Анвар Ғофуров: Абрамов билан ўртамиздан «қора мушук» ўтган
Ads

Бу йил “Бунёдкор”нинг “кекса” футболчиси деб эътироф этилган Анвар Ғофуров жорий мавсумда асосий таркибда фаол тарзда кўриниш бергани йўқ. Кўп вақтида майдондан ташқарида ёки захирада ўтказишга мажбур бўлди. 36 ёшни қаршилаган ҳимоячининг “қалдирғочлар”даги сафари қариди деб ҳисоблаётганлар ҳам бор. Фурсатдан фойдаланган ҳолда футболчи билан бир қатор масалалар хусусида гаплашдик.

- Якунига етган мавсумда «Бунёдкор» бир қатор муаммоли вазиятларга тушиб қолди. Айтинг-чи, 2018 йилги чемпионат қандай ўтди деб ўйлайсиз?

- Ўзингиз айтганингиздек, қийинчиликлар ҳам бўлди, менимча бу ҳақида ҳамма билади. Лекин мавсум ўзига яраша қизиқарли ўтди. Янги ишлаб чиқилган регламент ҳам ўз ҳиссасини қўшган деб ўйлайман. Бу ҳолат эса кимгадир ёқди, кимгадир ёқмади. Ҳар қалай бу йил ўзига яраша чемпионат бўлди. Ўйлашимча, келаси йили янада қизиқарлироқ бўлади. Эшитиб турибман, деярли барча клублар жиддий равишда кучайишни бошлашяпти. Айниқса, юқори ўринлардаги клубларнинг мақсадлари катта ва шунга қараб трансферларни амалга оширишяпти. Лекин ҳаммасини бир текисда бўлди дейиш қийин. Масалан, пастки жамоаларга унчалик қизиқ бўлмади деб ўйлайман. Чунки улар минг уринган тақдирда ҳам 7-ўриндан юқорига кўтарила олишмасди. Шу маънода айтганда, улар учун чемпионатнинг қизиғи қолмагандек туюлди. Барибир ҳамма ўйинни ютган тақдиримизда ҳам максимал 7-ўринни оламиз, деган хаёллар уларни тарк этмаган. Тўғри, юқори ўринлардаги клубларда кураш бир мунча кескинроқ ўтди. Лекин бу Ўзбекистон чемпионати бўлганидан кейин унда ҳамма нарсани ўйлаш керак. Барибир футбол биринчи навбатда мухлислар учун. Аксарият ишқибозлар “Пахтакор”, “Локомотив”, “Бунёдкор” каби жамоаларни кўрамиз деб стадионларга келишади.

- Анвар Ғофуров учун мавсум қандай ўтди?

- Ўзим учунми? Афсуски, олган жароҳатим панд берди. Натижада айрим учрашувларни ўтказиб юборгандим. Даволанишлардан сўнг энди сафга қайтганимда яна ўша жароҳатим қайталаниб қолди.

- Демак, шу сабабли “Бунёдкор”нинг кўплаб учрашувларида кўриниш бермабсизда...

- Ҳа, лекин охирги 5-6 та тур қолганида соғайиб майдонга тушишга тайёр эдим. Бироқ таркибни аниқлаш мураббийларнинг иши ва уларга кимнинг қанчалик тайёрлиги яхшироқ кўринади деб ўйлайман. Одатда юраётган машинанинг ғилдираклари алмаштирилмайди. Балки шунинг учун бир текис ўйнаб келаётган таркибни ўзгартиришни истамагандир. Бу мураббийларнинг қарори. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам уларнинг қарорларини ҳурмат қилишимиз лозим. Чунки натижага биринчи навбатда мураббийлар жавоб беришади.

- «Бунёдкор»даги фаолиятингизни тугатдингизми?

- Ҳали билмадим. Нима бўлишини кўрамиз. Олдиндан бир нима дея олмайман. «Бунёдкор»даги ўзгаришлардан хабарингиз бўлса керак, Миржалол Қўшоқович ОКМКни қабул қилиб олди. Энди «Бунёдкор» қандай кўринишда бўлади, ким бошқаради, буларни билмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Агарда клуб футболчи сифатида мендан яна фойдаланмоқчи бўлса, буни кўриб чиқаман. Барибир ҳозирги пайтда олдиндан бирор нима деб бўлмайди.

- Чунки сиз бошқа клубларнинг таклифларини ҳам бир четга суриб қўя олмайсиз, тўғрими?

- 100 фоиз аниқ таклифлар бор деб айта олмайман, лекин йўқ эмас.

- Қосимовнинг “Бунёдкор”ни тарк этиб, ОКМКга бош мураббий бўлганини қандай қабул қилдингиз?

- Бу ўзининг қарори. Биз ҳаммамиз эса Миржалол Қўшоқовичнинг қарорини ҳурмат қилиб, тўғри қабул қилишимиз керак. Чунки ўзлари ҳам ҳаммасини тарозига солиб, ўйлаб кўрган бўлса керак. Балки ўзи учун ҳам ОКМКда ишлаш қизиқарлироқ туюлгандир.

- 36 ёшдасиз ва фаолиятингиз ҳам тугаб бораётганини ҳис қилиб тургандирсиз?

- Албатта, бу ёшда ўйнашнинг ўзи бўлмайди. Соғлигим кўтараверса ўйнашда давом этаман. Ҳаммаси ҳаракатга боғлиқ.

- Фаолиятингизда туб бурилиш ясаган мураббий ким?

- Гарчи “Бунёдкор”да кўп вақт ишламаган бўлса ҳам Луиз Сколари бўлса керак. Унинг кўп гапларини эслайман. Аммо ўша пайтларда мураббийнинг гапларига биз бошқа томондан қараган эканмиз. Мана, энди-энди Сколарининг биз учун айтганлари бежиз бўлмаган экан, деган фикрга боряпман. Сколари жаҳон юлдузлари билан ишлаган. Шунинг учун унинг қўл остидаги футболчилари Сколарининг яримта гапи орқали тушуниб олишади.

- Айнан нималар деганди?

- Гапирсак гап кўп. Барибир унинг сўзларини ҳар тарафлама ўйлайман. Кўпчилик Сколарини шунчаки келиб-кетди деб ўйлашади. Ҳамманинг ўз фикри бор. Лекин у бекордан-бекорга кучли жамоаларда ишлаб, юксак натижаларга эришмаган, шуни ҳам унутмаслик керак.

- Одатда Вадим Абрамов билан ишлаган аксарият футболчилар у ҳақида доим илиқ фикрларини айтишади. Аммо билишимча, сиз бундан мустасносиз-а?

- Бир-биримизни кўрганимизда салом-алик қиламиз. Аммо бир вақтлари Абрамов билан ўртамиздан «қора мушук» ўтган. Терма жамоада ишлаётган пайтида бир воқеа бўлганди ва шундан сўнг муносабатларимиз кескинлашган. Уни ёқтирмайман демайман-ку, барибир ўшандаги ҳолатни адашиб қилганми ёки адашиб эмасми, бунисини билмадим.

- Ҳар ҳолда Абрамов “Локомотив”га бош мураббий этиб тайинланганида сиз уни деб жамоадан кетгандингиз...

- Ҳа, тўғри.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
King of World
30/12/2018 15:12
Мушуклар ҳам бор бўлсинда.