Англияда юрганинг етади, Бразилияга қайт!
Лондоннинг “Арсенал” клуби сафида Англия Премьер-лигаси ғолиблигини қўлга киритган бразилиялик легионер Габриэл Жезус бутунлай ўз юртига қайтиб кетиши кутиляпти.
Nosso Palestra нашри маълумотига кўра, “Палмейрас” клуби форвардни ўз сафига қўшиб олишга қизиқмоқда ва у билан алоқани сақлаб турибди.
Бироқ футболчи “Арсенал”даги келажаги ноаниқ бўлишига қарамай, яна икки ёки уч йил Европа футболида қолиш ниятида эканини билдирган.
Жезусни трансфер қилиш вариантини “Атлетико Мадрид” ва “Милан” каби “кўҳна қитъа”нинг бошқа грандлари ҳам кўриб чиқмоқда.
Габриэл Жезус “Палмейрас” тарбияланувчиси ҳисобланади. Англиядаги фаолиятини “Манчестер Сити”да бошлаган. Лекин кейинчалик 2022 йилнинг ёзида 52 миллион евро эвазига “Арсенал”га кўчиб ўтган.
Унинг лондонликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг 30 июнигача амал қилади.
2025-2026 йилги мавсумда Жезус Лондон клуби сафида барча мусобақаларда 27 та ўйинда қатнашиб, 6 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.

Фикрлар