АПЛ клублари қандай йўллар билан бир йилда 1,5 миллиард евро даромад олади?!

АПЛ клубларининг даромадлари учга бўлинади. Телетрансляциялардан тушадиган пул, ўйин кунидаги даромад ва ҳомийлик шартномалари ортидан келадиган миллионлар. Эътироф этилган сўнгги соҳадан ташқари, трансферлар ортидан келадиган пуллар ҳам мавжуд бўлиб, баъзан улар клубнинг йиллик бюджетининг 50 фоизини қамраб олиши мумкин. Бугун Англия Премьер-лигаси клубларининг 2021/22 йилги мавсумдаги ҳомийлик шартномалари ҳақида тўлиқ маълумот берамиз. Тўғри, матн узун бўлиши мумкин, аммо ўзини ҳурмат қилган мухлис, албатта, уни охиригача ўқиб чиқади.

АПЛ клубларига ким ҳомийлик қилади?

Ҳомийлар сарфлаётган пулларнинг ҳажмидан келиб чиқиб бир неча категорияга бўлинади. Жамоанинг йиллик харажатларини 50 фоизини қоплайдиганлари бош ҳомий деб аталса, 25 фоизини "кўтарадиганлар" расмий ҳомий мақомини олади. Шунингдек, техник ва бартер эвазига ҳомийлик қиладиган компаниялар ҳам мавжуд.

Футболда барчаси бошқачароқ. Энг муҳими уларни фарқлай олиш. Жамоа либосларининг олди қисмида кўриниш берадиган бренд эгалари титул ҳомий саналса, либосларни етказиб берувчи компания техник ҳомий, деб аталади. Улардан ташқари, футбол либосининг ўнг ва чап енгида ҳам улар учун пул тўлайдиган компанияларнинг логотипини учратиш мумкин. Бундан ташқари, машғулот либослари учун ҳам алоҳида шартнома имзоланади.
АПЛ грандларининг асосий ҳомийлари ким эканлигини аниқлаш мушкул эмас. "Эмирейтс" - "Арсенал", "Этиҳад" - "Манчестер Сити" ва бошқалар. Келинг, қайси соҳа вакиллари футбол оламидаги энг кучли лига клубларига пул тикаётганига назар ташлаймиз.

Тотализатор – 9 клуб (45%);
Молия – 4 клуб (20%);
Автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар – 3 клуб (15%);
Авиакомпаниялар – 2 клуб (10%);
Технология – 1 клубдан (5%).

1 rasm

2021/22 йилги мавсумдаги рақамлар сизни алдаб қўймасин. "Observatoire du Sport Business" инглиз клублари учун ҳомийлик қилган секторларни ҳар 10 йилда бизнеснинг қайси қатлами эгаси эканлигини аниқлаб келган. Унга кўра, АПЛнинг илк мавсумларида электроникага ихтисослашган компаниялар лигадаги 33 фоиз жамоаларнинг либосларида ўз брендларини ёздирган. XXI аср бошида бу рақамлар 10 фоизгача қисқариб кетди. Бугунга келиб, бирорта компания бренди жерсиларни олд қисмидан ўрин эгалламаган. Шунингдек, мода ва ичимликлар савдоси ҳам инглиз клубларини талабини қондиришга қодир эмас.

Букмекерлик компанияларининг тобора лигаларни забт этаётганига кўп бўлмади. Сўнгги 10 йил ичида улар барча рақибларини ортда қолдириб, чемпионатдаги клубларнинг асосий титул ҳомийсига айланмоқда. Жорий мавсумдаги 45 фоиз жамоалар айнан шундай компаниялардан шартнома эвазига миллионларни қўлга киритмоқда.Дарвоқе, АПЛда бирйўла икки клуб либосида ўз бренди номи туширилган "Cazoo" интернет дўкони мавжуд. "Астон Вилла" ва "Эвертон" жамоалари автомашиналар сотувини онлайн олиб борадиган интернет дўкони томонидан молиялаштирилади.

АПЛ жамоаларига либосларни ким етказиб беради?

Лигадаги 20 жамоанинг 9 та компания билан техник шартномаси бор. "Puma", "Adidas" ва "Nike"дан ташқари, "Kappa", "Hummel", "Kelme", "Joma" ва

"Cactore" брендлари ҳам лигада ўз имкониятини намойиш этмоқда.
"Puma" – "Манчестер Сити" ва "Кристал Пэлас";
"Hummel" – "Эвертон" ва "Саутгемптон";
"Cactore" – "Ньюкасл" ва "Вулверхэмптон";
"Joma" – "Норвич";
"Kelme" – "Уотфорд";
"Kappa" – "Астон Вилла".

Экипировка масаласидаги энг қулай шартнома "Манчестер Юнайтед"га тегишли. "Adidas" "қизил иблислар"га йилига 75 миллион фунтни ўтказиб беради. Энг камтарин шартнома "Вулвз"ники. Улар "Kastore"дан либослари учун атиги 1 миллион фунт олади. Қолган ўртамиёна клублар эса, 1 дан 10 миллионгача бўлган пуллар эвазига экипировкани етказиб берувчи компаниялар билан шартнома имзолайди.

