"Андижон"ни яна қарзи қолдими? Янги базага қанча маблағ сарфланди, Козак масаласи нима бўлди ёхуд клуб вице-президенти барчасига ойдинлик киритди
“Андижон” жамоаси ўтган йили Суперлига билан хайрлашган бўлса-да, иштиёқини сўндиргани йўқ. Қайтанга, янгича шижоат ва мақсадлар билан ҳаммасини бошидан бошламоқда. Бу борада жамоа турли қийинчиликларни ҳам енгиб ўтаётганини айтиш жоиз.
Табиийки, “Бургутлар” про лигада фаворитларидан бири. Клуб хусусий тадбиркор тасарруфига ўтгач, анча-мунча ишлар қилинди ва бу ҳол давом этяпти. “Андижон”нинг имиджини ошириш бўйича жамоада жиддий ишларга қўл урилган. Қолаверса, клуб янги мавсумга Туркияда тайёргарлик кўриб келди.
Про лигада ҳам янги мавсум бошланаётгани муносабати билан “Андижон” клуби вице-президенти Жаҳонгир Нуриддинов Sports.uz мухбири билан мулоқот қилди.
Мавсумга тайёргарлик қандай ўтди?
- “Андижон” жамоасининг таркиби шаклланиши бўйича 90 фоизга қониқдим, ҳеч қайси клуб ёки соҳада 100 фоиз аниқлик бўлмаса керак, менимча. Бу йил жамоамизни имкон қадар ўтган йилги йўл қўйган хатолардан хулоса чиқарган ҳолатда яхши танлов жиҳатлари билан шакллантиришга ҳаракат қилдик. Хабарингиз бор, бу йилги мавсум учун ҳам ўтган йилги бош мураббийимиз Виктор Балютович Кумиков билан шартномани яна узайтирдик. У жуда катта тажрибага эга малакали мураббий. Бизга жамоада қолиб, ўтган йилги салбий натижани сабабчиларидан бири бўлиб қолганлиги ва бу унинг фаолиятидаги энг мудҳиш натижалигини айтди ва бу йил жамоани Суперлигага олиб чиқаман, дея ўз олдига катта мақсад қўйган. Шунингдек, Ўзбекистон кубогида муносиб иштирок этиб, яхши натижа қилиш режасида. Қандай мураббийлигимни исботлаб қўяман, деган мақсад билан келди. Бу йилги мавсумга тайёргарликни ўтган йилнинг декабрь ойидан бошлаганмиз. Янги мавсум учун тайёргарлик режамизни 4 босқичдан иборат тарзда ишлаб чиққандик. Лекин ПФЛ томонидан про лиганинг эрта бошланиши режаларимизни ўзгартириб юборди. Мусобақани мартнинг охири ёки апрелнинг бошларига старт олади, деб ўйлагандик ва шунга яраша режалаштиргандик. Йиғинимизнинг охири 21 март куни якунланадиган эди. Лекин биз бу вазиятдан ҳам чиқиб кетдик. 21 кунлик йиғин ташкил қилиш учун Хонободга чиқиб кетдик. У ерда футболчилар максимал даражада жисмоний юкламаларни олди. Иккинчи босқични Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказдик. Шакллантираётган жамоамизни қайси томонлама заиф ва устун жиҳатлари борлигини кўриб олишимиз керак эди. Шунинг учун Туркия йиғинини ташкил қилдик. У ерда кимлар билан ўйнаганимиздан хабарингиз бор. Имкон қадар яхши савиядаги рақиблар билан ўйнашга ҳаракат қилдик. Биз бу йиғинга 19-20 ёшли футболчиларни ҳам олиб кетдик. Тўғри, улар асосий таркибга киритилмаган, аммо мотивация бериш мақсадида ёшларни ҳам ўзимиз билан сафарга олиб бордик. Туркияда асосий жамоамиз 4 та ўйин ўтказган бўлса, ёшларимиз 2 та баҳсда қатнашди. Бу йиғинда натижа бизга муҳим эмасди. Асл мақсадимиз шаклланган жамоамизнинг кучли ва кучсиз нуқталарини кўриб олиш эди. Йиғин давомида ўтказилган ўйинлардан, футболчилар ҳаракатидан мураббийни кўнгли тўлди. Бу ҳақда ўзи менга маълум қилди ва бу мавсумда про лига мусобақаларида муносиб иштирок этиб раҳбарият томонидан қўйилган олий режа ижросини таъминлаб, Суперлигага қайтиш учун максимал ҳаракат қилинишини айтди. Шаҳбоз Эркинов, Илдар Маматказин каби футболчилар ёшларга мотивация беряпти, уларни руҳлантиряпти. Бу йилги вазифамиз 100 фоиз Суперлигага қайтиш. Ўтган йилги хатолардан тегишли хулоса чиқардик. Жамоамиз ҳозирда 90 фоизга шаклланди.
