"Андижон"ни кузатяпман, улар ажойиб натижаларга эриша олишига ишонаман" - Рубин Хебай Саудиядаги фаолияти ва собиқ клуби ҳақида
Ўзбек мухлисларига яхши таниш бўлган албаниялик ҳужумчи Рубин Хебайнинг Саудия Арабистонидаги фаолиятини кузатиб бораётганлар йўқ эмас. “Андижон”даги ёрқин мавсумидан кейин у Саудиянинг “Ал-Оруба” клубида ўзини қандай ҳис қиляпти? Тажрибали ҳужумчи бу борада Sports.uz сайтига интервью берди.
- Рубин, Саудия Арабистонидаги ишларингиз қандай? Сиз у ерга мослашиб бўлдингизми ёки ҳали бу жараён давом этяптими?
- Ўзимни яхши ҳис қиляпман ва анча мослашиб олдим. Охиригача Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш учун курашамиз.
- Умуман, Саудия чемпионатида бахтлимисиз?
- Ҳа, бу ердаги шароитлар ва қулайликлар билан ўзимни анча бахтли ҳис қилмоқдаман.
- Собиқ жамоангиз – “Андижон”нинг ўйинлари ҳамда натижаларини кузатиб боряпсизми?
- Албатта, мен натижаларни кузатиб боряпман ва уларнинг ишлари яхши кетаётганидан хурсандман. Умид қиламанки, жамоа шу темпда давом этади.
- “Андижон” Суперлигада 5 та турдан кейин пешқадам бўлиб турибди. Бундай стартни кутганмидингиз?
- Айтиб ўтганимдек, жуда хурсандман. Улар жамоа сифатида ажойиб натижаларга эриша олишларига ишонаман.
- Сизга Саудия Арабистонида етишмаётган жиҳат – бу мухлислар билан боғлиқ эмасми? Чунки у ердаги ўйинларингизни кузатганимизда стадионларда томошабинлар сезиларли даражада озчиликни ташкил қилаётганини кўряпмиз.
- Ҳа, биринчи дивизионда у қадар мухлислар кўп эмас. Аммо футбол сифати ва тезлиги анча юқори.
- Ҳозирча у ерда 3 та гол урдингиз. Тўпурар бўлиш учун имконият борми?
- Мен биринчи давра якунлангач, жамоага келиб қўшилдим. Ўйлайманки, тўпурарлик пойгасида пешқадам бўлиб олишга улгурмайман. Лекин ҳар бир гол квалификация учун курашишимизда катта аҳамиятга эга ҳамда жамоамга қўлимдан келганича ёрдам бераман.
- Яна Ўзбекистонга қайтиш имконияти бўлса, бундан фойдаланармидингиз?
- Бу ерда шартномам бор, лекин ҳаётда нималар бўлишини билолмайсиз.
- Дарвоқе, Саудия Арабистонида юлдуз футболчилар иштирокидаги ўйинларни кўриш учун стадионларга тушяпсизми?
- Йўқ, бунга вақтим бўлмади. Чунки улардан анча узоқдамиз ва кунда-кунора бошқа шаҳарларга учишимизга тўғри келади.
- Шунингдек, “Ал-Оруба”да 98-рақамда тўп суряпсиз. Сизга 99 ни беришмадими?
- Мен лига бошланиб бўлгач келдим. 9- ҳамда 99-рақамлар аллақачон банд қилинганди. Шунинг учун ўзим туғилган йилни танлашга қарор қилдим.
- Рубин, “Андижон” ва унинг мухлисларини соғиндингизми?
- Албатта, мен мухлисларни доим соғинаман. Шу имкониятдан фойдаланиб, уларга энг яхши тилакларимни билдираман. Улар билан фаолиятимдаги энг катта мамнунлик ҳиссини туйганман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар