АПЛда стандарт вазиятлар ҳал қилувчи омилга айланмоқда

Жорий мавсумда Англия Премьер-лигасида стандарт вазиятлардан фойдаланиш асосий тенденцияга айланди. Айниқса, "Арсенал" бу усулни ғалаба келтирувчи қурол сифатида самарали қўлламоқда.

Мавсум давомида киритилган 845 та голдан 230 таси (27 фоиз) айнан стандарт вазиятлардан урилган (пенальтилар ҳисобга олинмаган).

"Лидс" ва "Тоттенхэм" бу борада энг юқори кўрсаткичга эга — уларнинг голларининг 35 фоизи стандарт вазиятлар ҳиссасига тўғри келади.

"Арсенал" эса 61 та гол урган бўлиб, шулардан 21 таси (34 фоиз) стандарт вазиятлардан киритилган.

Шунингдек, жамоа ярим ҳимоячиси Деклан Райснинг жорий мавсумдаги 9 та голли узатмасидан 6 таси айнан стандарт ҳолатларда амалга ошган. Рис Жеймс ҳам 6 та ассист қайд этган бўлиб, уларнинг 5 таси стандарт вазиятлардан келиб чиққан.

Мутахассис Робинсоннинг фикрича, айнан шу жиҳат Англия терма жамоаси учун Жаҳон чемпионатида ҳал қилувчи устунликка айланиши мумкин. Унинг таъкидлашича, жамоадаги баланд бўйли ва кучли футболчилар — Дэн Бёрн, Xарри Магуайр, шунингдек ҳужумда Xарри Кейн ва Доминик Калверт-Льюин каби ўйинчилар ҳаводаги курашларда катта хавф туғдиради.

Робинсонга кўра, бош мураббий Томас Тухель амалий ва реалист мутахассис сифатида стандарт вазиятларнинг аҳамиятини яхши тушунади ва бу қуролдан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!