Қарздорликлар
Шу пайтгача қарздорлик бўйича ҳаммаси бўлиб 2 миллиардга яқин пул сарфланди. Ҳозирги кунда ўтган йилги айрим футболчи ва мураббийлардан қарийб 400 миллионга яқин қарздорлигимиз бор. Лекин 2 миллиардга яқин қарздорликни ёпганимиздан кейин ҳам ФИФА томонидан таъқиқ қўйилди. 2015 йилда ўйнаган ўйинчи билан боғлиқ эди. У билан гаплашсам, аввалги қарзни ҳал қилганимиз учун клуб раҳбариятидан миннатдорман, аммо бу сафаргисидан мени хабарим йўқ, деб айтди. Таъқиқ қўйилишида футболчининг вакили (агенти) ҳаракат қилган. Ўйинчи олдидаги қарздорлик вақтида (2015 йилда) ҳал қилинмаган. Шунинг учун тегишли тартибда компенсацияни ундириб бериш бўйича улар мурожаат қилишган. Худога шукр, клубимиз президенти бу сафар ҳам қарзни ёпишда ёрдам кўрсатиб, ўша таъқиқни олиб ташланишида жонбозлик кўрсатди. Ҳозирги 400 миллион қарзимиз мавжуд ва бу қазрдорликлар мавсумни якунига етказмаган ва иш жараёнида нопрофессионал ҳаракатлар қилган футболчи ва мураббийлардан. Ушбу қарздорликларни инкор қилмаймиз, уларни ҳам босқичма-босқич узамиз.
Қарздорликни бартараф этиш учун бўйича нега муддат сўрадик? Биласиз, “Андижон” футбол клубимиз учун база қурдик. Жорий йилнинг 4 март куни ушбу базамизни очилиши бўлди. Шунингдек, асосий майдонимиз ҳисобланмиш “Бобур арена” майдонида ҳам қисман реконструкция ишларини олиб боряпмиз. Майдон холати бўйича ўтган мавсумда айтилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳам шуғулланяпмиз. Шу каби ҳаражатлар билан бўлиб қолганимиз учун қарздорликларни ёпиш масаласини озроқ кечиктириш учун муддат сўраб мурожаат қилдик. Ҳозирда бизда молиявий масалаларда танқислик йўқ, секин аста ҳаммаси ўз жойига келмоқда. Жорий йилнинг 1 июнига қадар қарздорликлардан қутилиш бўйича ишлар олиб бориляпти.
Клуб ҳаммасидан қутилдими?
- Куни кеча ПФЛ раҳбарияти билан қарздорлик масаласи бўйича гаплашгандим. Улар ҳам "шу билан энди қарзлар ёпиладими?", деб сўрашди. 2021 йилдан кейинги ҳолат бўйича чиндан ҳам қарзлар ҳал қилинади. Лекин эски йиллар учун бир нима дея олмайман. Чунки ёмғирдан кейинги қўзиқорин сингари кутилмаганда қаердандир яна бошқа қарздорликлар чиқиб қоляпти. Худо хоҳласа, ўша эски қарздорлик бўйича 90 фоизга ҳаммасини ҳал қилдик, деб ўйлайман.
Козак масаласи
- Ҳа, Владимир Козак жамоамизга қўшилганди. У ажойиб ўйинчи. Биласизми, биз футболчи билан барчасини келишиб қўйгандик ҳамда янги мавсумни жамоамизда бошлашга ва биринчи давра якунига кадар ўйнашга тайёр эди. Бироқ кутилмаганда унинг агенти қўнғироқ қилиб, Козак билан шартнома имзоланаётганида 2 ойдан кейин кетиши мумкин, деган бандни киритиб қўйишимизни сўради. Лекин бу талаб бизга тўғри келмасди. Чунки футболчини икки ой ёхуд 5 та тур учун ололмасдик. Акс ҳолда битта ўрнимиз бўш бўлиб қоларди. Шу сабабдан футболчи билан дўстона хайрлашдик.
Янги база ҳақида
- Янги базамиз учун бош ҳомийимиз тарафидан қарийб 4 миллиардга яқин ўз маблағларидан пул сарфланди. Базани Бўстонда ташкил қилишимиздан мақсад ҳам барча қулай шароитларни яратиш. Бу ерда футболчиларни ўз устида ишлашлари учун ҳамма нарса муҳайё. Майдонлар ҳам шу ерда. Яна бир режамизга кўра, янги базамизда сунъий майдон ҳам қурмоқчимиз. Мақсадимиз Андижон футболини юксалтириш, имиджини ошириш. Бу мақсадимиздан осонликча воз кечмаймиз. Мухлисларимизга доим қўллаб-қувватлаётганлари учун катта раҳмат. Раҳбарият ҳам ҳамиша ёрдамини аямаяпти. Бундан ташқари, ЎФА ҳамда ПФЛнинг жамоамизга ёрдам кўрсатаётганидан миннатдормиз.
Фикрлар