2 rasm

АПЛ клубларида ҳомийлар сони нечта? Улар ўз рекламаларини қаерга ўрнатишади?

Иккинчи саволнинг жавоби оддий. Исталган жойга! Барча клублар бу борада бемалол ўз сиёсатларини юритишлари мумкин. "Челси", "Лидс", "Лестер", "Ливерпуль", "Сити" сингари клублар машғулот либосининг олд қисмига ҳам ҳомийлар брендини жойлаштиради. Ҳатто, футболчилар майдонга чиқиб келадиган йўлакчанинг деворлари ҳам бизнесменлар учун ўз рекламасини ўрнатиш имкониятини тақдим этади. Ҳатто, клублар ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари учун ҳам алоҳида ҳомий жалб этиши мумкин.

Бундай имкониятлар сабабли Премьер-лига клублари бир вақтнинг ўзида бир нечта реклама шартномаларига эга чиқади. Ўртача АПЛнинг ҳар бир жамоасида 19 тадан шундай битим мавжуд. Жорий мавсумда бу борада мутлақ етакчи "Манчестер Сити" саналади. Ҳомийлик пакетлари сони нақд 50 (!)та. Энг яқин таъқибчи "Вест Хэм"да эса, 14 та камроқ. Аслида, "шаҳарликлар"нинг бу кўрсаткичи дунё футболида рекорд саналмайди. 2020/21 йилги мавсумда "Реал" Мадрид бирйўла 72 компания билан реклама борасида келишувга эришган.

Клублар ҳомийлик шартномаларидан неча пул ишлаб топади?

Аслида, барча жамоаларнинг йиллик даромадини алоҳида ҳисоблаб чиқиш имконсиз. Шунга қарамай, умумий пул миқдорини билиш мумкин. "Global Data"нинг ҳисоб-китобига қараганда, АПЛ клубларининг йиллик даромади 1,5 миллиард доллардан ортиқ. Бу сумманинг 81 фоизи эса, кучли олтиликка тўғри келади. Ўтган мавсумга қараганда, ҳозиргисида клубларнинг даромади 6,9 фоизга ўсган. Бундан чиқди, пандемия билан боғлиқ муаммо уларнинг ҳомийларига у қадар катта зарар келтирмаган.

4rasm

Барча катта битимлар АПЛнинг кучли олтилиги аъзолари ҳисоб рақамига келиб тушади. Техник ва бош ҳомийлар ажратган пуллар сизни ҳайрон қолдириши аниқ.

"Манчестер Сити" – 132,5 млн фунт, 67,5 млн фунт "Etihad Airways" ва 65 млн фунт "Puma";

МЮ – 122 млн фунт, 47 млн фунт "Team Viewer" ва 75 млн фунт "Adidas";

"Челси" – 105 млн фунт, 40 млн фунт "Three" ва 65 млн фунт "Nike";

"Арсенал" – 100 млн фунт, 40 млн фунт "Emirates" ва 60 млн фунт "Adidas";

"Ливерпуль" – 70 млн фунт, 40 млн фунт "Standard Chartered" ва 30 млн фунт "Nike";

"Тоттенхэм" – 70 млн фунт, 40 млн фунт AIA ва 30 млн "Nike".

Букмекерлик идоралари ёпилса...

Бир қарашда, букмекерларнинг АПЛдаги кучи кўзга ташланмаслиги мумкин, аммо 20 жамоанинг 19 таси улар билан келишувга эга. Шунчаки, барчасини клуб либосларида учратмаймиз.

3rasm

Муаммо шунда-ки, Англия ҳукумати букмекерлик компаниялари спорт вакилларидан узоқроқда бўлишини истамоқда. 2023/24 йилги мавсумга келиб, раҳбарият онлайн қиморнинг барча турлари борасидаги қонунларни қайта кўриб чиқиш ҳақида бош қотирмоқда. Шунингдек, трансляциялар чоғида тотализаторга оид бирорта реклама ролиги эфирга қўйилмаслиги мумкин.

Тўғри, кучли клублар бу қоидадан катта зарар кўрмаслиги мумкин, аммо элитадаги ўртамиёналарчи? "Daily Mail" берган маълумотларга суянадиган бўлсак, "Брентфорд", "Бёрнли", "Кристал Пэлас", "Лидс", "Ньюкасл", "Саутгемптон", "Уотфорд", "Вест Хэм" ва "Вулверхэмптон" ўз даромадининг жуда катта қисмидан айрилади.

АПЛ раҳбарлари вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида бошқа йўналишдаги бизнесменларни ўзига жалб этади, аммо улар букмекерлар сингари миллионларни беришга қодир эмас. Бошқалардан фарқли ўлароқ, "Ньюкасл" ўз муаммосини анча эрта ҳал этиб қўйди. Қолган грандлар эса, яқин йиллар ичида анча мураккаб аҳволга тушиб қолиши тайин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!