Ҳусанов келажаги учун курашни бошлади
Ўтган мавсумни Англия кубоги ва Англия лигаси кубоги совриндори сифатида якунлаган “Манчестер Сити”да янги давр бошланди. Энди жамоани сўнгги ўн йилда бошқарган Хосеп Гвардиола клубда эмас.
Испаниялик мураббий ўрнини унинг италиялик шогирди Энцо Мареска эгаллади. Бу мутахассис жамоани янги чўққиларга олиб чиқиши талаб этилади. Навбатдаги мавсумгача Мареска жамоанинг асосий ўзагини шакллантириши, футболчиларга ўз ўйин фалсафаси ва услубларини сингдириши, бошланғич таркибни танлаб олиши керак бўлади.
“Манчестер Сити” асосий таркибидаги футболчиларнинг аксарияти клубга қайтди ва Энцо Мареска қўл остида дастлабки машғулотини ўтказди. Энди ҳар бир ўйинчи янги мураббийлар штабига асосий таркибда ўйнашга қодирлигини исботлаши керак ва шу тариқа, ички рақобат ва кураш бошланди.
Айни пайтда “Манчестер Сити” футболчилари танаффусдан кейин жисмоний ҳолатларини яхшилаш, янги мураббий талабларига кўникиш ва мослашиш даврини бошдан ўтказмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида иштирок этган Абдуқодир Ҳусанов ҳам Манчестерга етиб борди ва Энцо Мареска бошчилигидаги илк машғулотда қатнашди.
Роппа-роса бир йил олдин ўзбек футболчиси мавсумга захира ўйинчиси сифатида киришган эди. Энди вазият ўзгарган. Ўтган чемпионат давомида Абдуқодир “шаҳарликлар” мудофаа чизиғида асосий фигуралардан бирига айланди.
Аммо бош мураббий ўзгарганидан кейин энди Ҳусановнинг зиммасида Энцо Марескага ҳам нималарга қодирлигини исботлаб, асосий таркибдаги жойини сақлаб қолиши, ундан муҳими, ўз позициясини янада мустаҳкамлаши шарт.
Янги мавсум олдидан “Манчестер Сити” келаётган синовларга пухта тайёргарлик кўриш режаси доирасида ёзги Осиё турнесини ўтказади. Унда жамоа Гонконг ва Сеул шаҳарларига ташриф буюради.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиални эрта тарк этгани учун Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”нинг мавсумолди йиғинида илк кунлардан қатнашиш имконига эга бўлди.
Мудиалда чорак финал ва ундан кейинги босқичларда иштирок этган футболчилар эса катта эҳтимол билан Гонконг ва Жанубий Кореяда ўтадиган мавсумолди турнесида қатнашмайди.
Бу турне доирасида “Манчестер Сити” футболчилари Италиянинг амалдаги чемпиони “Интер” клуби, K-лига юлдузлари терма жамоаси ва Мадриднинг “Атлетико” жамоаси билан ўртоқлик учрашувлари ўтказади.
Айниқса, 1 август куни Италия чемпиони “Интер”га қарши баҳс, клубдаги иқтидорли футболчиларни синовдан ўтказиш учун муҳим майдон вазифасини бажаради.
“Шаҳарликлар” учун янги мавсум расмий тарзда Жанубий Уэльсда мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Арсенал” билан бўладиган Англия Суперкубоги баҳси билан бошланади. Бу баҳс 16 августга белгиланган.
Тезкор! Премьер-лига клуби ўзбек футболчисига узоқ муддатли шартнома таклиф қилди
Ҳусанов жаҳон чемпионатида муҳим фигура бўлиб чиқди
Шомуродов ФИФАдан хушхабар кутяпти
Ўзбекистоннинг мундиалдаги иштироки қандай баҳоланди?
Шомуродов ўзини ҳақоратлаган фанатга қўнғироқ қилди
Месси ва Роналду, ана энди иккаланг ҳам Ҳусановга тан беринглар!
Ўзбекистонликларни Ҳусановнинг “Сити”даги келажаги қизиқтиряпти

Фикрлар