Анвар Бойназаров чемпионлик камари учун жанг қилади
Ажойиб жангчимиз Анвар Бойназаров 5 июль куни АҚШнинг Флорида штати Орландо шаҳрида "Glory 67" турнирида таиландлик айнан “Glory” томонидан “Оёқдаги энг кучли зарба эгаси” дея эътироф этилган, “Петч” номи билан машҳур Петчпаномрунг Киатмоокаога қарши, “Gloryworldseries”камари учун жанг олиб боради. Дарвоқеа, ҳамюртимиз ҳам “Planita” томонидан “Қўлдаги энг кучли ва энг яхши зарба сохиби”-дея эътироф этилган. Маълумки, ҳар икки промоушен жаҳон кикбоксинг оламидаги энг кучли ва бақувватлари ҳисобланади. Худди, ММА даги “UFC” ҳамда “Bellator”каби.
Биз Анвар билан бу жанг борасида қисқача сухбатда бўлдик.
- Анвар бу рақибингиз билан авваллари учрашганмисиз?
- Йўқ. Учрашмаганман. Лекин унинг салохияти юқори эканлигини бу спорт оламидагилар яхши билишади.
- Ҳозиргина, АҚШда фаолият олиб бораётган ММА вакили Заррух Адашев билан сухбатда бўлгандик. Унинг таъкидлашича мазкур жанга қизиқиш океан ортида ҳам жуда юқори экан. Демак, жанг Бутунжаҳон яккакураш олами эътиборида бўлади. Шундай экан, сиз бу жанга тайёрмисиз. Тайёргарликдан кўнглингиз тўлдими?
- Албатта. Барчаси кўнгилдагидек бўлди. Таиланднинг Пхукет шаҳрида жиддий ҳозирлик кўрдик. Дарҳақиқат, бутун кикбоксинг оламидаги энг катта жанглардан бири бўлади. Шунинг учун ҳам АҚШда бу жангни кутишаётганлиги бежизга эмас.
- Айтингчи, бўлажак рақибингиз “Петч”нинг жанг олиб бориш услуби яна бир машҳур сизнинг ашаддий рақибингиз Манасникига ўхшаш жиҳатлари борми. Одатда, таиландликларнинг барчаси муайтай тарбияланувчилари ҳисобланишади.
- Тўғри айтдингиз. Уларнинг кўп томонлари бир-бирига ўхшаб кетади. Шунинг учун ҳам менда ғалабамга бўлган ишонч юқори.
- Демак, спарринг рақиб танлашда оёқ билан яхши ишлай оладиганларга мурожаат қилибсизда, чунки қўлда ишлаш техникангиз беназир ҳисобланади?
- Албатта, рақибнинг кучли жиҳатини ўрганиб, унга хос спарринг рақиб танланади. Менга ёрдам берган рақибларни турли хил мамлакатлардан таклиф этдик. Лекин бу дегани фақат оёқ эмас. Умуман ғалаба учун керак бўлган барча омилларга эътибор қаратганман.
- Майли, вақтингиз тиғиз эканлиги учун шу саволлар билангина чекланаман. Лекин жангдан кейин, насиб қилса ғалабадан сўнг, батафсил интервью беришга сўз берасиз. Омад ёр бўлсин!
- Албатта. Насиб қилса, ғалаба қозониб, юртимизга ёруғ юз билан қайтаман. Халқимизнинг дуоси, қўллаб-қувватлаши эвазига юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қиламан ва шубҳасиз интервьюни биринчи бўлиб сизга бераман!
Аҳмадбек ЭШМАТОВ сухбатлашди.
Фикрлар