ҳам “Андижон” яна гол урди. Захирадан майдонга туширилган Армин Бошняк Демир Имерининг аниқ пасидан сўнг 50-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди. Баҳс охирларида учинчи гол ҳам урилди. Қишда жароҳат олиб даволанган ва яна сафга қайтган иқтидорли ҳимоячи Абдураҳмон Комилов захирадан майдонга тушди ва қайтишини ажойиб голи билан нишонлади. У жарима майдони ичида тўпни ўзига қулай тарзда тўғрилади ва боши билан дарвоза тўрини нишонга олди – 3:0. Ўйиндан кейин мухлислар ҳар иккала жамоани олқишлади. Дарвоқе, учрашувни кўнгилочар "Браво" жамоаси аъзоси, Отабек Мирзахолов ҳам стадионда кузатиб борди.
Маълумки, Қирғизистон U20 терма жамоаси 20 март куни Фарғонада “Нефтчи”га қарши ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушганди ва ўшанда улар 2:3 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу сафар қирғизистонликлар “Андижон”га йирик ҳисобда имкониятни бой берди. Шу тариқа, Қирғизистон U20 терма жамоасининг Андижонда ташкил қилган ўқув-машғулот йиғини якунланди.
Александр Хомяков шогирдлари эса 30 март куни “Насаф”га қарши бўладиган муҳим учрашувга жиддий тайёрланмоқда. Юқорида тўхталганимиздек, Қирғизистон U20 термасига қарши учрашув “Андижон” учун яхши репетиция вазифасини бажарди. Мураббийнинг кўрсатмаларини майдонда бажарган ҳолда жавобсиз 3 та гол урдилар. Бу эса Суперлигадаги бўлажак ўйин олдидан футболчиларга қўшимча куч ва шижоат бағишласа ажаб эмас.
“Андижон” – Қирғизистон U20 – 3:0 (1:0).
23 март. Андижон. “Бобур Арена” стадиони.
Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Зиёдулло Абдураҳмонов, Жамшид Бакиров.
Назоратчи: Тоҳир Низомов.
“Андижон”: Игорь Литовка, Марлен Чобанов, Илдар Маматказин, Илҳом Алижонов, Сардор Азимов, Муҳаммадкарим Тоиров, Илҳом Абдуғаниев, Демир Имери, Бектемир Абдуманнонов, Фарҳод Соҳибжонов, Рустам Турдимуродов.
Захирадан майдонга тушганлар: Шаҳбоз Эркинов, Моҳир Комилов, Владимир Бубанья, Ислом Маматказин, Абдувоҳид Ғуломов, Абдураҳмон Комилов, Армин Бошняк, Суҳроб Бердиев, Суннат Абдуллажонов, Лука Згурский, Фарҳод Бекмуратов.
Қирғизистон U20: Азирет Усманалиев, Адилет Доолоткелдиев, Даниел Разулов, Сардор Нематов, Атай Эшанкулов, Фарух Касимов, Милан уулу Хамза, Рауф Асинов, Кайрат Абдирасулов, Урускелди Маданов, Кубанчбек уулу Манас.
Голлар: Фарҳод Соҳибжонов, 4 – 1:0. Армин Бошняк, 50 – 2:0. Абдураҳмон Комилов, 88 – 3:0.
Фикрлар