АПЛнинг айни пайтдаги энг яхши футболчилари кимлар?
Премьер-лиганинг айни пайтдаги энг яхши футболчилари кимлар? Бу саволга жавоб топиш учун Sky Sports'нинг футбол мухбирлари ва журналистлари ўз рейтингларини тузишди. Ҳар бир эксперт 40 нафар футболчини тартиблади ва якунда умумий ўртача натижа асосида ТОП-25 шакллантирилди.
Бу янгиланган рўйхат мавсум бошидаги рейтингдан етти ой ўтиб тузилди ва футболчиларнинг ҳозирги формаси асос қилиб олинди. Якуний натижага кўра "Манчестер Юнайтед" ярим ҳимоячиси Бруну Фернандеш айни пайтда Англияда тенгсиз деб топилди. Ушбу рўйхатдан АПЛ нинг 9 жамоаси, яъни "Ливерпуль", "Манчестер Юнайтед", "Манчестер Сити", "Арсенал", "Ноттингем Форест", "Астон Вилла", "Челси", "Бренфорд", ҳамда "Ньюкасл" жамоаларининг футболчилари жой олди.
Қуйида Sky Sports версиясига кўра шаклланган рўйхатни кўришингиз мумкин:
1) Бруну Фернандеш (“Манчестер Юнайтед”)
Жорий мавсумда супер ўйин кўрсатаётган португалиялик футболчи журналистларнинг фикрича Англияда энг зўри. АПЛнинг ассистентлар жадвалида яққол пешқадам. Унинг ҳисобида 16 та голли узатма мавжуд. Қизил иблисларнинг ўйинини марказда назорат қилувчи, креатив ва риск қилишдан қўрқмайди.
2) Деклан Райс (“Арсенал”)
“Арсенал”нинг пешқадамлигини таъминлаб бераётган футболчи. Унинг майдон марказида амалга оширадиган ҳаракатлари, узатмалари “тўпчилар”нинг асосий қуролига айланган
3) Габриэл Магалайш (“Арсенал”)
Шубҳасиз энг зўр марказий ҳимоячилардан бири. Қуруқ ўйин ўтказиш бўйича унга тенг келадиган ҳимоячи йўқ. Жамоаси учун муҳим голларни ҳам уриб бера оладиган лидер.
4) Эрлинг Холанд (“Манчестер Сити”)
Мавсумнинг 2-ярмида самарадорлигини йўқотган бўлишига қарамай, тўпурарлар пойгасида пешқадам. Вазиятидан максимал фойдалана олади. Жамоасининг ўзига ҳос етакчи.
5) Доминик Сзобослаи (“Ливерпуль”)
Агар Сзобослаи бўлмаганда “Ливерпуль” катта эҳтимол топ-10 таликнинг қуйи қисмида бўлар эди. Жамоасининг мотори, қийин вазиятлардан олиб чиқувчи етакчи. Ҳимояда ҳам, майдон марказида ҳам бирдай ўйнай олади. Жарима зарбаларининг жорий мавсумдаги энг яхши ижрочиси.
6) Антуан Семеньо (“Борнмут”/”Ман Сити”)
"Бормунт"дан "Сити" га ўтиб порлаб кетиши қийин деб қаралган эди, бироқ у ҳамма адашганини исботлади. “Шаҳарликлар” сафида ҳам муҳим очколарни олишда ўзининг катта ҳиссасини қўшмоқда.
7) Уильям Салиба (“Арсенал”)
Габриэл билан Салиба жуфтлиги ушбу мавсумда жуда ишончли. Салибада совуққонлик ва ҳотиржамлик мавжуд. Унинг ҳисобида ҳам голлар ва ассистлар бор.
8) Давид Рая (“Арсенал”)
Мавсум олтин қўлқопи учун асосий давогарлардан бири. Қуруқ ўйин бўйича у етакчи. Унга асосий рақобатчи Доннарумма эди, лекин Sky Sport журналистлари фикрича Рая бу қарама-қаршиликда ғолиб.
9) Жоао Педро (“Челси”)
“Челси”нинг шу йил амалга оширган энг яхши трансферларидан бири. Мареска даврида бироз қийналди, бироқ Росениор келгач ўзининг юқори даражасини кўрсатмоқда.
10) Морген Рожерс (“Астон Вилла”)
Унаи Эмерининг асосий қуроли, “Астон Вилла”нинг юқори жойларни эгаллаб туришида унинг ҳиссаси баланд. Жамоанинг “креатив машинаси”.
Ушбу рўйхатдан қуйидаги футболчилар жой олишди (11-25):
Юриан Тимбер (“Арсенал”);
Доннарумма (“Ман.Сити”);
Игор Тиаго (“Бренфорд”);
Букайо Сака (“Арсенал”);
Бруно Гимарайш (“Ньюкасл”);
Уго Экитике (“Ливерпуль”);
Мойсес Кайседу (“Челси”);
Рис Жеймс (“Челси”);
Мартин Зубименди (“Арсенал”);
Эллиот Андерсен (“Ноттингем Форест”);
Бернарду Силва (“Ман.Сити”);
Брайан Мбеумо (“Ман.Юнайтед”);
Марк Гехи (“Ман.Сити”);
Энцо Фернандес (“Челси”);
Каземиро (“Ман.Юнайтед”).
Ғофуров Асқарбек
Фикрлар