Анвар Бердиев

Эртага Фарғонадаги «Ҳоким Кубоги»нинг ғолиб ва совриндорлари аниқланади. Хусусан, «Нефтчи» «Қўқон-1912» жамоалари 3-ўрин соҳибини аниқласа, «Бунёдкор» - «Истиқлол» финал баҳсида майдонга чиқади. "Бунёдкор" клуби матбуот хизмати финал олдидан рақиб жамоа - «Истиқлол» устози Анвар Бердиевнинг фикрлари билан қизиқди.

- Финалда ўйнаш ҳар бир жамоага ўзгача кайфият беради. Очиғини айтганда, «Ҳоким кубоги»нинг стартидан аввал, ҳеч ким «Истиқлол»ни финалгача етиб келади, деб ўйламаган эди. Мусобақа давомида қилган меҳнатимиз самарали ўлароқ, финалга чиқдик. Финал битта ўйиндан иборат. Учрашув тақдири 90 дақиқада ҳал бўладиган беллашувдан олдин аниқ фикр билдириш мушкул. Тўп думалоқ, майдон текис, дейишадику! Ишонтириб айтадиганим шуки, эртага қизиқарли учрашувни кўрамиз.

«Бунёдкор»нинг кучини, даражасини ҳамма жуда яхши билади. Жамоа бежизга Суперлигада юқори ўринлар учун давогарлик қилмайди. Биз рақиб ким бўлишидан қатъий назар ўйинга тайёрмиз!

Биз мусобақадаги иштирокимиз орқали футболчиларни мавсумга тайёрлашни режалаштирганмиз. Қолаверса, ғолиблик руҳини сингдиришни ўйлаганмиз. Лекин ҳар қандай мусобақада натижа ҳам муҳим ҳисобланади. Ҳар доим ҳам финалда ўйнайвермайсиз.

Финалда пенальтилар серияси бўлишини хоҳлайманми? Назаримда бунинг аҳамияти йўқ. Тўғри, чорак ва ярим финалда ўйин тақдири пенальтилар серияси орқали ҳал бўлди, бироқ бу футбол! Асосийси, чиройли ва мухлисларга ёқадиган ҳамда натижа олиб берадиган ўйин намойиш қилиш.

Мусобақа бошланишидан аввал жамоани бир қатор футболчилар тарк этганди. Таркибга янги қўшилган ўйинчилар билан ҳар бир учрашувга катта иштиёқ билан тайёргарлик кўрдик ва майдонга тушдик. Юқорида таъкидлаганимдек, меҳнатларимизнинг самарали ўлароқ финалгача етиб келдик. Энди тўхтаб қолмоқчи эмасмиз!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар