"Андижон"нинг янги уйи ҳақида нималарни биласиз?

  • 17 Jun 23:13
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Football
CHERY AUTO

“Андижон” футбол клуби учун янги қароргоҳ барпо этилди ва бу кун жамоа ҳамда унинг мухлисларр учун муҳим сана бўлиб қолади. Ўтган йилнинг октябрь ойида қурилиши бошланган обьект шу йилнинг июнь ойига келиб тўлиқ кўринишга келтирилди. Табиийки, унинг очилиш маросими чинакамига байрамона муҳитни акс этди.

Tecno

Тадбирда ўзгача шукуҳда ўтди. Шахсан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди. Шунингдек, клуб базасининг очилишида клуб бош ҳомийси –“Узавтосаноат” раҳбарияти, ўзбек футболи асфоналари – Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов, Ўзбекистон футзал ассоциацияси президенти Бекзод Маматқулов, ЎзПФЛ вакиллари, таниқли шарҳловчилар – Хайрулла Ҳамидов ва Даврон Файзиев, вилоят футболи фахрийлари, нуронийлар, жамоат вакиллари, мухлислар, асосий ва ёшлар жамоалари, ОАВ вакиллари иштирокида ўтган ушбу очилиш маросими жуда кўтаринки кайфиятда ўтди.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқиб, мана шундай замонавий, барча шароитларга эга бўлган базанинг барпо этилиши юзасидан хурсандчилигини яширмади ва бунинг учун “Узавтосаноат” раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди. Қолаверса, Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов ва Бекзод Маматқулов ҳам “Андижон” жамоаси ва мухлисларини мана шундай ажойиб қароргоҳ билан табрикладилар.

Жамоанинг янги базаси Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида умумий майдони 4,5 гектарни ўз ичига олади. Бу ўзининг боҳаво иқлими билан ҳам ажралиб туради, чунки ҳудуд атрофида “Шахрихонсой” оқиб ўтади.

Футбол қароргоҳида уч қават бино қад ростлаган, ер тўласи билан. Унда асосий жамоа билан U21 жамоаси истиқомат қилади. Жами 114 кишига мўлжалланган.

Шунингдек, у ерда замонавий кўринишдаги сауна-бассейн барпо қилинган. Унинг хажми 17х7 метр.

Бассейнда алоҳида ювиниш хонаси, турк ҳаммом, пархона, жакузи ва музхона мавжуд. Бинонинг ер тўласида эса иккита тренажёр зали жойлашган.

Қолаверса, ер тўлада шунингдек, алоҳида мини ўйингоҳ ҳам яратилган ва шу билан бирга машғулот майдонига чиқиш учун ечиниш хонаси мавжуд.

Янги қароргоҳда иккита 108х66 ҳажмдаги футбол майдони битказилган. Бири табиий, яна бири гибрид усулида барпо қилинган. Бемалол ёшлар жамоалари у ерда ўзининг расмий ўйинларини ўтказади ва 1000 нафар томошабинга мўлжалланган трибуналар бор.

Бундан ташқари, 40х20 кўринишдаги пляж футболи учун ҳам майдон барпо этилмоқда.

Ошхона эса 150 кишига мўлжалланган. Яна уч қаватдан, 50 кишига мослашган меҳмонхона ҳам футбол базаси ичида яратилган.

Янги футбол базасида 50 та машинага мўлжалланган автотураргоҳ ҳам мавжуд. Бино ҳам ўзгача ёндашув асосийда қурилди ва унинг ичида алоҳида клуб музейи ҳам ташкил қилинди. У ердаги шароитлар чиндан ҳам ҳавас қиларли даражада.

Эътиборлиси, “Андижон” клубининг базаси қурилиши учун 31 млрд маблағ сарфланди.

Бир сўз билан айтганда, ФИФА ва ОФК талабларига тўлиқ жавоб берадиган Ўрта Осиёда ягона бўлган қароргоҳ барпо этилди.

  

Comments

You must be logged in to commet!