Арбелоа Себальосни нега таркибга киритмаганини изоҳлади
Мадриднинг "Реал" жамоаси бош мураббийи Альваро Арбелоа ярим ҳимоячи Дани Себальоснинг "Бетис"га қарши сафар учрашуви (1:1) учун қайдномага киритилмагани сабабини тушунтирди.
Испаниялик футболчи сўнгги тўрт ўйинда захирада қолдирилган эди. Аввалроқ матбуотда Себальос мавсум якунланганидан кейин клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган.
Учрашувдан кейин журналистлар Арбелоадан Себальоснинг нега жамоа билан сафарга бормаганини сўрашди.
"Мен ҳар доим талабларга жавоб берадиган футболчиларни танлайман", — деди мураббий.
Футболчи билан боғлиқ қандайдир муаммо бор-йўқлиги ҳақидаги қўшимча саволга ҳам Арбелоа шу жавобни такрорлади:
"Мен ҳар доим талабларга жавоб берадиган футболчиларни танлайман".
Бу жавоб Арбелоанинг Себальос келажаги борасидаги муҳокамаларни янада кучайтирди.

Фикрлар