Аргентинадан эксклюзив. Тарихий медаль сари йўл
Ads

Ўсмирлар Олимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби Улуғбек Рашитов ва унинг мураббийи Павел Хан муваффақиятдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Эслатиб ўтамиз, таэквондочимиз Буэнос-Айресдаги Олимпиадада Ўзбекистон спорт делегациясига дастлабки медални қўшиб қўйди.

- Биринчи жангимни мўғулистонлик рақибга қарши ўтказиб, 44:3 ҳисобидаги ғалабага эришдим. Ярим финалда Жанубий Корея вакилини 21:10 ҳисобида мағлуб этдим. Финалда бироз омадим келмади ва россиялик таэквондочига 8:11 ҳисобида имкониятни бой бердим. Ярим йил олдин Тунисдаги мусобақада ушбу рақибимни 31:28 ҳисобида мағлуб эта олгандим.

Умуман, жанг давомида рақибимдан ёмон ҳаракат қилганим йўқ. Фақат, ўзимга бўлган ишонч камлик қилди. Финални ҳисобга олмаганда мўғулистонлик спортчига қарши жанг қийин кечди. Аммо, мураббийим билан биргаликда унга қарши тўғри тактика танлай олдик.

Ўсмирлар Олимпия ўйинларидан таассуротларим бир олам. Ёш таэквондочилар бунгача ушбу ўйинларда медаль қўлга киритмаган эдилар. Шу сабабли ҳам бу натижа мен учун тарихий аҳамиятга эга. Бундан фаҳрланаман. Барчага раҳмат, айниқса мураббийимга миннатдорчилик билдираман, – деди Улуғбек.

Павел Хан: «Йирик мусобақада совриндор бўлиш учун ватанпарварлик талаб этилади»

«Улуғбек 10 йилдан буён таэквондо билан шуғулланади. Биз ўсмирлар Олимпиадасига қаттиқ тайёргарлик кўргандик. Бу жараёнида Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясида бизни қўллаб-қувватлади. Фурсатдан фойдаланиб, уларга миннатдорчилик билдираман.

Тайёргарлик ҳақида гапирадиган бўлсам, вазн ташлаш лозим бўлгани учун бу бизга осон кечмади.

Улуғбек ўйинларга лицензияни 7 ой аввал қўлга киритганди. Бу вақт ичида унинг бўйи 5 см га ўсди. Шу сабабли ҳам қийин бўлди. Бундай савиядаги мусобақаларда совриндор бўлиш учун қаттиқ меҳнат қилиш лозим. Мақсад сари олға интилиш ва албатта ватанпарвар бўлиш керак».

Рашитовнинг иштироки таҳлили

«Ҳар бир мусобақадан сўнг биз таҳлил қиламиз. Бу сафарги иштирок ҳақида гапирадиган бўлсам, унда рухий тайёргарлик бўйича камчиликлар кўзга ташланди. Улуғбек кўпроқ мусобақаларда иштирок этиб, ўзига бўлган ишончни ошириши лозим».

Минбар

Барча блоглар