
Анвар Бердиев: "Футболчи шижоат билан футбол ўйнамаса буни кечира олмайман"
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида “Шўртан” Муборакда “Машъал” билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Мазкур баҳсдан кейин “Шўртан” бош мураббийи Анвар Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.
- “Машъал” жамоаси бошида 10 киши қолиб кетди. Ҳужумга зўр бердик, бироқ гол ура олмадик. Бу бизнинг энг нозик жойимиз. Таркибдаги барча ҳужумчиларни майдонга туширдик ҳам, барибир ўзимиз хоҳлаган тўпни кирита олмадик. Бошқа ҳеч нарса дея олмайман.
- “Шўртан” ўйиннинг катта қисмида бир футболчи кўп бўлиб ўйнади. Лекин асосий муаммо ҳужумчилардами ёки...
- Кўряпсиз, бор ҳужумчиларга имкон бердик. Тўғрисини айтаман, кўп вазият ҳам ярата олмадик. Нозик жойимиз ҳужум бўлиб қоляпти. Буни машғулотларда ишлаш мумкин, лекин хоҳлаймизми-йўқми, ўйинда ҳамма нарса бошқача бўлади. Футболчиларни “настройи”га ҳам боғлиқ ва гол уришим керак, деган шижоати бўлиши лозим. Рости, буни ҳужумда ўйнаётган ўйинчиларимда кўрмаяпман.
- Сиз ўйнаган пайтда майдонни ҳар бир қарич ер учун курашадиган жахлдор футбол бор эди, бугунги футболда ўша каби шижоат йўқ...
- Саволингиз ўринли. Футболчиларни майдонга чиқишидан олдинги кўрсатмамда ҳам айтаман, майдонда ҳамма нарсани кечириш мумкин, футболчи хато қилиши, имкониятлардан фойдалана олмаслиги мумкин. Лекин футболчи шижоат билан футбол ўйнамаса буни кечира олмайман. Менимча, бу нарса футболчига қон билан кириб жон билан чиқса керак.
- Кубок баҳсларида “Шўртан” ва “Машъал” учун нисбатан қулайроқ жамоалар тушиб қолди. “Олимпик” кутилмаганда “Иштихон”га ютқазиб қўйди. Ушбу рақиблар билан ҳам яқиндан танишяпсизми ёки эндими?
- Бор эътиборимиз “Машъал”га қарши ўйинга қаратилганди. Энди “Олимпик”ни ҳам, “Иштихон”ни ҳам кўришга ва ўрганишга вақтимиз бўлади. Бу ўйинларда рақибларни Ғузордаги майдонимизда қабул қиламиз. У ерда менимча, анча енгилроқ бўлади. Уй ўйинларимизни ўз майдонимизда ўтказмаётганимиз барибир футболчиларга таъсир қиляпти. Бу учрашувдан сўнг таҳлил қиламиз. Чемпионатда яна “Машъал” билан ўйнаймиз.
- “Шўртан” янги мавсумга тайёргарлик кўришда етарлича йиғин ўтказдими? Яна шуни кўряпмизки, таркибдаги янги ўйинчилар билан эски футболчиларни киришиб кетиши бироз сустроқ давом этяпти. Бу ҳолат янги мавсум учун кўрилган машғулотларнинг етарли олиб борилмаганлигими ёки бу камчиликлар мураббийлар томонидан бартараф этиб бориляптими?
- Ўринли савол. Жамоада янги ўйинчилар кўп. Мослашиши учун барибир вақт керак. Раҳбариятга раҳмат, бизга Тошкентда йиғин ўтказишимиз учун шароит яратиб беришди. Биласиз, қишда Тошкентда яхши майдон топиш ҳам қийин эди. Шунга қарамасдан биз ҳаракат қилдик Футболчиларни бир-бирини тушуниши хоҳлаяпмиз. Барибир биз хоҳлаганимиз бошқа, мослашиш жараёни вақти-вақти билан жойига тушиши бошқа нарса. Олдимизга қўйилган вазифа бор. Ҳар бир учрашувга ғалаба учун майдонга тушамиз. Буни футболчиларимиз мураббийлардан кўпроқ хоҳлаши керак. Шу характерни футболчиларга сингдиришимиз лозим.
Фикрлар