"Андижон"ни тарк этган дарвозабон яна қайтарилди!
“Андижон” клубининг мавсумни кўнгилдагидек ўтказа олмаётгани фонида айрим ўзгаришлар юз бераётганини биласиз. Жамоа эса мағлубиятлар гирдобига тушиб қолган.
Клубда бош мураббий ўзгаришидан аввал асосий дарвозабон Низомиддин Зиёвутдиновга жавоб бериб юборилганди. Бунга сабаб сифатида унинг ишончсиз ўйинлари тилга олинди. Ушбу посбон “Андижон”нинг Суперлигадаги бешта учрашувида майдонга тушди ва ўз дарвозасидан 7 та тўп олиб чиққан.
Шундай қилиб, Зиёвутдинов билан хайрлашишгач, захира посбонлари – Жавоҳир Қиличев билан Жасур Умрзоқовга ишонч билдирилди. Натижада Кубокда учта ва Суперлиганинг иккита ўйинида галма-галдан дарвозага туришди.
Аммо уларнинг тажрибасизлиги “Андижон”га панд бера бошлади. Жамоанинг энг ожиз нуқтаси айнан дарвозабонлар билан боғлиқ эканлиги кўриниб турганди. "Сўғдиёна"га қарши ўйиндан кейин бош мураббий Ёрқин Назаров ҳам дарвозабонларнинг савияси Суперлига даражасида эмаслигини тан олганди.
Sports.uz маълумотига кўра, раҳбарият яна асосий посбон саналган Низомиддин Зиёвутдиновни "Андижон"га қайтаришга қарор қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, ушбу дарвозабон мавсум аввалида АГМК жамоасидан ижарага олинганди.
Фикрлар