Андрей Канчельскис истеъфога чиқадими? Мураббий жавоб берди
Coca Cola Суперлига 17-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Насаф” (0:0) жамоалари ўйинидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Андрей Канчельскис иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
- Ўйин жанговар руҳда кечди. “Насаф” – ажойиб жамоа ва қаршиликлар бежизга турнир жадвалининг юқори қисмидан жой олмаган. “Насаф”га кейинги ўйинларда омад ёр бўлишини тилаймиз. Меҳмонларнинг беш ўйиндан иборат ғалабали сериясини тўхтатишга муваффақ бўлдик.
Йигитларга майдондаги жонкуярликлари учун раҳмат. Ҳужумларни якунлашда оқсаяпмиз. Ваҳоланки, машғулотлар бинойидек ўтмоқда, зарбалар йўллаш бўйича ишлаяпмиз. Аммо гол уролмаяпмиз, бир сафар дарвозабон халал берса, кейинги сафар бошқа нарса халақит қиляпти. Гувоҳи бўлдинглар, йигитлар бугун яхши ўйин намойиш этишди, айниқса 2-бўлимда.
Мухлисларга стадионга келиб, жамоамизни қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорлик билдираман. Бугун майдонда жамоамиз сардори Азимжон Аҳмедов етишмади. Албатта, у етакчимиз. Шунингдек, Хуршид Мухторовнинг ўйнамагани ҳам сезилди.
Энди “Бухоро” билан бўладиган кейинги ўйинга тайёрланамиз. Кейин терма жамоамизнинг йиғини туфайли юзага келадиган танаффусда муаммоли томонларимиз бўйича ишлаймиз. Айниқса, ҳужумларни якунлаш борасида. Пандемиягача ҳаммаси яхши эди, айнан пандемия ҳаммани синдирди, жумладан, мени ҳам.
Тактика бўйича саволлар беришдан олдин машғулотларимизга келиб кўринглар, ўйинларда 4-3-3 схемасини танлаяпмиз, бизда уч нафар ҳужумчи ўйнаяпти.
Истеъфога чиқишми? Яшасак, кўраверамиз. Футболчиларнинг гол ура олмаётганликларининг ўзига яраша сабаблари бор. Нима, мен натижа бўлишини хоҳламайманми? Пандемиягача ҳаммаси жойида эди, 3, 4-ўринларда юргандик, ўшанда ҳеч нима демагандинглар. Касалликка чалиниб чиққанимиздан кейин гап-сўзлар кўпайди. Жамоага босим уюштириш эмас, уни қўллаб-қувватлаш керак. Хавотир олманг, натижа бўлади. Мен ҳам гол уришимизни хоҳлайман, лекин шу голни урадиган ҳужумчи етишмаяпти. Футболчилар гол ура олмаса, ўзим майдонга тушиб ўйнай олмайман-ку! Жамоамизга омад етишмаяпти.
Рўзиқул Бердиев етакчиларни "Навбаҳор"га қарши ўйинда нега асосий таркибда туширмагани, бир неча ойдан бери маош йўқлиги, медаллар учун кимлар курашиши ҳақида гапирди
Сизларни ҳам тўғри тушунаман, тан оламан, натижа йўқ, тортишмоқчи эмасман. Лекин сизлар ҳам тўғри тушунинглар. Ана, Чемпионлар Лигасида “Ал-Ҳилол” мусобақани тарк этди, улар касаллик билан курашмоқда. Биз ҳам 4-5 ой футболдан четда юрдик, вирус юқтириб олдик. Бизнинг вирус юқтиришимиз энг ноқулай вақтга тўғри келди, Тошкентда марказлашган ўйинлар ўтказилаётган пайтда касалландик. Кейин футболчиларимизнинг кўпи руҳан синиб қолди.
Бизга вақт беринглар, ўзимизга келиб олгунимизча сабр қилинглар. Кейин эса Чемпионлар Лигаси йўлланмаси ҳақида гапирамиз.
Энди нима қилиш керак? Ишлаш, ишлаш ва яна ишлаш керак. Истеъфо ҳақидаги саволингизга жавобим ўша-ўша: яшасак, кўраверамиз! Амалдаги шартномам бор, буни сизлар билан эмас, раҳбарият билан гаплашаман, - деди Андрей Канчельскис.
Фикрлар