Арбелоа “Реал” юлдузи билан нега жанжаллашди?

“Реал” ҳимоячиси Рауль Асенсио жамоа бош мураббийи Альваро Арбелоа билан низога борган. Marca нашри журналистларининг таъкидлашича, айнан шу ҳолат футболчининг сўнгги ўйинларда майдонга тушмаслигига сабаб бўлган.

Арбелоа уни Чемпионлар лигасида “Манчестер Сити”га қарши ўйинда захирада қолдиришга қарор қилганида, Асенсио мураббийдан жуда қаттиқ хафа бўлган ва бу ҳақда Арбелоа билан гаплашган.

Арбелоа ҳимоячини “Эльче”га қарши ўйинда асосий таркибда майдонга туширишга қарор қилган, аммо ўйин куни Асенсио шифокор билан бирга мураббий ҳузурига кириб, унда енгил мушак жароҳати борлигини ва ўйнашга тайёр эмаслигини айтган. Бу ҳолат Арбелоани жуда ғазаблантирган.

Мураббий дам олиши керак бўлган Антонио Рюдигерга “Эльче”га қарши ўйнашга тўғри келишини айтган ва бу немис футболчисига ҳам  ёқмаган.

Арбелоа Асенсиони жамоадан узр сўрамагани учун уни “Эльче”, “Манчестер Сити” ва “Атлетико”га қарши ўйинлар учун таркибдан чиқариб ташлаган, гарчи у машғулотларда фаол иштирок этган бўлса ҳам.

Кейинчалик Асенсио Арбелоадан узр сўраган, аммо мураббий ундан бутун жамоа олдида ҳам узр сўрашини талаб қилган. Шу талаб бажарилмагунча, у таркибга қайтарилмаслиги айтилган.

Асенсио халқаро танаффусдан сўнг ниҳоят жамоадан узр сўраб, яна таркибга қайтган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!