Хусанов Месси ва Роналду билан бирга ЖЧ-2026 рамзий терма жамоасига кирди
Нуфузли статистик платформа Transfermarkt 2026 йилги жаҳон чемпионати давомида мухлислар қизиқиши бўйича якуний хулосаларни эълон қилди. Портал дунё бўйлаб фойдаланувчилар томонидан энг кўп кўрилган футболчи профиллари асосида рамзий жамоа тузди.
Планетанинг энг нуфузли мусобақаси доирасида энг кўп кузатилган ўн бир футболчи орасига Ўзбекистон терма жамоаси ва Англиянинг «Манчестер Сити» клуби марказий ҳимоячиси, 22 ёшли Абдукодир Хусанов ҳам кирди. У рамзий жамоада ҳимоя марказидан ўрин олган. Transfermarkt маълумотларига кўра, Хусановнинг бозор қиймати ҳозирда 50 миллион еврога баҳоланган.
Рамзий жамоанинг умумий трансфер қиймати 281 миллион еврони ташкил этди. Ҳимоя чизиғида Хусанов билан бир қаторда испаниялик Марк Кукурелья («Реал», 50 млн евро), нидерландиялик Натан Аке («Фенербахче», 12 млн евро) ва Кабо-Верде терма жамоаси аъзоси Лопес Кабрал («Трабзонспор», 4 млн евро) жой олди. Дарвозани эса яна бир Кабо-Верде вакили — тажрибали дарвозабон Возинья (50 минг евро) қўриқлайди.
Ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғи жаҳон футболи юлдузлари ва ёш истеъдодлардан шаклланди. Рамзий жамоага афсонавий ҳужумчилар Лионель Месси («Интер Майами», 15 млн евро) ва Криштиану Роналду («Ан-Наср», 10 млн евро), мисрлик вингер Муҳаммад Салох (22 млн евро), бельгиялик Леандро Троссард («Бешикташ», 18 млн евро), шунингдек, ўзини кўрсата олган ёш иқтидорлар — швейцариялик Йоан Манзамби («Астон Вилла», 50 млн евро) ва марокашлик Аюб Буадди («Лилль», 50 млн евро) киритилди.

Фикрлар