Андрей Микляев: Майдонда камчилик бўлиб қолганимизда ҳам футболчилар таслим бўлишмади

“Андижон” – “Локомотив” беллашувидан сўнг, меҳмонлар бош мураббийи Андрей Микляев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Биринчи навбатда айтишим мумкинки, мана шундай қийин ўйинда уч очкони қўлга киритганимиздан жуда хурсандмиз, - дея гап бошлади Микляев. - Майдонда ҳаттоки 10 нафар футболчи қолганимизда ҳам йигитлар жонбозлик кўрсатишди. Чунки ўзингиз ҳам яхши биласиз, “Андижон”га ҳам, “Локомотив”га ҳам ғалаба муҳим эди. Шу сабабли мана шундай учрашувда ютганимиздан мамнунман.

Хўш, яна нима дейишим мумкин? Албатта, биз ҳозир тикланиш жараёнидамиз. Жамоага киришиб кетаётган ёшлар бор. Уларнинг тўлиқ мослашиши учун эса вақт керак. Табиийки, бугунги ғалаба учун йигитларга раҳмат. Улар охиригача курашди. Майдонда камчилик бўлиб қолганимизда ҳам футболчилар таслим бўлмади ва жарима зарбасидан унумли фойдаланишди.

Мавсум бошидан бери сафимизни 9-10 нафар етакчи тарк этди. Кимдир хорижга, яна кимдир ўзимиздаги бошқа клубларга йўл олди. Кўриб турганингиздек, ҳозир “Локомотив” анча ёшарган. Ўз навбатида, биз ҳам кўпроқ ёшларга эътибор қаратяпмиз. Шундан сўнг савияни кўтармоқчимиз.

Вадим Афонин жароҳат олгани сабабли бизга ёрдам бера олмади. Унинг йўқлиги сезилди. Умуман олганда, жамоамизда 6 нафар ўйинчи жароҳатланган.

Мен яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, майдоннинг аҳволи талабга жавоб бермайдиган ҳолатда бўлгани учун биз барча кутган – ўзимиз ва ишқибозлар хоҳлаган ўйинни намойиш эта олмадик. Шуни очиқ айтишим мумкинки, бу ердаги майдон ҳозирги кунда энг ёмони. Бу майдонда ярим йил ўйналмаган бўлса ва майдон шундай аҳволда қолса...майсалар ўсиб кетган, тўп юмаламаяпти. Ҳаттоки, майсаси йўқ жойлар ҳам бор. Қум сепилган, кўрган бўлсангиз, чанг кўтариляпти. Бу ҳам ўйин сифатига таъсир ўтказди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!