Анвар Ғофуров: "Уларни ҳеч ким мажбуран кетказгани йўқ"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидаги сўнгги турда “Сурхон” “Яйпан”ни 1:2 ҳисобида мағлуб этишди ва гуруҳда “Пахтакор” бўлишига қарамасдан биринчи ўрин билан кейинги босқичга йўл олдилар.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Сурхон” бош мураббийи Анвар Ғофуров саволларга жавоб қайтарди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати маълум қилди.

- Ўйин ҳақидаги фикрларингиз?

- Учрашув қизиқарли ва муросасиз руҳда ўтди. Ҳамма нарса ўзига яраша бўлди об-ҳаво шароити ҳам, электр энергиясидаги кутилмаган узилишлар ҳам, ўйин осон кечмади. Рақиб жамоа сафида ёшроқ футболчилар майдонга тушди ва улар мураббийга ўз имкониятларини кўрсатиш учун астойдил ҳаракат қилишди. Бу эса баҳсга янада қизиқиш бағишлади. Майдонда футболчилар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишди. Гуруҳдаги вазиятга қарайдиган бўлсак, бугунги баҳсда дуранг натижа ҳам бизни кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин эди. Шунга қарамай, яратилган вазиятлардан янада унумли фойдаланишимиз керак эди. Футболнинг жозибаси ҳам шунда — айрим учрашувларда битта имконият тақдирни ҳал қилади, айрим пайтларда эса кўплаб вазиятлар яратилса-да, улардан фойдаланиш қийин бўлади. Ўйинга тайёргарлик кўриш осон эмас, чунки ҳар бир футболчининг ўзига хос психологияси ва ёндашуви бор. Кечаги Гулистон ва Бухоро жамоалари ўртасидаги учрашувда ҳам футболчиларнинг профессионал ёндашуви сезилиб турди. Бу эса чемпионат савияси ошиб бораётганидан далолат беради.

- “Сурхон” сафида чемпионат ва кубок ўйинларида ёш футболчилар майдонга тушмоқда. Уларнинг ўйинлари сизда қандай таассурот қолдирмоқда?

- Албатта, биз барча футболчиларга имконият беришга ҳаракат қиляпмиз. Улар берилган имкониятдан унумли фойдаланса, жамоа учун ҳам фойдали бўлади. Ротация нуқтаи назаридан ҳам бу муҳим. Ёшлардан катта умидворман. Уларнинг янада кучайиши учун вақт керак. Асосий таркиб футболчилари ҳам ҳали бундан-да яхшироқ ўйин кўрсатади, деб ўйлайман. Иккинчи даврада янада кучлироқ жамоа бўлиб қайтишга ҳаракат қиламиз.

- Дуранг натижа ҳам қониқтиришини айтдингиз ва захирадан Чинедуни майдонга туширдингиз. Айнан у майдонга тушгандан кейин ҳужумлар анча жонланди.

- Албатта, Чинеду сифатли футболчи ва жамоамиз учун муҳим ўйинчилардан бири. У асосий таркиб даражасидаги футболчи. Мен жамоадаги ҳар бир футболчига ишонаман. Бизнинг асосий вазифамиз — уларнинг салоҳиятини янада ошириш. Чинеду майдонга тушганидан кейин ҳужумларимиз анча жонланди. Бунга яна бир сабаб — Фарруҳнинг биринчи бўлимда бошидан жароҳат олгани бўлди. Танаффусда алмаштириш ҳақида ўйлагандик, аммо у ўзини яхши ҳис қилаётганини айтди. Шундан сўнг бироз вақт ўтиб ўзгаришни амалга оширдик.

- Жамоани тажрибали футболчилар тарк этгани ҳақида эшитдик. Бунга молиявий омиллар сабаб бўлдими?

- Бу алоҳида мавзу. Албатта, айрим молиявий масалалар бўлган, аммо раҳбарият уларни босқичма-босқич ҳал қилиб бормоқда. Бундай ҳолатлар фақат “Сурхон”да эмас, бошқа жамоаларда ҳам учраб туради. Футболчилар ўз қарорларини қабул қилишди. Ҳеч ким уларни мажбуран кетказгани йўқ. Уларнинг қарори ортидаги сабабларни ўзларидан сўраш тўғрироқ бўлади.

- Терма жамоага чақирилган ҳимоячи Беҳруз Каримов ҳақида фикрингиз қандай?

- Беҳруз миллий терма жамоада яхши рақобат юзага келтира олади, деб ўйлайман. Ҳозирги вазиятда Хожиакбар Алижоновнинг ўйин амалиёти кўпроқ бўлгани учун имконияти юқорироқ кўринмоқда. Беҳруз эса жароҳатдан кейин аста-секин оптимал формага кириб бормоқда. У профессионал футболчи ва тез орада ўзининг энг яхши спорт формасига қайтишига ишонаман. Миллий терма жамоада ҳимоя чизиғида рақобатни кучайтирадиган футболчилардан бири бўла олади. Ишонаманки, у яхши ўйинлари билан халқимизни хурсанд қилади.
Миллий терма жамоамизга омад тилайман. Мураббийлар штаби ва барча футболчиларни қўллаб-қувватлаймиз. Турли жамоалардан йиғилган бўлишса-да, бу — бизнинг Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган жамоа.

- Яқинда ёзги трансфер ойнаси очилади. “Сурхон” жамоасининг режалари қандай?

- Ўринбосарлар жамоасида ҳам иқтидорли футболчилар бор. Бизга ёрдам бера оладиган футболчиларни албатта кузатамиз ва имконият берамиз. Кейинги режалар кўп жиҳатдан молиявий масалаларга боғлиқ. Раҳбарият томонидан қўллаб-қувватлов бўлса, жамоани янада кучайтириш бўйича керакли ўзгаришларни амалга оширамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!