"Андижонлик мухлислар юксак ҳурматга сазовор, бир-иккита позицияларимизни кучайтириш лозим" - Драган Черан

“Пахтакор” Суперлиганинг 10-турида “Андижон” майдонида қийин, аммо жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. “Шерлар” сардори ва етакчиси Драган Черан учрашувга нуқта қўйган учинчи гол муаллифи бўлди. У 37 ёшида ҳам гол уришдан тўхтагани йўқ ва тўпурарлар орасида курашни давом эттиряпти.

- Авваламбор, “Андижон”га қарши ўйин ҳақида гаплашсак. Учрашув сизда қандай таассурот қолдирди?

- Андижонда қийин ўйин бўлишини биз билгандик. “Андижон” уйида ҳам яхши ўйнайди, кўп югуради ва қаттиқ курашади. Лекин таркибимизда кўп ўзгаришларга бўлганига қарамай, биз “Пахтакор” эканлигимизни кўрсатдик ва ҳақли ғалаба қозондик.

- Стадиондаги атмосфера сизга ёқдими? Ҳамма “Андижон” ишқибозларини Ўзбекистонда биринчи рақамли деб гапирадилар. Бунга қўшиласизми?

- Ҳа, бу рост. Шак-шубҳасиз Суперлигадаги энг зўр мухлислар. Улар доим стадионда гўзал атмосферани яратишади. Уларга мана шундай юқори даражада қўллаб-қувватлашда давом этишларини тилайман. Шунингдек, ўйиндан сўнг бизни олқишлаб кузатиб қўйишди, бунинг учун катта раҳмат. Андижонлик мухлислар юксак ҳурматга сазовор.

- Суперкубокдаги мағлубият “Пахтакор”га салбий таъсир кўрсатади, деб ўйлашганди. Лекин бундай бўлмади. Айтинг-чи, жамоа ўша мағлубиятдан кейин қандай руҳланди?

- Футболда асосийси, кейинги ўйинни ўйлаш керак. Ўтган ишларни ўйламасдан, тушкунликка тушмасдан фақат олдинга қараб интилиш лозим.

- “Андижон”га қарши баҳсда сиз Суперлигадаги 100-голингизни урганингизни билганмидингиз ва буни қандай қабул қилдингиз?

- Албатта, Суперлигада “Пахтакор” учун 100-голимни урганимдан жуда хурсандман. Мана шу темпда олдинга қараб ҳаракат қилишда давом этиш керак.

- Иккинчи даврада “Пахтакор” таркиби янада кучайтирилиши керак деб ҳисоблайсизми?

- Ҳа, биз рақобатдош жамоа бўлишини истасак бир-иккита позицияларимизни кучайтиришимиз лозим. Ишонаманки, раҳбариятимиз ва мураббийлар буни амалга оширишади.

- Тўпурарлар рўйхатида рақобат кўрсатяпсиз. Шу ёшингизда ҳали ҳам гол уряпсиз. Яна тўпурар бўлиш вазифангиз борми?

- Шу ёшга етиб тўпурарликда рақобат қилаётганимдан хурсандман. Бундан кейин ҳам жамоамнинг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшишга ва ёш футболчиларимизга буюк ўйинчи бўлиб етишишларига ёрдамлашаман.   

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!