АПЛ. Сон Хён Мин "Тоттенхэм"га ғалаба келтирди

"Вилла Парк" стадионида кечган учрашувда меҳмонлар сўнгги дақиқада киритилган гол эвазига 3:2 ҳисобида зафар қучишди. 9-дақиқада Тоби Алдервейрелд кутилмаганда ўз дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди. Аммо орадан 15 дақиқа ўтиб унинг ўзи мувозанатни тиклашга эришди.

Биринчи бўлим сўнггида ВАР мезбонлар дарвозасига пенальти белгилади. 11 метрли жарима зарбасини Сон Хён Мин амалга оширди ва тўпни дарвозабон қайтарди. Қайтган тўпга эса кореялик футболчининг ўзи биринчи бўлиб етиб келиб, бугунги баҳсда жамоасининг иккинчи, ўзининг эса АПЛдаги 50-голини киритди.

Бироқ "шпорлар"нинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. 53-дақиқада Бьорн Энгелс бурчак тўпидан сўнг боши билан Уго Льорис қўриқлаётган дарвозага тўпни жойлаб қўйди. Беллашув сўнггида эса яна ўша тиниб-тинчимас Сон "Астон Вилла" дарвозасини ишғол қилиб, жамоасига 3 очко келтирди.

Шу тариқа, лондонликлар ҳисобидаги очколар сони 40 тага етди ва  5-ўринга кўтарилиб олди. 25 очкоси бор бирмингемликлар эса жадвалнинг 17-поғонасидан жой олишган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!